Ўзбекистонда ҳар йили ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар муассасаларини қарийб 650 минг нафар ёш битиради. Уларнинг чорак қисми олий ўқув юртларига қабул қилинса, қолгани мустақил равишда, жумладан, хориждан иш қидира бошлайди. Ушбу талабни қондириш мақсадида республика иқтисодиётида йилига ўртача 300 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилмоқда.
Тадқиқотлардан маълум бўлишича, Ўзбекистондан бошқа давлатларга иш излаб чиқаётган мигрантларнинг 43 фоиздан ортиғини ўрта маълумотли, қарийб 29 фоизини тугалланмаган ўрта маълумотлилар ташкил қилади. Уларнинг аксарияти хорижда ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўла ҳимоя қила олмайди.
Соҳа вакилларининг сўзларига кўра, хорижга ишлаш учун кетиш истагидаги меҳнат мигрантларини тил ва касб-ҳунарга ўқитиш, хавфсизлиги ва кафолатланган иш билан бандлигини таъминлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилган. Аммо, аксарият мигрантлар Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хизматларидан фойдаланмайди. Чунки чиқиш тартибига кўра, меҳнат миграцияси учун чет элга кетаётган шахсларнинг мажбурий касбий тайёргарлиги тўғрисида сертификат талаб қилинади. Шу боис, кўпчилик фуқаролар хавфсизлигини ўйламай, Россия ёки Қозоғистонга боришни афзал кўради.
Мамлакатимизда жорий этилаётган хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими доирасида хорижга чиқиб кетаётган фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш, хорижда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, зарур ижтимоий ва ахборот-маслаҳат ёрдамини кўрсатиш, уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Lаbоr-migrаtiоn” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва уюшган ҳолда танлаш тартибида меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга хорижий тиллар ва (ёки) касб бўйича муваффақиятли топширилган малака имтиҳони харажатларини тўлаб бериш, хорижга кетиш учун йўл транспорт чиптасини харид қилишга компенсация тўлаш, меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистонда улар билан бирга истиқомат қилувчи пенсия ёшига етган ёки I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган оила аъзоларини касаба уюшмалари тизимидаги санаторий ва профилактик даволаниш муассасаларига юборишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига ҳар томонлама кўмаклашиш ҳамда хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ва таълим олаётган ўзбекистонлик ёшларни манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида “Хориждаги ёшлар баланси” ни шакллантириш ва улар тўғрисидаги зарур маълумотларни “Ёшлар портали” электрон платформасига киритиб бориш каби вазифалар белгилаб берилган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норовнинг таъкидлашича, жорий йил бошидан хорижда ишлаш истагида бўлган 13 минг 476 нафар фуқаро 30 га яқин турдаги касбга ва 2 минг 980 нафар фуқаро чет тилларига ўқишга жалб қилинган.
Швейцариянинг “GLOBOGATE” ташкилоти билан ҳамкорликда Ангрен ва Нукус шаҳарлари ҳамда Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт, Чилонзор туманларида, Германиянинг “NovaAgency” ташкилоти билан ҳамкорликда Бухоро шаҳрида, “Technoconsult” маркази билан ҳамкорликда Наманган, Фарғона, Андижон, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида, “CBZ Munchen” маркази билан ҳамкорликда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида немис тили курслари, Япониянинг “Nippon Educational Academy” компанияси билан ҳамкорликда “Ишга марҳамат” мономарказларида, “AOIKAI Yaponiya” маркази билан ҳамкорликда Сирдарё вилоятида япон тили курслари, Кореянинг “Қирол Сежонг” маркази билан ҳамкорликда ҳудудларда корейс тили курслари ташкил этилган.
Бугунги кунда хорижда ишлаётган меҳнат мигрантлари билан мулоқот ўрнатилган. Уларнинг муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ва ҳал қилиш бўйича янги тизим жорий этилган. Охирги икки йилда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 70 минг нафар фуқаро ривожланган давлатларга юборилган. Лекин айримлар малака талаб қилмайдиган ўлкаларга ўзлари ҳам мустақил равишда кетмоқда. Уларнинг меҳнат ва яшаш шароитлари, касби, даромади турлича.
Жорий йил бошида эса Англияда электромеханик, қассоблик ва қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга 7,5 минг иш ўрни аниқланган эди. Бугунги кунда яна тиббиёт йўналишида 10 мингта иш ўрнига талабнома олинди. Литва, Латвия, Польша, Болгария, Финляндия ва бошқа Европа давлатларига ҳам 27 мингдан ортиқ фуқароларни юк машина ҳайдовчилиги, ишлаб чиқариш, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига ишга юбориш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, бу йил илк маротаба Кореяга ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳасига 15,5 минг иш ўрнига квота олинди. Кореяда ойлик иш ҳақи ўртача 2,5 минг долларни ташкил қилади. Канада қурилиш соҳасида эса 5 мингта иш ўрнига буюртма берди, соатига 12 доллардан 30 долларгача маош тўламоқчи. 2023 йилда 38,4 минг нафар фуқаро хорижга ишга жойлаштирилган бўлса, 2024 йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 20,9 минг нафарни ташкил этди.
2024 йилнинг ўтган даври мобайнида Германия, Туркия, Беларусь, Латвия, Саудия Арабистони, Литва, Сербия, Хорватия, Буюк Британия каби дунёнинг иқтисодиёти ривожланган давлатлар иш берувчи ва рекрутинг агентликлари билан Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш бўйича 28 та шартнома имзоланишига эришилди. Шундай қилиб, жами келишувлар сони 295 тага етди. Шу билан бирга, Япониянинг “Prometric”, Германиянинг “ÖsD” билимни баҳолаш ташкилотлари ҳамда инглиз тили бўйича билимни баҳоловчи бир нечта тизим фаолияти йўлга қўйилди.
Эндиликда хорижда аниқланган иш ўринларида ишлаш истагида бўлган, лекин касбий малака ёки чет тилни билмайдиган фуқаролар аниқланади ва улар ўқишга жалб қилиниб, иш берувчи талабига мос равишда мақсадли тайёрланади. Бунинг учун 32 та мономарказ, 53 та касб-ҳунар ўқитиш ва 13 та қурилиш соҳаси малакали мутахассисларини тайёрлаш маркази, 10 та хорижий ташкилот билан ҳамкорликда республикада 48 та курс фаолияти йўлга қўйилган.
Германия, Жанубий Корея, Туркия, Литва, Буюк Британия, Канада, Польша, Латвия, Япония, Финляндия, Руминия каби давлатларда тиббиёт, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, юк автомобиль ҳайдовчиси, пайвандлаш, электрик, IT каби соҳалар бўйича 160 мингга яқин бўш иш ўринлари аниқланган. Ушбу бўш иш ўринлари бўйича немис, рус, инглиз, корейс, япон, турк ва бошқа тиллардан бирини биладиган ҳамда малакага эга номзодлар мурожаат қилиши мумкин.
Бундан буён мигрантларнинг ишчи виза, йўл чиптаси, хорижий тил ва касб бўйича малакани баҳолатиш харажатлари қисман қопланади. Чет тили бўйича халқаро ёки унга тенглаштирилган сертификат олган фуқарога эса тил ўрганиш учун сарфлаган харажатининг 50 фоизи қоплаб берилади. Эндиликда меҳнат миграциясидан қайтганларни ишга олган корхонага ҳар бир ходим учун бир йил давомида Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ойига 500 минг сўм субсидия бериладиган бўлди. Ушбу тадбирларга бу йил учун 100 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА
- Қўшилди: 14.05.2024
- Кўришлар: 1783
- Чоп этиш