Пойтахтимизда бўлиб ўтган “Бандлик ва ижтимоий ҳимояни уйғунлаштириш орқали Ўзбекистонда ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун юртимизга ташриф буюрган Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Бош директори Жильбер Унгбо бошчилигидаги делегация Самарқандга келди.
Самарқанд темирйўл вокзалида меҳмонларни вилоят ҳокимлиги масъуллари кутиб олди.
Делегация Самарқанд билан танишувни масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Samarkand Apparel” хорижий корхонасидан бошлади. Мазкур корхона тикувчилик ва трикотаж буюмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, 2013 йилдан буён фаолият юритади.
Меҳмонлар корхона фаолияти, жумладан, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, ходимлар учун яратилган шароитлар билан танишиб, ишчилар билан мулоқот қилди. Ташриф давомида делегация Самарқанд шаҳрининг “Девори кўндаланг” маҳалла фуқаролар йиғинига борди. Маҳалла еттилиги вакиллари билан учрашув жараёнида уларнинг вазифаси, маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизларга касб-ҳунар ўргатиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил маълумот берилди.
Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари маҳаллада ширинликлар тайёрлаш фаолияти билан шуғулланаётган “Aziza Bakery” масъулияти чекланган жамиятида бўлди. Бу ерда ўн беш нафар маҳалла ёшлари ва хотин-қизлар иш билан таъминланган.
– Ташрифимиз дастури билан танишганимда маҳаллани кўриб ҳайрон бўлгандим, – дейди жаноб Жильбер Унгбо. – Аммо маҳалла ва унинг ходимлари билан бевосита мулоқот қилиб, уларнинг фаолияти ҳақида тушунчага эга бўлгач, бундан жуда ҳам хурсанд бўлдим. Хоҳ ижтимоий, хоҳ иқтисодий муаммо бўлсин маҳалланинг ўзида ҳал этилиши ўрганса арзийдиган, кенг оммалаштириладиган тажриба, десам хато қилмайман. Аёллар ва ёшлар учун маҳаллада касб-ҳунар ўрганиш, меҳнат қилиш шароити яратилиши бугун ушбу қатлам билан боғлиқ кўплаб муаммоларга ечим бўлади. Бундан ташқари, маҳаллада миллий урф-одат ва анъаналар бардавомлигини сақлашга қаратилган эътибор ҳам диққатимизни тортди. Маҳалладаги муаммолар кексалар иштирокида маслаҳат билан ечилиши ҳам яхши тажриба. Умуман, кексаларга эҳтиром, ёшларга эътибор кўрсатиш борасидаги анъана менга жуда ёқди. Маҳалла нуронийлари билан бир дастурхон атрофида гурунглашиш, ўзбек миллий таоми паловни сузишда иштирок этиш бир умрга эсда қоларли воқеа бўлди. Хулосам шуки маҳалла фаолиятининг самарали ташкил этилиши, бандлик масаласининг тизимли равишда йўлга қўйилганлиги меҳнат муносабатларига тўлиқ мос келади.
Делегация аъзолари ташриф давомида Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларида бўлиб, юртимиз тарихи, маданияти билан яқиндан танишди.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 11.07.2024
- Кўришлар: 1482
- Чоп этиш