Хотин-қизларни камситишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида Конвенция (CEDAW) — 1979 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган халқаро шартнома ҳисобланади. Мазкур Конвенция аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро қонун сифатида таърифланган бўлиб, 1981-йил 3-сентябрда тузилган ва 189 давлат томонидан ратификатсия қилинган.
Хотин-қизларни камситишларга барҳам бериш бўйича қўмита Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенциянинг амалга оширилишини назорат этиб бориш мақсадида Конвенциянинг 17-моддасига биноан таъсис этилган. Қўмита 23 экспертдан ташкил топади. Улар юксак аҳлоқий фазилатларга эга бўлган, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари соҳасида билим ва тажрибаси билан ажралиб турадиган номзоди Конвенция қатнашчиси бўлган давлатлар томонидан кўрсатиладиган шахслардан таркиб топган рўйхатдаги номзодлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан сайланади. Қўмита аъзолари тўрт йиллик муддатга сайланадилар ва давлатларининг вакиллари сифатида эмас, балки мустақил фаолият юритадилар. 1982-йилда ташкил этилганидан бошлаб Қўмита аъзолари, бир нафар аъзосини (Ф. Корнелли, Нидерландия) истисно қилмаса, бутунлай аёллардан ташкил топган. Улар турли касб вакилларидир (гендер масалари бўйича юристлар, муаллимлар, дипломатлар, экспертлар). Қўмита ўзининг мажлисларини йилда бир маротаба Женевада ёки Ню-Ёркда ўтказади. Ҳар йили ўз фаолияти тўғрисида ЭКОСОС орқали Бош Ассамблеяга маърузалар тақдим этади. Конвенциянинг 17-моддасига биноан, Қўмитанинг асосий вазифаси Конвенция қоидалари бажарилиши юзасидан аъзо-давлатларнинг қонунчилик, суд, маъмурий ёки бошқа чоралар тўғрисидаги маърузаларини кўриб чиқишдир.
Хотин-қизларни камситишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида Конвенция Ўзбекистон Республикаси томонидан 1995-йилда 18-августда ратификатсия қилинган. https://lex.uz/docs/-2685528
Иштирокчи-давлатлар қуйидаги мажбуриятларни оладилар:
эркаклар билан аёллар ўртасидаги тенглик тамоийлини, агарда бу хозиргача қилинган бўлмаса, миллий Конституцияга ва бошқа тегишли қонунларга киритиш ҳамда қонун ва бошқа тегишли воситалар ёрдамида ушбу тамойилни амалиётга жорий этишни таъминлаш;
хотин-қизларнинг ҳар қандай камситилишини таъқиқловчи тегишли қонунчилик ва бошқа чораларни кўриш, зарур бўлганда санксияларни қўллаш;
эркаклар билан тенглик асосида аёлларнинг ҳуқуқлари юридик жиҳатдан ҳимояланишни ўрнатиш, ваколатли миллий судлар ва давлат муассасаларининг ёрдамида хотин-қизларнинг ҳар қандай камситилишига қарши уларнинг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш;
хотин-қизларнинг камситадиган бирон-бир хатти-ҳаракатларни амалга оширишдан тийилиш, давлат органлари ва муассасалари ушбу мажбуриятга мувофиқ фаолият кўрсатишларига кафолат бериш;
бирон-бир шахс, ташкилот ёки корхона томонидан хотин-қизлар камситилишини бартараф этиш учун барча тегишли чораларни кўриш;
хотин-қизларни камситувчи мавжуд қонунлар, қарорлар, урф-одатлар ва амалиётни ўзгартириш ёки бекор қилиш учун барча тегишли чораларни, шу жумладан қонунчилик чораларини кўриш;
хотин-қизларни камситишдан иборат бўлган ўзиниг жиноятчиликка оид қонунларининг барча моддаларини бекор қилиш.
Иштирокчи-давлатлар хотин-қизларнинг эркаклар билан тенглик асосида ва ҳеч қандай камситишсиз халқаро миқёсда ўз ҳукуматлари номидан вакиллик қилиш ва халқаро ташкилотлар ишида қатнашиш имкониятларини таъминлаш мақсадида барча тегишли чораларни кўрадилар.
Иштирокчи-давлатлар хотин-қизларга эркаклар билан бир хил фуқаролик ҳуқуқларини ва уларни амалга оширишнинг бир хил имкониятларини берадилар, жумладан, улар мулкни бошқариш ва шартномаларни тузиш вақтида хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқларини, шунингдек, трибунал ва суд муҳокамасининг барча босқичларида уларга нисбатан тенг муносабатни таъминлайдилар.
Сўнгги марта, 2022-йилда 15-16 феврал кунлари бўлиб ўтган БМТ Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитасининг 81-сессияда Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро Конвенциянинг бажарилиши юзасидан Олтинчи даврий маърузаси тақдим этилган. Шу асосда БМТ Қўмитаси Ўзбекистоннинг Олтинчи даврий маърузаси борасидаги Якуний мулоҳазаларини тақдим этди. Ўз мулоҳазаларида Қўмита Ўзбекистоннинг қонунчилик ислоҳотларини ўтказишда эришилган ижобий ўзгаришларни юқори баҳолади ва гендер тенгликка кўмаклашишга қаратилган саъй-харакатларни эътироф этди.
Ушбу тавсияларни амалга ошириш мақсадида мамлакатимизда Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш белгиланди. Миллий ҳаракатлар режаси, яъни “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш учун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан вазирлик, идора ва ташкилотларнинг вакилларидан иборат таркибда ишчи гуруҳ шакллантирилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ва халқаро ташкилотлар экспертлари таклифлари асосида Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ўз навбатида, 2022-йил 19-декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қўшма қарори билан “2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенция қоидаларини бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Олтинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича БМТ Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитасининг якуний тавсияларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси” тасдиқланди. https://lex.uz/docs/-6353677
Миллий ҳаракатлар режаси 24 йўналиш, 69 (41 кичик банд) банддан иборат бўлиб, шундан (2024 йил апрел ҳолатига) 36 та банди юзасидан ижро ишлари самарали якунланган. Миллий ҳаракатлар режасининг қолган бандларини бажариш юзасидан чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.