Қадриятларнинг қадимий ва ишончли қўрғони
Ҳар биримизнинг ҳаётимиз, тақдиримиз, орзу-умидларимиз маҳалла билан боғлиқ. Ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб бу тузилмаси бетакрорлиги, миллий анъналарга асослангани билан аҳамиятлидир.
Бугун маҳаллаларнинг жамиятда кечаётган ўзгариш жараёнларидаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Наврўз тантаналарида халқимизга йўллаган табригида маҳаллалар фаолияти, уларнинг жамият ва одамлар ҳаётидаги ўрни, келгусидаги вазифалари хусусида батафсил тўхталди.
Кейинги йилларда маҳаллалар ривожи йўлида кенг имкониятлар сафарбар этилмоқда. Уларнинг моддий-техника базасини юксалтириш, янги, замонавий бинолар барпо этиш, маҳалла тизимида меҳнат қилаётган масъулларнинг касб малакасини ошириш ва рағбатлантириш, илғор иш тажримасини оммалаштириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маҳаллалар кесимида аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу мақсадда ҳудудларни секторларга бўлиб ишни ташкил этиш тизимининг жорий этилганлиги халқ билан манзилли мулоқотнинг йўлга қўйилишига имкон яратди. Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”дек ижтимоий лойиҳаларнинг амалиётга муваффақиятли қўлланилишида, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини манфаатларининг ҳимоялашда маҳаллалар муносиб ҳисса қўшмоқда.
Бугун маҳаллалар ишини янада яхши ташкил этиш учун янги ташаббуслар илгари сурилмоқда. Маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва унинг ҳудудий тузилмалари ташкил этилди. Ҳамма соҳа ва йўналишлар бўйича “маҳалла еттилиги” тизими самарали фаолият олиб бормоқда. Буларнинг бари аҳоли фаровонлигини ошириш, қамбағалликни қисқартириш, оламларни иш билан таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Айни пайтда ёшларнинг оилага бўлган масъулиятини кучайтириш, маънавий-ахлоқий тарбия масалаларидаги ишлар самарадорлигини ошириш, ажримлар олдини олиш, турли маросимлар, тўй-тадбирларни ортиқча ҳашамсиз, ихчам тарзда ўтказиш бўйича ҳали маҳаллаларда қилинадиган ишлар кўплигини замоннинг ўзи кўрсатмоқда.
22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан жойларда бўлиб ўтаётган тадбирларда бу борадаги долзарб вазифалар белгилаб олинмоқда. Фуқаролар йиғинларининг энг илғор, фаол, ташаббускор, изланувчан, одамлар кўнгилига йўл топа олаётган вакиллари рағбатлантирилмоқда. Бу борадаги ишлар юртимиз маҳаллалари фаолиятини янада ривожлантиришда янги имкониятларни очмоқда.
Назокат Усмонова, ЎзА
- Қўшилди: 25.03.2024
- Кўришлар: 2054
- Чоп этиш