Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг директори
Саидов Акмал Холматович
Акмал Холматович Саидов – 1958 йилда Тошкент вилоятининг Зангиота қишлоғида туғилган. Миллати – ўзбек. Маълумоти – олий. 1981 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ҳуқуқшунослик факультетини имтиёзли диплом билан тамомлаган. 1981-1984 йилларда собиқ иттифоқ Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти аспирантурасида ўқиб, 1984 йили номзодлик диссертациясини ёқлаган. 1990 йилда – юридик фанлар доктори илмий даражасини, 1993 йилда халқаро ва қиёсий ҳуқуқ профессори илмий унвонини олган. 2017 йилдан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси.
1985-1992 йилларда Фалсафа ва ҳуқуқ институтининг катта илмий ходими, сектор мудири ва директори, 1986-1987 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Президиумининг Фалсафа, иқтисод ва юридик фанлар бўлими илмий котиби, 1989-1991 йилларда Ўзбекистон Ёшлар ташкилотлари қўмитаси раиси, 1992-1993 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жаҳон муаммолари институти директори, 1993-1994 йилларда Тошкент Давлат юридик институти ректори лавозимларида фаолият юритган.
А.Х.Саидов 1994-1996 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, шунингдек, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий вакили сифатида фаолият кўрсатган. Фавқулодда ва мухтор элчи мартабасига эга.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ, 1996 йил октябрь ойидан буён Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори лавозимида ишламоқда.
А.Х.Саидовнинг Парламентаризм соҳасида қарийб 30 йиллик амалий тажрибаси бор. Истиқлолнинг ўтган даврида 5 маротаба миллий парламент депутатлигига сайланган. 1999 йилдан бери парламентнинг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси ҳисобланади. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссиясининг раиси ҳамдир.
А.Х.Саидов 2019 йил 17 октябрда Белград шаҳрида (Сербия) бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 141-Ассамблеясида мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор 2020-2023 йиллар оралиғидаги муддатга ушбу ташкилот Ижроия қўмитасининг аъзоси этиб сайланди.
ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 2017 йил 10-11 июль кунлари Кот д’Ивуарда бўлиб ўтган 44-сессиясида ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси таркибига Осиё қитъасидан Ўзбекистон вакили сифатида аъзо бўлган. Бир йилдан сўнг ИҲТ Комиссиясининг раиси этиб сайланган.
“Ўзбекистон – Бельгия” депутатлар гуруҳи раиси, Ўзбекистон-Франция парламентлари дўстлик гуруҳи раҳбари ҳамда “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” парламентлараро ҳамкорлик бўйича қўмита аъзоси ҳисобланади.
А.Х.Саидов Конституциявий ҳуқуқ халқаро ассоциациясининг ҳақиқий аъзоси, Халқаро қиёсий ҳуқуқ академиясининг мухбир-аъзоси, Франция Қиёсий қонуншунослик жамиятининг хорижий аъзоси, Осиё ва Тинч океани минтақаси юристлари халқаро ассоциацияси ва Россия халқаро ҳуқуқ ассоциацияси аъзоси, Париж-1 Сорбонна Университетининг таклиф этилган профессоридир.
Қиёсий ҳуқуқшунослик, халқаро ҳуқуқ, конституциявий ҳуқуқ, инсон ҳуқуқлари, давлат ва ҳуқуқ назарияси ва тарихи бўйича 30 та дарслик ҳамда ўқув қўлланмалари, 300 дан ортиқ рисола ва илмий мақолалар муаллифидир. Асарлари АҚШ, Буюк Британия, Австрия, Германия, Франция, Польша, Бельгия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Япония ва бошқа давлатларда чоп этилган. У 100 дан ортиқ халқаро илмий анжуманларда қатнашган.
1998 йилда “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони, 2002 йилда – “Меҳнат шуҳрати”, 2006 йилда – “Дўстлик” ва 2017 йилда “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан тақдирланган.
Оилали. Икки нафар фарзанди бор.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тўғрисидаги низом”га мувофиқ Марказни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор бошқаради.
Марказ директори юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга:
Марказ ваколатларини амалга оширишда давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик қилиш;
инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, Конституциявий суди, Олий суди, Бош прокуратураси, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан ҳамкорлик қилиш;
инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича Олий Мажлис палаталари, Олий Мажлис қўмита ва комиссиялари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар ҳайъатлари, Олий суд Пленуми, Конституциявий суд, Бош прокуратура, Ўзбекистон Фанлар академияси Президиуми, илмий ва таълим муассасаларининг илмий кенгашлари йиғилишларида иштирок этиш;
инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш муаммолари бўйича давлат органлари, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ўтказадиган йиғилишлар, анжуманлар ва семинарларда иштирок этиш;
жазони ижро этиш муассасаларига, қамоқда сақлаш жойларига ва махсус қабулхоналарга монеликсиз кириш;
инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш, шунингдек, Марказ ваколатларига тааллуқли масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда таклифлар киритиш;
давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари, шу жумладан жазони ижро этиш муассасалари, илмий ва таълим муассасалари ҳамда бошқа тузилмаларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича фаолият амалиётини жойларда бевосита ўрганиш;
инсон ҳуқуқларининг бузилиши аниқланган ҳолатларда ваколатли давлат органлари томонидан инсон ҳуқуқлари бузилганлиги ҳақидаги маълумотлар текширувини уюштириш;
инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва такомиллаштириш мониторингини амалга ошириш, уларни такомиллаштириш ва амалиётга татбиқ этиш шакллари бўйича тавсиялар тақдим этиш;
манфаатдор ташкилотларга инсон ҳуқуқларига риоя этилишини, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари тикланишини таъминлаш бўйича тавсия бериш;
Марказ ваколатига тааллуқли масалалар бўйича халқаро майдонда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифода этиш;
Марказ ваколатига тааллуқли масалалар бўйича «давра суҳбатлари», конференция ва семинарлар ташкил қилиш ва ўтказиш;
халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари билан инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш билан боғлиқ масалалар бўйича ҳамкорликни амалга ошириш ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга.
