Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2021-2022 ўқув йилидан умумтаълим мактабларида тажриба-синов тариқасида инклюзив таълим ва коррекцион синфлар фаолияти йўлга қўйилди.
Имконияти чекланган болаларнинг соғлом болалар қатори таълим-тарбия олишларини таъминлаш ҳамда уларга кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини яхшилаш мақсадига йўналтирилган мазкур қарор асосида дастлаб Бухоро вилояти Когон шаҳридаги 3-умумтаълим мактабида бошланғич таянч коррекцион синф ташкил қилинган эди.
Жорий ўқув йилида инклюзив таълим йўлга қўйилган мактаблар сони 25 тага етди. Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган 46 нафар ўқувчи мазкур таълим муассасаларида соғлом тенгдошлари қатори қатнаб ўқиш имкониятига эга бўлди.
Когон шаҳридаги 3-мактабда ташкил этилган 3 та таянч коррекцион синфларида эса ўқувчилар қамрови 24 нафарга етди. Айни пайтда бу ўқувчиларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.
– Олий тоифали бошланғич синф ўқитувчилари, тажрибали психологимиз ҳар бир ўқувчининг жисмоний ва ақлий имкониятлари, қизиқиш ва қобилиятларидан келиб чиқиб, гуруҳларда ва якка тартибда машғулотлар олиб бормоқда. Олиб бораётган саъй-ҳаракатлар натижасида, ўтган вақт мобайнида ўқувчиларимизда катта ижобий ўзгаришлар бўлди. Бундан ота-оналари ҳам бениҳоя хурсанд. Бугун улар соғлом синфдошлари қатори ўқишни, ёзишни яхшигина ўзлаштириб олишди. Дастлаб ўқувчиларда қўрқув, ҳаяжон, бегонасираш бўлди. Айни пайтда эса улар мактаб ҳаётига мослашиб, ўқувчилик масъулиятини ҳис эта бошлаган. Ҳеч иккиланмай айта оламанки, келажакда бу ўқувчилар жамиятда ўз ўринларини топади, – дейди Ромитан туманидаги 1-ИДУМ директори Шоҳиста Мусоева.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири
- Қўшилди: 17.09.2024
- Кўришлар: 782
- Чоп этиш