Амир Темур сиймоси халқаро экспертлар нигоҳида

Йирик давлат арбоби, буюк саркарда, кучли марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур ҳақида гап кетганда, энг аввало, у кўз олдимизда адолатли ва маьрифатли давлат раҳбари, мукаммал даражадаги ҳарбий салоҳиятга эга қўшинлар саркардаси ҳамда халқимиз тарихининг мангу машьаласи сиймоси сифатида намоён бўлади.

ЎзА халқаро майдонда ўз ўрнига эга турли соҳа мутахассислари фикри орқали Соҳибқирон Амир Темур сиймоси хусусида мулоҳаза юритишга қарор қилди.

Сергей Пахоменко,

Латвия университети доценти, тарихчи олим 

— Биласизми, кўпчилик тарихий манбааларда Амир Темур номи айниқса, Европа томонларда «Темурланг» деб баён этилган ва адолатли шоҳ сифатида эьтироф этилиб, қилган ишларидан минглаб мисоллар келтирилади. Ҳақиқатдан ҳам Амир Темур империясида қонун ҳар қандай вазиятда устун қўйилган ва инсон манфаатларига хизмат қилган. 

Шуни таькидлаб ўтиш лозимки, қадим-қадим замонлардан бери туркий халқларнинг ҳам оила, мол-мулк, мерос, давлат билан фуқаро ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштириб турувчи, жиноят ва жазо масалаларига тегишли қонун-қоидалари бўлган. Бу қонунлар йиллар мобайнида халқнинг миллий менталитети, урф-одатлари, ахлоқий қарашлари билан узвийликда ривожланиб, мукаммаллашиб борган. 

Улуснинг тақдири, раиятнинг туриш-турмуши кўп жиҳатдан марказий давлат аппаратининг қандай бўлиши, унинг вилоят, шаҳар, туман ва катта-кичик қишлоқлардаги идораларининг иш юритишига боғлиқ. Шунингдек, ушбу идораларда хизмат қилиб турган мансабдорларнинг насл-насабли, имон-инсофли, ишбилармон бўлишлари ҳам катта аҳамиятга эга ва бунга Амир Темур алоҳида эьтибор берган. Ўз атрофига садоқатли, ақл-фаросатли, сабр-матонатли кишиларни тўплаган ва уларга кўпроқ ишонган. 

Шунинг учун ҳам бу сиймо нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро ҳамжамиятда ҳам юксак эьтироф этилади. Ҳатто ЮНЕСКО раҳбарлигида кўпгина хорижий мамлакатларда Амир Темур таваллуд кунлари кенг нишонлаб келинади.

Умуман олганда, жасорат ва мардлик, адолат ва олийжаноблик билан дунёнинг ярмини эгаллаган шундай буюк саркардаси борлиги билан ўзбеклар ҳар қанча фахрланса арзийди.

Зейнеп Гуржанли,

“Nasil bir Ekonomi” нашри муҳаррири (Туркия)

— Жаҳонга машҳур саркарда Темур табиатан оғир, босиқ, теран фикрли, идрокли ҳамда ниҳоятда зийрак кишилардаги қобилият, фазилат, айниқса, юксак самимиятни тезда фаҳмлаб оладиган инсон бўлган. Енгилмас саркарда ўзининг илк ҳарбий фаолиятини қўл остидаги навкарлари билан айрим вилоят амирларига хизмат қилишдан бошлаган, уларнинг ўзаро курашларида қатнашиб, жасорат кўрсатган, жангларда чиниққан. Ўша пайтларда ҳарбий маҳорати ва олийҳимматлилиги шуҳратини ошириб, кейинчалик унинг донғи бутун дунёга ёйилган.

У Мовароуннаҳрда сиёсий вазият кескинлашган, унинг мустақиллигини таьминлаш зарурияти кўндаланг бўлиб турган тарихий шароитда сиёсий кураш майдонига кириб келади.

Маълумот тариқасида айтиб ўтсам: XIV асрнинг иккинчи ярмида дунёга икки буюк ҳукмдорнинг номи овоза бўлади. Биринчиси, Мовароуннаҳр заминидан мўғулларни қувиб, ўзининг жасурлиги ва закийлиги билан улкан салтанат барпо этган Соҳибқирон Амир Темур бўлса, иккинчиси Кичик Осиёдаги (ҳозирги Туркия) барча бекликларни ўзига бўйсундириб, Болқон ярим оролида жойлашган давлатларни бирин-кетин фатҳ этган, яшиндек тез қозонган ғалабалари билан Европа мамлакатларини зир титратган, Усмонийлар империяси султони Боязид Йилдирим эди. Лекин бу икки туркий қавм ҳукмдорлари ўртасидаги ўзаро келишмовчилик охир-оқибатда урушни келтириб чиқарган. Улар ўртасида кечган жанг тарихга “Анқара жанги” номи билан кирган бўлиб, бу воқеа 1402 йилнинг 20 июлида бошланган ва Темурнинг ғалабаси билан якунланган. 

Туркия Республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатурк Амир Темур ҳақида шундай ёзади: “Менимча, жаҳонда ўтган саркардаларнинг энг улуғи Амир Темурдир. У ҳеч қачон бирор урушни кўр-кўрона, фақат ҳарбий омадга ишониб бошламаган. У ҳар бир ҳарбий юришга жиддий, пухта, аниқ ҳисоб китоб асосида узоқ йиллар давомида ҳозирлик кўрган. Масалан у Анқара жангида Боязид устидан қозонган ғалабасига ақл билан эришди”.

Мустаҳкам интизом, ҳар бир жангчи томонидан ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш қоидаларига риоя қилиниши, дипломатик воситалардан усталик билан фойдаланиш каби омиллар рақиб устидан зафару ғалабани таъминлаган. Тан олиб айтиш керак, Амир Темур ўзининг бутун ҳукмронлиги даврида бирон марта ҳам мағлубиятга учрамаган. Бундай тақдир ҳар қандай қўлида қилич кўтарган баҳодирнинг қўлидан келавермайди.

Шри Лакшмажи Рао,

Ҳиндистон Маданий алоқалар консуллигининг Ҳайдаробод бўлими раҳбари

— Бир сафар Ўзбекистонга саёҳатга борганимда ўзбек тарихчи олимлари чоп этган ”Амир Темур ўгитлари” китоби қўлимга тушиб қолди. Унда Амир Темурнинг 188 та ўгити шарқона тарбия манбаи сифатида тақдим этилганди. Бу ўгитлар давлатни бошқариш, раҳбарни танлаш, ҳарбий қоидалар, фалсафий, ҳуқуқий, иқтисодий, психологик, педагогик, шахсни ўрганиш ва ҳар бир одамга бўлган муносабатлар, ёш авлодни тўғри тарбиялаш каби моҳиятларни ўз ичига олади. Амир Темур ўгитлари ниҳоятда мураккаб ва кўп қиррали манбаа бўлганлиги учун ҳам аҳамиятлидир. Мана олиб қаранг:

“Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатьий тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир”.

“Содиқ ва вафодор дўст улким, ўз дўстидан асло ранжимайди, дўстининг душманини ўз душмани деб билади. Агар керак бўлса ундан жонини ҳам аямайди”.

“Бир кунлик адолат – юз кунлик тоат-ибодатдан афзалдир”.

Юқоридаги ўгитларни таҳлил қилган ҳолда айтиш мумкинки, Амир Темур нафақат йирик сиёсатчи, юртпарвар, балки зийрак инсон бўлганлигини ҳам фаҳмлаш мумкин. Ўз халқининг куч-қудрати ва салоҳиятига бўлган улкан ишонч, уларни буюк бунёдкорлик ишлари йўлида бирлаштира олиш салоҳияти Амир Темурни буюклик чўққисига олиб чиқди.

Шуниси аниқ факт: Темурийлар сулоласи Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон ва Бангладеш ҳудудларида 300 йилдан ортиқ вақт давомида ҳукмронлик қилиб келди. 1526 йилда Амир Темурнинг эвараси Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистонда марказлашган бобурийлар давлатига асос солган. Дунёнинг етти мўъжизасидан бири дея эътироф этилувчи “Тож Маҳал” қасри ҳам насли Темурийлар авлодига бориб туташадиган Шоҳ Жаҳон томонидан қурдирилган.

Ишончим комилки, Соҳибқирон сиймоси ва Темурийлар салтанати инсоният тарихи учун бебаҳо хазина бўлиб қолади.

Муҳаммад Малик,

Османия университети тадқиқотчиси (Яман)

— Амир Темурнинг хислатларидан бири шу эдики, у бирор бир масалани ҳал этишдан олдин шу соҳанинг билимдон олимлари билан маслаҳатлашар, сўнг аниқ қарор қабул қилар эди. Унинг олимлар билан қиладиган маслаҳатлари ҳар хил даражада ва турли шаклларда бўлган. Одатда, Амир Темур тиббиёт, математика, астрономия, тарих фанлари вакиллари, адабиётшунослик илми намояндалари, биология ва дин соҳасидаги машҳур олимлар билан суҳбатлар ўтказган. Шунингдек, у риёзиёт, ҳандаса, меьморчилик, мусиқа каби соҳаларни ривожлантиришга катта эьтибор қаратган. Темур бадиий адабиётга, хусусан, шеьриятга қизиққан ва диққат бериб ундан баҳраманд бўлганлиги айтилади. Ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоийнинг ёзишича, Амир Темурнинг подшоҳлик давридан эьтиборан туркий адабиёт кенг тараққий эта бошлайди. Саркарда Темур Самарқандда, Бухорода, Кешда, Марвда, Ўтрорда кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Меьморчилик фанига асосланиб, шарқнинг архитектура ансамбли асосида маьмурий биноларни бунёд эттирган. Айниқса, у ободончилик ишларига алоҳида эьтибор қаратиб Самарқандда “Боғи Дилкушо”, “Боғи Чинор”, “Боғи Беҳишт”, “Боғи Баланд” “Давлатобод”, “Боғи Нав”, “Боғи Шамол”, “Боғи Жаҳоннамо”, “Боғи Майдон” каби чорбоғлар ва улардаги гўзал кўшкларни яратганки, бугунги кунда ҳам бу масканлар биз хорижликларни доимо ўзига мафтун этиб туради.

Ўткир АЛИМОВ тайёрлади, 

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech