Халқ қабулхоналари аҳолидан келиб тушаётган ҳар бир мурожаатни алоҳида назоратга олиб, ўз вақтида ва қонун доирасида кўриб чиқилишини таъминлаб келмоқда. Мурожаатларни кўриб чиқишда қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олиш мақсадида давлат органлари ва ташкилотларининг мурожаатлар билан ишлаш фаолияти тизимли равишда ўрганилмоқда.
“Гуруч курмаксиз” бўлмагани каби, давлат ташкилотларида ҳам аҳоли мурожаатларига эътиборсизлик билан қарайдиган мансабдор шахслар учраб туради. Бу эса аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиши билан бир қаторда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талаблари бузилишига олиб келади.
“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 27-моддасида мурожаат, агар унда қўйилган барча масалалар қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилган ва мурожаат қилувчига тегишли жавоб юборилган тақдирда, кўриб чиқилган ҳисобланиши, жавоблар мурожаатда кўрсатилган ҳар бир масала бўйича важларни инкор этувчи ёки тасдиқловчи аниқ асосларни (заруратга қараб қонунчилик ҳужжатлари нормаларига ҳаволалар қилинган ҳолда) ўз ичига олган бўлиши кераклиги қайд этилган.
Қонуннинг 28-моддасида ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши, текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, ташкилотнинг раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.
–Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг аҳоли муаммолари ва мурожаатлари билан ишлаш фаолияти доимий назоратга олинган бўлиб, жорий йилнинг 4 ойида ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра давлат органлари ва ташкилотларига 81 та тақдимнома ва 13 та таклиф киритилди, –дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонаси бош мутахассиси Маъмур Раҳмонқулов. –Киритилган ҳужжатлар асосида камчиликлар бартараф қилиниши билан бир қаторда, аҳоли мурожаатларига эътиборсизлик билан ёндашган давлат органлари ва ташкилотларининг 55 нафар ходим огоҳлантирилди. 27 нафар ходимига “ҳайфсан” ва 3 нафар ходими ойлик иш ҳақидан жарима интизомий жазо чоралари қўлланилди, 4 нафар ходими лавозимидан озод этилди ҳамда 5 нафар ходими МЖтКнинг 43-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди. Мисол келтирадиган бўлсак, бир ташкилотнинг мурожаатлар билан ишлаш фаолиятини жойига бориб ўрганганимизда фуқаро қишлоғининг йўлларини таъмирлаш ва электр энергиясидаги муаммоларни бартараф қилишда амалий ёрдам сўраб ўша ташкилот раҳбарига мурожаат қилган. Масъул ўринбосар томонидан йўлларни таъмирлаш масаласи ҳал қилинган бўлсада, электр энергияси билан боғлиқ муаммо умуман ўрганилмаган ёки тегишли ташкилотга юборилмаган. Натижада ушбу камчиликка йўл қўйган масъулга “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди. Ёки бошқа бир ташкилот ўрганилганда фуқаронинг мурожаатини 15 кунда ўрганмасдан, 37 кунда жавоб йўллаб, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 28-моддаси талабларини қўпол равишда бузганлиги сабабли ушбу камчиликка йўл қўйган масъул МЖтКнинг 43-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди.
Бу каби ҳолатлар аҳолининг ҳақли эътирозига, такрорий мурожаатларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда.
Барча давлат органлари ва ташкилотлари масъулларидан аҳоли мурожаатларини қонун талаблари асосида кўриб чиқишларини сўраб қолган ҳолда, мақсад кимнидир жавобгар қилиш эмас, балки аҳолининг розилигига эришиш эканлигини таъкидламоқчимиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири
- Қўшилди: 24.05.2024
- Кўришлар: 1438
- Чоп этиш