АҚШ Президенти Жо Байден ўтган ҳафта қамалдаги анклавга кўпроқ гуманитар ёрдам киришига имкон бериш учун Ғазо қирғоғи яқинида вақтинча порт қурилишини тасдиқлади. Бу қадам беш ой давомида вайрон бўлган ҳудудда очарчилик авж олган бир пайтда ташланмоқда.
Ёрдам агентликлари таъкидлашича, инқироз кўлами туфайли ҳаводан юбориладиган гуманитар ёрдам етарли бўлмаяпти. Қурилиши 60 кун давом этиши тахмин қилинаётган мажмуа Ғазодаги шошилинч ёрдам инқирозига самарали ечим бўлмаслиги мумкин, дейишмоқда сиёсий таҳлилчилар.
– Агар АҚШ ёрдам етказиб бериш масаласига жиддий ёндашганида, Исроилга қуруқликдаги ўтиш йўлларини очдириб, ёрдам беришга рухсат бериш учун босим ўтказган бўларди, – деди Араб тадқиқот ва сиёсатшунослик маркази эксперти Муҳаммад Ал-Масрий “Al Jazeera” телеканалига берган интервьюсида.
АҚШ ҳарбийлари марказий қўмондонлиги маълумотига кўра, иншоотдаги дастлабки қурилиш учун зарур жиҳозлар билан тўла ҳарбий кема аллақачон Ғазога жўнаб кетган.
Ҳисоб-китобга кўра, шу кунгача Ғазода 31 мингдан зиёд одам ҳалок бўлган, маҳаллий аҳоли вакиллари 70 фоизининг уйи вайрон бўлган ёки жиддий шикастланган.
Байденга бу ғоя нима учун керак?
Байденнинг Конгрессдаги мурожаатида айтилишича, озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва вақтинча бошпана кўринишидаги катта юкларни қабул қиладиган мазкур порт барпо этилишидан кўзланган мақсад ҳар куни Ғазога келаётган инсонпарварлик ёрдами миқдорини кўпайтиришга кўмаклашиш.
Исроил икки қуруқлик чегараси – Миср билан Рафоҳ ва Исроил билан Карим Абу Салим орқали озиқ-овқат, тиббий буюм ва бошқа буюмлар етказиб берилишига тўсқинлик қилгани учун камида 25 киши очлик ёки сувсизликдан ҳалок бўлди.
Ёрдам олиб кетаётган юк машиналари Ғазо жанубий четида жойлашган ҳудудларга бориши учун можаро зонаси орқали ҳаракатланиши керак.
Байден ноябрь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловида қайта сайланиш учун курашмоқда. Бинобарин, унинг навбатдаги ғояси бегуноҳ аҳолини ўлдириш, касалхона, турар-жой биноларини вайрон қилишда айбланаётган Исроилни тинимсиз қўллаб-қувватлаши ортидан кучайган ғазабни босишга уриниш сифатида баҳоланмоқда.
2023 йил 7 октябрдан бери Исроилни қўллаб келаётган АҚШ йиллик 3,8 миллиард долларлик ҳарбий ёрдамга қўшимча яна 14 миллиард доллар ажратмоқчи. Бу масала ўтган ой Конгрессда Сенатдан ўтди, аммо Вакиллар палатасида тасдиқланмай турибди.
Президентлик праймеризларида давом этаётган курашда баъзи демократлар Байденга овоз беришдан бош тортмоқда, бу эса собиқ Президент Дональд Трамп фойдасига ишлаяпти.
Ғазодаги сузувчи искала қандай ишлайди?
Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон ушбу лойиҳада иштирок этишини айтди, аммо мажмуани қуриш учун муайян вақт кераклигини ҳам қўшимча қилди.
Пентагон жума куни муваққат порт қуриш ишларига мингдан ортиқ америкалик аскар жалб қилиниши мумкинлигини тасдиқлади. Расмийлар таъкидлашича, Виржиния штатидаги “Langley-Eustis” қўшма базасида жойлашган 7-транспорт бригадаси “Joint Logistics Over The Shore” ускуналари ва сув кемаларини бирлаштира бошлайди. У катта Лего тизимида 12 метр пўлат бўлаклар мажмуаси билан бирлаштирилиб, искала ва йўлак ҳосил қилади.
Сузувчи порт тизими қўниш жойи турли таҳдиддан қандай ҳимояланиши ҳали номаълум. Бу борада Исроил билан музокара олиб бориляпти.
Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер фикрича, портга ХАМАС ҳужум қилиши хавфи бор, қурилиш якунлангач, ҳеч қандай АҚШ қўшини, вақтинча бўлса ҳам, Ғазога кирмайди.
Улар ўрнига иттифоқчи, пудратчи ва ёрдам агентликлари ходимлари фаолият кўрсатади.
Лойиҳа икки босқичдан иборат: ёрдамни қабул қила оладиган кўчма порт ва кейин ёрдамни 550 метрли сузувчи йўлга кўчириш.
Ишга тушгач, искала ҳар куни Ғазога 2 миллион ҳисса таом етказиб бериш имконини яратади, деди Райдер.
АҚШ сўнгги ҳафта тўрт марта ҳаводан ташкил этилган ёрдам пайти жами 124 минг кишилик озиқ-овқат етказиб берди. Ғазонинг Ремал тумани яқинидаги кичик порт 2007 йилдан бери денгиз қамали остида. Исроил 1967 йилдан бери Ғазонинг қирғоқ чизиғи ва ҳудудий сувини тўлиқ назорат қилишини даъво қилиб, бегона кемалар кириб боришига тўсқинлик қилиб келади.
Лойиҳа Ғазога ёрдам етказишни қанчалик енгиллаштиради?
– Ғазодаги умидсиз қолган одамларга ёрдам олиб келиш йўлидаги ҳар қандай саъй-ҳаракат мамнуният билан қабул қилинади, – деди Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Фаластинлик қочқинларга ёрдам ва ишлар агентлиги (UNRWA) ходими Жульетта Тоума “Al Jazeera” мухбири билан суҳбатда. – Ғазодаги Фаластин фуқаролари эҳтиёжини қондириш учун кунига камида 500 та юк машинаси зарур. Урушдан олдин Ғазога айнан шунча юк машинаси қатнаган. Февраль ойида анклавга кунига ўртача 90 та юк машинаси кирди. Ғазодаги бозорлар ёпилгани сабабли, анклавнинг жами аҳолиси ёрдамга муҳтожлигича қолмоқда. Ҳудудга кўпроқ гуманитар ёрдам келиши керак. Исроил юк машиналарининг анклавга муаммосиз киришини таъминлаш чорасини кўриш зарур.
Унинг айтишича, АҚШ томонидан Ғазо инқирозини юмшатиш учун энг самарали ёрдам йўли Исроил – Ғазо ўртасидаги ягона очиқ манзил – Карим Абу Салим ўтиш жойи иш вақтини ошириш учун Исроил ҳукуматига кўпроқ босим ўтказишдир.
Исроил чеклови туфайли Мисрдан кўмак тарзида ортилган юзлаб юк машиналари ҳаракатланишни кутиб турибди.
Халқаро қочоқлар гуманитар гуруҳининг пайшанба кунги ҳисоботида Исроил Ғазо секторида “гуманитар ёрдамга тўсқинлик қилгани ва очарчиликка яқин шароит яратгани” қайд этилган. Ғазодаги вазият “апокалиптик” дея баҳоланган.
Кампаниячилар айтишича, ёрдам кўрсатиш учун вақтни беҳуда сарф қилмаслик керак, чунки фаластинликларнинг кўпчилиги очарчилик туфайли анча ҳолдан тойган.
–Денгиз порти қуриш учун қанча вақт кетади? Одамлар ҳозир очликдан ўлмоқда, – деди “Ground Truth Solutions” халқаро нодавлат ташкилоти бош директори Мег Саттлер.
Ғазода ҳам исломий муқаддас Рамазон ойи бошланди
Фаластинликлар душанба куни мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойи учун рўза тутишни бошладилар. Бузилган бинолар вайронаси олдида намоз ўқилди.
Бинобарин, ўттиз мингдан кўп фаластинликнинг ўлимига сабаб бўлган ва Ғазонинг аксар қисмини вайронага айлантирган зиддиятдан сўнг байрам қилиш учун ҳеч нима қолмаган.
Якшанба куни жанубий Рафоҳ шаҳрида озиқ-овқат сотиб олаётган Сабоҳ Ал-Ҳиндий шундай дейди: Бу ерларда кўзларида қувончи бор одамни учратмайсиз, ҳар бир оила қайғули. Ҳар бир оиланинг шаҳиди бор.
Қўшма Штатлар, Қатар ва Миср гаровга олинган ўнлаб исроиллик ва фаластинлик асирлар озод этилиши, катта миқдордаги инсонпарварлик ёрдами киритилиши, қувончли байрам олдидан ўт очиш тўхтатилишидан умидвор эди. Афсуски, музокара натижа бермади.
ХАМАС келишув учун кафолат талаб қилмоқда. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху эса бу талабни рад этиб, “жангари гуруҳга устидан “тўлиқ ғалаба” ва Ғазода гаровга олинганларнинг ҳаммаси озод этилмагунча ҳужумни давом эттириш ваъдасини берди.
Шунингдек, “ХАМАСнинг тўртинчи рақамли етакчиси” йўқ қилингани ва ҳарбий ҳаракат яна давом этишини қўшимча қилди.
Нетаньяху январь ойида Байрутдаги портлашда ҳалок бўлган ХАМАС сиёсий раҳбари ўринбосари ва гуруҳнинг ҳарбий қаноти етакчиси Солиҳ Арурий ўлдирилишини назарда тутгандир, эҳтимол. Ўшанда портлаш ортида Исроил тургани кенг тарқалган эди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Исроил ва ХАМАСга оташкесинни тўхтатиш, барча гаровга олинганларни озод қилиш орқали Рамазон руҳини ҳурмат қилишга чақирди.
Исроил зарбасига жавобан, Ливан томонидан ракета учирилди
Исроил расмийлари Ливандан отилган ракеталар биринчи навбатда очиқ жойларга тушганини билдирган. Вайронагарчилик ва қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.
Кеча Исроил армияси чегарадан 70 км шимолда жойлашган Балбек шаҳри ва шу атрофга зарба бергани маълум қилинди.
Маҳаллий аҳоли айтишича, тўрт инсон ҳалок бўлган, олти киши жароҳатланган.
Исроил ҳарбийлари ҳужум Ҳизбуллоҳнинг ҳаво бўлинмасига қаратилганини таъкидламоқда.
Хайрия кемаси Кипрдан Ғазога жўнади
Озиқ-овқат ортилган “Open Arms” хайрия кемаси Кипрдан Ғазога йўл олди. Миссия очликдан азоб чекаётган аҳолига ёрдам бериш учун денгиз йўлини очишга қаратилган лойиҳанинг бир қисми бўлиб, АҚШнинг “World Central Kitchen (WCK)” нотижорат ташкилоти томонидан БАА молиявий кўмаги асосида уюштирилмоқда.
– Бир неча ҳафталик тайёргарликдан сўнг Кипрдаги жамоамиз жуда зарур ёрдамни етказадиган кемага қарийб 200 тонна юк ортди, – деди сешанба куни WCК ўз баёнотида.
Кемага гуруч, ун, ловия, гўшт консерваси каби маҳсулотлар ортилган.
Ўткир АЛИМОВ, ЎзА
- Қўшилди: 13.03.2024
- Кўришлар: 1969
- Чоп этиш