Жамоатчилик кенгаши мажлисининг 1-сонли баённомаси

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг мажлиси

1-сонли БАЁННОМАСИ

2025 йил 27 февраль                                                           Тошкент шаҳри

Раислик қилди: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов

Иштирок этдилар:

(онлайн ва офлайн) Жамоатчилик кенгаши аъзолари (рўйхат бўйича), давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, илмий доиралар, оммавий ахборот воситалари ҳамда фаол фуқаролик жамияти вакиллари, Миллиф марказ ходимлари.

 

КУН ТАРТИБИ:

  1. Жамоатчилик кенгаши таркиби ва низомини тасдиқлаш.
  2. Жамоатчилик кенгаши раиси ва котибини тасдиқлаш.
  3. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий марказининг 2024 йилдаги фаолияти сархисоби.
  4. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси 2020-2024 йил: ютуқлар ва истиқболлар.
  5. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача Миллий стратегиясининг лойихаси ҳақида.

 

Биринчи масала юзасидан сўзга чиққан А. Саидов Жамоатчилик кенгаши таркибини таништирди, шунингдек кенгаш ишини тартибга солувчи Низом лойиҳаси ҳақида маълумот берди. Жамоатчилик кенгаши давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат бўлиб, унинг асосий мақсади инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оммавий хабардорликни ошириш ва тегишли таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Мажлис иштирокчилари ушбу таркиб ва Низом юзасидан фикр-мулоҳазалар билдиришди. Улар Жамоатчилик кенгаши ваколатларини кенгайтириш, кенгаш аъзоларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги иштироки ва фаолиятини янада самарали йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдиришди. Уларнинг таклифлари инобатга олинган ҳолда, Жамоатчилик кенгаши таркиби ва Низомини тасдиқлаш масаласи овозга қўйилди ва бир овоздан тасдиқланди.

Иккинчи масала юзасидан А. Саидов Жамоатчилик кенгаши раиси ва котиблиги лавозимларига тавсия этилган номзодлар ҳақида маълумот берди. У мазкур лавозимларга номзодларнинг касбий тажрибаси ва малакаларига алоҳида урғу бериб, уларнинг Жамоатчилик кенгаши фаолиятида самарали иш олиб боришига ишонч билдирди.

Тақдим этилган номзодлар:

  • Кенгаш раислигига – Ўзбекистон Республикаси Нотариал Палатаси раиси Ашуров Дилшод Рустамович
  • Кенгаш котиблигига – Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори Юлдашева Гавхаржан

Мажлис давомида Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси Абдуллаев Комил Қадамович сўзга чиқиб, тақдим этилган номзодлар билан йиллар давомида самарали ҳамкорлик қилиб келинганини таъкидлади. Шунингдек, у номзодларнинг касбий маҳорати ва тажрибаси юқори эканлигини қайд этиб, уларнинг Жамоатчилик кенгаши фаолиятига қўшаётган ҳиссасига ижобий баҳо берди.

Шундан сўнг мажлис иштирокчилари номзодлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдириб, уларнинг мазкур лавозимларга муносиб эканлигини қайд этдилар. Натижада, таклиф этилган номзодлар бир овоздан тасдиқланди.

Учинчи масала юзасидан А. Саидов Марказнинг 2024 йилда амалга оширган ишлари ҳақида батафсил ахборот берди. 2024 йил давомида БМТ устав ва шартномавий органлари ҳамда бошқа халқаро механизмлар тавсияларини бажариш мақсадида 6 та Миллий ҳаракатлар режасининг ижроси мониторинг қилинганини қайд этилди. Шунингдек, йил якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий маркази Ахборот-ресурс маркази негизида “Инсон ҳуқуқлари уйи” ташкил этилгани, бу ерда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ва миллий меъёрий ҳужжатлар, илмий таҳлиллар, шарҳлар жамланган кутубхона ташкил этилгани, ушбу маскан ҳуқуқий билимни оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Мажлис иштирокчилари ушбу хисоботни маълумот учун қабул қилишди ва Марказ фаолиятини янада кенгайтиришга доир тавсияларини билдиришди.

Тўртинчи масала юзасидан А.Саидов мажлис иштирокчиларига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси (2020–2024 йиллар)ни амалга ошириш жараёни, эришилаётган ютуқлар ва келгуси вазифалар ҳақида кенг қамровли маълумот тақдим этди. Унда асосан мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва халқаро андозаларга мос ҳуқуқий базани ривожлантириш борасида кузатилаётган энг муҳим натижалар, шунингдек, соҳа ислоҳотларининг келгуси истиқболлари ҳақида сўз юритилди.

 

Хусусан, тарқатилган маълумотларга кўра, жаҳон тажрибасини ҳар томонлама ўрганган ҳолда ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш мақсадида, 2020 йил 22 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармон имзоланган. Мазкур фармон асосида Миллий стратегияни ҳаётга татбиқ этиш бўйича масъул идора сифатида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази белгиланган.

Миллий марказ томонидан Стратегия бажарилишининг ҳар бир босқичи тизимли мониторинг қилинади ва натижалар бўйича шакллантирилган таҳлилий маълумотлар ўз вақтида Олий Мажлис палаталари, Президент Администрatsiяси ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиб борилади. Бу, ўз навбатида, шу соҳада қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва амалий чора-тадбирларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Йиғилишда таъкидланишича, “йўл харитаси” деб номланган аниқ чора-тадбирлар режаси Стратегияни тўлақонли амалга оширишда муҳим восита сифатида эътироф этилган. Мазкур “йўл харитаси” доирасида 78 та вазифадан 69 таси (88%) тўлиқ бажарилган, 2 та вазифа (3%) назоратдан чиқарилган (яъни, белгиланган талабларга мувофиқ уддаланган), қолган 7 та вазифа (9%) бўйича ишлар босқичма-босқич давом этмоқда.

Шу билан бирга, 2020–2024 йилларда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган 58 та қонун, Президент томонидан имзоланган 57 та фармон ва қарор, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган 29 та қарор мамлакатимизда инсон ҳуқуқларининг тўлақонли таъминланиши йўлида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани қайд этилди. Бу ҳужжатлар замонавий халқаро мезонлар ва мамлакатимиздаги ислоҳотлар нигоҳи билан ишлаб чиқилган бўлиб, улар инсон ҳуқуқларини таъминлаш механизмини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа манфаатдор идоралар фаолиятини такомиллаштиришда муҳим ўрин тутади.

Йиғилиш якунида мажлис иштирокчилари томонидан Миллий стратегия доирасидаги ислоҳотларни давом эттириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва аҳоли ўртасида инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича илғор тажрибаларни жорий этиш лозимлиги алоҳида қайд этилди. Шу билан бирга, “йўл харитаси” да қолган вазифаларни бажариш жараёнини жадаллаштириш ва амалга оширилаётган чоралар сифати ҳамда самарадорлигини мунтазам назорат қилиб бориш муҳим эканлиги таъкидланди.

 

 

Бешинчи масала юзасидан А. Саидов мажлис иштирокчиларига Марказ томонидан тайёрланаётган “Инсон ҳуқуқлари бўйича ўзбекистон республикасининг 2030 йилгача миллий стратегиясининг лойихаси” юзасидан қисқача маълумот бериб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга доир давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-16-сон Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш йўналиши бўйича 2025 йилда ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхатининг 26-бандида инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича узоқ муддатли миллий стратегияни тасдиқлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича вазифа белгиланган.

Мазкур масала юзасидан мажлис иштирокчилари мухокамаларда қатнашишди.

Иштирокчилардан Ўзбекистон Ногиронлар ассоциatsiяси раиси Исаков Ойбек Юсуфбекович икки савол билан мурожаат қилди.

Биринчи савол. Илгари қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича стратегияда Тадбиркорлик кодекси ва ННТлар Кодекси ишлаб чиқилиши кутилган эди, бироқ ҳозирча қабул қилинмаган. Янги стратегияда ушбу кодекслар қабул қилиниши назарда тутиладими?

А. Саидов ушбу масала бўйича Янги стратегияда ҳам Тадбиркорлик кодекси, ҳам ННТлар Кодекси қабул қилиниши устувор вазифа сифатида киритилиши режалаштирилганлигини таъкидлади.

Иккинчи савол. БМТ шартномавий органлари тавсиялари асосида ҳар бир асосий 8 та конвенция бўйича алоҳида Миллий ҳаракатлар дастурлари ишлаб чиқилар эди. Янги стратегияда улар умумлаштирилиши режалаштирилмоқда, бироқ БМТ қўмиталарининг тавсиялари ҳар бир конвенция учун ҳар хил муддатларда берилади. Бундай шароитда тафсиялар бажарилишининг мониторинги қаерда акс этади?

А. Саидов бу лойиҳа ҳозирда муҳокамада эканлигини, ҳар бир соҳада экспертлар ва жамоатчилик кенгаши орқали фикр-мулоҳазалар қабул қилинаётганини қайд этди. Янги модель ва ягона механизм ишлаб чиқилгач, ҳар бир конвенция бўйича умумий стратегик ҳужжатдан ташқари, узлуксиз мониторинг олиб борувчи иловалар ёки мослашувчан дастурлар ҳам бўлиши мумкинлигини айтиб ўтди.

Йиғилиш давомида ҳар бир соҳада экспертлар иштирокини таъминлаш, ННТлар билан ҳамкорликда кенг муҳокамалар уюштириш, шунингдек ҳар бир йўналиш бўйича аниқ мақсад ва кўрсаткичлар белгилаш лозимлиги айтилди. Жамоатчилик кенгаши аъзолари ушбу лойиҳани такомиллаштириш жараёнида мунтазам қатнашиб, унинг сифатли тайёрлаш ва амалга оширишда ёрдам беришини маълум қилишди.

 

ҚАРОР ҚИЛИНДИ:

  1. Жамоатчилик кенгаши таркиби ва Низоми маъқуллансин ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорига тасдиқлаш учун киритилсин.
  2. Жамоатчилик кенгаши раиси сифатида Ашуров Дилшод Рустамович, котиб сифатида Юлдашева Гавхаржан тасдиқлансин.
  3. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 2024 йилдаги фаолияти юзасидан тақдим этган ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
  4. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси (2020-2024) доирасида қолган бандларни бажариш бўйича тегишли идоралар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш тавсия этилсин, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш чоралари кўрилсин.
  5. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача Миллий стратегиясининг лойихаси бўйича таклифлар Жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан жорий йилнинг 20 маритга қадар Марказга берилсин.
  6. Кенгашнинг 2024-2025 йиллар учун иш режаси тасдиқлансин.

 

Кенгаш раиси                                                             Д. Ашуров

 

 

 Кенгаш котиби                                                           Г. Юлдашева

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya: