Зимбабведа эпидемия тарқалиб, одамлар вабодан вафот этаётгани сабабли Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятлари жиддий хавотир билдирмоқда, деб ёзди “Euro news”.
Шу муносабат билан пойтахт Харареда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. 150 дан зиёд инсон касалликдан вафот этган ва 50 ҳолатда ўлим сабаби лаборатория томонидан тасдиқланган. Ҳозирча жами 7000 дан кўпроқ кишида касаллик аломати мавжуд.
– Одамлар чиқиндихоналар ёнида қудуқ қазимоқда, айниқса сув йўқ шаҳарлар атрофида, – деди Хараре мэри Ян Маконе. – Бу ичимлик суви ифлосланганини англатади.
Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамияти вабо қўшни давлатларга ҳам тарқалиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Мамлакатда тажрибали мутахассис, дори-дармон ва асбоб-ускуна, шунингдек тоза сув етишмаслиги сабабли Зимбабве ҳукумати халқаро ҳамжамиятга ёрдам сўраб мурожаат қилган.
ЎзА
- Қўшилди: 21.11.2023
- Кўришлар: 379
- Чоп этиш