Бола ҳуқуқлари – ҳар бир бола (18 ёшга тўлмаган шахс бола ҳисобланади) ҳеч қандай чеклашларсиз эга бўлиши лозим бўлган ҳуқуқ ва эркинликлардир. Болалар ва ёшлар катталар билан бир хил инсон ҳуқуқларига эга ва бу барча томонидан тан олинади.
Бола ҳуқуқларининг таърифи мантиқан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларaциясининг асосий ғояларидан келиб чиқади. Унинг алоҳида моддаси болаларга бағишланган. Унда айтилишича, "Оналик ва болалик алоҳида ғамхўрлик ва ёрдам олиш ҳуқуқини беради". Шундай қилиб, декларatsiяда эълон қилинган барча эркинликларга болаларнинг тенг ҳуқуқлилигини тан олган ҳолда, халқаро ҳамжамият болаларга қўшимча ёрдам ва қўллаб-қувватлаш зарурлигини тан олади. Яъни, болалар ўзларининг махсус эҳтиёжлари, шунингдек эксплуатaция ва суиистеъмолликларга нисбатан заифлиги туфайли қўшимча ҳуқуқларга эга.
10 йил давомида (1979 йилдан 1989 йилгача) БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясида иштирок этган дунёнинг кўплаб мамлакатлари мутахассислари бола ҳуқуқлари тўғрисидаги янги ҳужжатнинг матнини ишлаб чиқдилар, унда боланинг жамиятдаги ҳаётининг барча жабҳалари максимал даражада ҳисобга олинади. 1989 йил 20 ноябрдаБирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинди. Шу билан барча мамлакатлар бутун дунё бўйлаб болалар олдида тарихий мажбурият олдилар. Бу тарихдаги энг кўп ратификatsiя қилинган инсон ҳуқуқлари бўйича шартномага айланди ва бутун дунё бўйлаб болалар ҳаётининг ўзгартиришга ёрдам берди. Ўзбекистон Республикаси ушбу Конвенцияга 1992 йил 9 декабрда қўшилган.
Ўзбекистон Республикаси 2008 йил 11 декабрда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга доир болалар савдоси, болалар фоҳишабозлиги ва болалар порнографиясига тааллуқли Факултатив протоколни, 2008 йил 12-декабрда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга доир, болаларнинг қуролли можароларда иштирокига тааллуқли Факултатив протоколни ратификatsiя қилган.
“Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция” қоидаларининг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг 1999 йилда дастлабки, 2005 йилда иккинчи даврий, 2010 йилда учинчи ва тўртинчи даврий, 2019 йилда бешинчи даврий ҳисоботлари БМТнинг бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига топширилган.
Конвенция барча болаларнинг асосий инсоний қадр-қимматини ва уларнинг фаровонлиги ҳамда ривожланишини таъминлашнинг долзарблигини тан олади. Конвенцияга кўра, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий принципи – болалар манфаатларининг устуворлигини тан олишдир.
Ҳар бир бола озиқ-овқат, бирламчи тиббий ёрдам ва расмий таълим, ўйин ва дам олиш каби асосий эҳтиёжларга эга бўлган ғамхўр, меҳрибон ҳамда етарли турмуш даражасига эга бўлган оилада ўсиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, ҳар бир бола эътиборсизлик ва зўравонликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XIV боби “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланган. Ҳусусан, Конституциянинг 78-моддасидан қуйидагича норма ўрин олган:
“Фарзандлар ота-онасининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир.
Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади”.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон болалар манфаатларига қаратилган давлат сиёсатини амалга оширар экан, “ҳеч бир бола эътибордан четда қолмайди” деган тамойилга амал қилмоқда.
Шунингдек, “Инсон қадри учун” ғояси ҳамда “ҳеч кимни орқада қолдирмаслик” тамойилига мувофиқ ўтказилган конституциявий ислоҳотлар доирасида мамлакатимиз Асосий қонунига боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш кафолатларини кучайтиришга қаратилган янги илғор нормалар киритилди, миллий қонунчилик бола ҳуқуқларига доир халқаро нормаларга тўла-тўкис мувофиқлаштирилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясида боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш бўйича кафолатлар кучайтирилди, бу борада давлатнинг мажбуриятлари кенгайтирилди.
Мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини таъминлашга доир 40 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар “Боланинг энг яхши манфаатлари” принципини ҳаётга жорий қилишга қаратилмоқда.
2021 йил 7 декабрдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга кўра, 13 ёшга тўлган шахсларнинг жиноий жавобгарликка тортилиши бекор қилинди. Жиноий жавобгарликка тортиш 14 ёшдан бошланиши белгиланди. Вояга етмаган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилишда педагог билан бир қаторда психолог ҳам қатнашиши белгиланди.
2023 йил 12 апрелда қонунчиликка ўзгартиришлар киритилиб, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари татбиқ этилмаслиги белгиланиб, бундай жиноятлар учун жазо чоралари янада оғирлаштирилди.