Бугунги кунда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолатни яхшилашни таъминлаш соҳасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Атроф-муҳит муҳофазаси ниҳоятда муҳим. Яшаш учун табиатни асрашимиз, табиий ресурсларни оқилона бошқаришимиз, улардан тежамкорлик билан фойдаланишимиз зарур. Шунингдек, бугунги кунда ер шаридаги кўплаб экотизимлар захираси деярли буткул тугаб, ортга қайтариб бўлмайдиган даражага юз тутган, боз устига аҳоли нуфуси ўсиб бораётган, иқтисодий тараққиётга эҳтиёж кун сайин ортаётган вазиятда атроф-муҳитни сақлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифа саналади.
Ушбу мақолада атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бағишланган ҳуқуқий асослар халқаро, минтақавий ва миллий стандартлар асосида кўриб чиқилди.
Атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг халқаро стандартлари
Атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилишда халқаро экологик ҳамкорлик жуда муҳим аҳамият касб этади, бунда - ер юзидаги барча мамлакатлар томонидан табиат муҳофазасига доир халқаро келишув -шартнома, конвенциялар тузиш, халқаро экологик меъёрларни ишлаб чиқиш ва уларга риоя этилишини ҳамкорликда назорат қилиш, умумсайёравий ва ҳудудий экологик муаммоларни биргаликда ҳал этиш, илмий тадқиқотлар ва турли халқаро анжуманлар ўтказиш каби кенг кўламли чора-тадбирлар комплекси тушунилади.
Атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилишда халқаро доирада қўйилган қадамлардан биринчиси 1913 йилда Бернда (Швецария) 18 та давлат иштирокида "Табиатни муҳофаза қилиш" бўйича халқаро конференция ўтказиш бўлди. 1923 йилда эса Парижда биринчи халқаро табиатни муҳофаза қилиш конгресси бўлиб ўтди. 1928-йилда Брюсселда (Белгия) "Табиатни ҳимоя қилиш халқаро бюроси" очилди. Ушбу халқаро тадбирлар доирасида Атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилишга эътибор бир мунча кучайди.
1945 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил этилиши муносабати билан атроф-муҳитни ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик ушбу халқаро ташкилот фаолиятининг муҳим таркибий қисми сифатида ривожлана бошлади. БМТ халқаро экологик ҳамкорликни янада тараққий эттириш йўлида кўп ишларни амалга оширди. Дастлаб 1948 йилда БМТ ташаббуси билан "Табиатни ҳимоя қилиш халқаро бюроси" "Табиатни муҳофазалаш халқаро иттифоқи"га айлантирилди. Ҳозирги кунга келиб ушбу иттифоқ фаолиятида дунёнинг 118 мамлакатидан 636 та давлат ва жамоат ташкилотлари иштирок этмоқда.
Шунингдек, бугунги кунда БМТнинг мавжуд 14 та ихтисослашган ташкилотидан 6 таси атроф-муҳит муҳофазасига алоқадор масалалар билан шуғулланади. Хусусан:
ЮНЕСКО - таълим, фан ва маданият масалалари билан шуғулланувчи ташкилот фаолиятининг асосий йўналишларидан бири атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида маориф ва кадрлар тайёрлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича ижобий тажрибаларни оммалаштириш, илмий тадқиқотлар ўтказишга қаратилган.
ФАО - озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича ташкилот. У ер, сув, ўсимлик ва ҳайвонлардан комплекс фойдаланиш, уларнинг унумдорлигини ошириш муаммолари билан шуғулланади.
ЖСТ - халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти. Атроф-муҳит муҳофазасининг санитар-гигиеник масалалари билан шуғулланади.
ХМТ - халқаро метеорологик ташкилот. Иқлимдаги умумсайёравий ўзгаришлар билан шуғулланади.
ДМТ - денгизлар бўйича давлатлараро маслаҳат ташкилоти. Бу ташкилот дунё денгиз ва океанларидан фойдаланишнинг экологик жиҳатлари билан шуғулланади.
Бундан ташқари БМТнинг ижтимоий ва иқтисодий масалалар билан шуғулланувчи кенгаши - ЭКОСОС фаолиятида ҳам атроф-муҳит муҳофазасига жиддий эътибор берилади.
Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича 1985 йилги Озон қатламини ҳимоя қилиш конвенцияси (Вена), 1987 йилги Озон қатламини емирувчи бирикмалар бўйича протокол (Монреал), 1989 йилги Хавфли чиқиндиларни чегаралараро ташишни назорат қилиш конвенцияси (Базел), 1992 йилги Биологик ранг-барангликни сақлаш конвенцияси (Рио-де-Жанейро), 1992 йилги Иқлим ўзгариши тўғрисидаги конвенция (Нью-Йорк) мавжуд.
Халқаро атроф-табиий муҳитни муҳофазалаш куни
1972 йилда Стокголмда (Швеция) 113 мамлакат, турли давлатлараро ва нодавлат ташкилотлар иштирокида БМТнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича конференцияси ўтказилди. Унинг натижалари асосида Атроф-муҳит тўғрисидаги декларация қабул қилинди.
Стокголм конференцияси қарорлари БМТнинг 32-Бош Ассамблеясида кўриб чиқилди ва улар асосида 11 та резолюция қабул қилинди. Бу резолюцияларда БМТнинг атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги тадбирларининг ташкилий, маъмурий ва ҳуқуқий асослари ёритиб берилди.
Атроф-муҳит муҳофазаси масалаларига дунё жамоатчилиги эътиборини янада кучайтириш мақсадида 1972 йили БМТнинг 1-жаҳон конгрессида ҳар йили 5 июнни "Халқаро табиатни муҳофазалаш куни" сифатида нишонлаш қарори эълон қилинди. Шу йили БМТ Бош Ассамблеясининг 27-сессиясида давлатлараро ҳамкорликнинг ташкилий ва молиявий тадбирларини белгиловчи "Ташқи муҳит бўйича БМТнинг иш дастури" (ЮНЕП) ва унинг Бошқарувчилар кенгаши таъсис этилди.
1982 йилда БМТ Умумжаҳон табиат хартиясини тасдиқлади. Уни инсоннинг табиатга муносабатини белгиловчи ўзига хос кодекси дейиш мумкин.
1985 йилда Венада (Австрия) БМТ раҳнамолигида Озон қатламини муҳофазалаш бўйича конвенция қабул қилинди. Ушбу Конвенциядан келиб чиқиб, дунёнинг бир қатор мамлакатлари озон қатламини емирувчи моддалар ишлаб чиқаришни тўлиқ тўхтатиш ёки қисқартириш бўйича ихтиёрий мажбуриятлар олди. Конвенцияда бундан ташқари озон қатламини муҳофазалашнинг турли жиҳатларига қаратилган илмий тадқиқотларни ривожлантриш ва амалга ошириш кўзда тутилган.
Шунингдек, БМТнинг 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги 17 та миллий мақсад ва вазифаларининг 13, 14, 15-мақсадлари бевосита атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги вазифалар ва йўналишларни белгилаб берган. Бунда:
13-мақсад: Иқлим ўзгаришига қарши кураш: иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига қарши кураш бўйича тезкор чораларни кўриш;
14-мақсад: Денгиз экотизимларини асраш: Барқарор тараққиёт йўлида океанлар, денгиз ва денгиз ресурсларини асраш ва улардан оқилона фойдаланиш;
15-мақсад: Ер экотизимларини асраш: ўрмонлардан оқилона фойдаланиш, қумланишга қарши кураш, ерларнинг таназзулга учраши жараёнини тўхтатиб, ерларни қайта тиклаш, биологик хилма-хилликнинг йўқолиб кетишини тўхтатиш кўзда тутилган.
Атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг миллий стандартлари
Атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари биринчи навбатда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ўз аксини топган. Конституциянинг 50, 54, 55 ва 100-моддаларида фуқароларинг ушбу соҳадаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, атроф-муҳитга муносабат ва бошқарув тизими бўғинларининг фаолияти белгиланган. Жумладан, 50-моддада "Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдир", дейилади. 100-моддада атроф-муҳитни муҳофаза қилиш маҳаллий ҳокимлик органлари вазифасига кириши таъкидланган.
Шунингдек, 1996 йил 27 декабрда Ўзбекистон Республикасининг "Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонуни қабул қилинган. Қонун 30 та моддадан иборат бўлиб, унда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, фуқароларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, стандартлар ва меъёрий ҳужжатлар, ҳаво муҳитига зарар етказганлик учун жавобгарлик каби моддалар мавжуд.
1994 йил 23 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг "Ер ости бойликлари тўғрисида"ги қонуни қабул қилинган. Қонун 10 та бўлим ва 51 та моддадан иборат.
1993 йил 6 майда Ўзбекистон Республикасининг "Сув ва сувлардан фойдаланиш тўғрисида"ги қонуни қабул қилинган.
1999 йил 14 апрелда Ўзбекистон Республикасининг "Ўрмон тўғрисида"ги қонуни қабул қилинган.
2000 йилда Ўзбекистон Республикасининг "Экологик экспертиза тўғрисида"ги қонуни қабул қилинган.
2001 йил 6 декабрда Ўзбекистон Республикасининг "Чиқиндилар тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган. Ушбу қонунда республика ҳудудида чиқиндилардан фойдаланиш, уларни қайта ишлаш, экспорт қилиш тартиби, бу борада корхона ва ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўз ифодасини топган. Шунингдек, иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 7- сессиясида Ўзбекистон ҳудудида Биологик ранг-барангликни сақлаш конвенцияси ҳам қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда ўзбекистон республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинган. Фармон доирасида Концепция эришилган натижалар, мақсадли кўрсаткичлар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича тегишли даврга мўлжалланган асосий йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан уч йил муддатга алоҳида-алоҳида тасдиқланадиган «йўл хариталари» асосида босқичма-босқич амалга оширилади.
Концепция кўрсатиб ўтилган даврда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилайди. Уларнинг амалга оширилиши эса келажак авлодларнинг манфаатлари йўлида давлатни барқарор ривожлантиришни таъминлаш имконини беради.
Концепциянинг мақсад ва вазифалари:
Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг ҳаёти ва саломатлик даражасини яхшилашнинг зарур шарти сифатида атроф-муҳитнинг қулай ҳолатини таъминлаш;
атроф муҳитга ва аҳолининг саломатлигига салбий таъсирни пасайтирувчи инновацион технологияларни жорий этиш ҳисобига барқарор иқтисодий ривожланиш;
атроф муҳит объектларидан оқилона фойдаланишни ва биологик ресурслар қайта тикланишини таъминлаш.
Қуйидагилар Концепциянинг вазифалари ҳисобланади:
атроф муҳит объектларини (ер, сув, атмосфера ҳавоси, ер қаъри, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси) сақлаш ва қўриқланишини таъминлаш;
қўриқланадиган табиий ҳудудларни кенгайтириш;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасида давлат назоратини, шунингдек, атроф муҳитнинг экологик мониторинги тизимини такомиллаштириш;
атроф муҳитни муҳофаза қилишни илмий жиҳатдан таъминлаш;
аҳолининг экологик маданиятини ошириш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат органлари фаолиятининг ошкоралик даражасини ошириш ва фуқаролик жамиятининг ролини кучайтириш;
атроф муҳитга минимал оғирлик туширадиган барқарор ривожланишни таъминловчи жамиятни шакллантириш;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда БМТнинг атроф-муҳит муаммолари билан шуғулланувчи 7 та миссияси фаолият кўрсатмоқда. Айниқса, Орол ва Орол бўйидаги экологик муаммолар Халқаро ташкилотларнинг диққат марказида бўлиб ушбу йўналишда турли тадбирлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси 1993 йил 18 майда Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Вена конвенциясига ва Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреал протоколига қўшилди.
2030 йилда гидрохлорфторуглеродлар ишлатишни батамом тўхтатиш Ўзбекистон учун Монреал протоколининг халқаро мажбуриятларини бажаришга риоя этишнинг стратегик йўналиши ҳисобланади.
Ўзбекистон 1993 йилдан буён БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенциясининг (Нью-Йорк, 1992 йил май) аъзоси ҳисобланади. Ушбу Конвенцияга Киото протоколи 1998 йилда имзоланган ва 1999 йилда ратификация қилинган, Париж битими эса 2017 йилда имзоланган ва 2018 йилда ратификация қилинган.
Ўзбекистон 1992 йилда имзоланган МДҲ Давлатлараро Экология Кенгашининг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади.
Бугунги кунда, Ўзбекистон Хитой, Грузия, Ҳиндистон, Исроил, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон, Малайзия, Корея Республикаси, Словакия, Швейцария, Тожикистон, Таиланд, Туркия, Туркманистон ва Украина билан атроф-муҳитга тегишли компонентлар киритилган бир қатор икки томонлама битимлар имзолаган.
Ушбу битимларда Ўзбекистон қуйидаги соҳаларда ҳамкорлик қилиши кўзда тутилган:
- Сув ва ҳавонинг ифлосланиши мониторинги технологиялари.
- Табиатни муҳофаза қилиш илми ва технологиялари тадқиқотлари.
- Экологик таълим, мутахассисларни тайёрлаш ва тарғибот.
- Табиатни муҳофаза қилиш жараёнларини бошқариш ва биологик турларни ҳимоя қилиш.
- Экологик тоза ишлаб чиқариш технологияси.
- Табиий ресурслар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунлар, қонун-қоидалар, сиёсат ва стандартлар, шу жумладан саноат ишлаб чиқариши ва маҳсулотлари учун экологик стандартлар.
- Томонлар келишиб олган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яхшилашга тааллуқли ҳамкорликнинг бошқа соҳалари.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларни бузганлик учун жавобгарлик
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларни бузганлик учун жавобгарликка тортиш масалалари Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик меъёрларида белгиланган. Маъмурий кодексда жиноят турига қараб турли миқдорда жарималар тўлаш ва маълум ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазолари кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 4-бўлими "Экология соҳасидаги жиноятлар" деб юритилади. Жиноят кодексида Экология соҳасидаги турли жиноятлар учун жарима тўлаш, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мол-мулкни мусодара қилиш, ахлоқ тузатиш ишлари, қамоқ ва озодликдан маҳрум қилиш чоралари белгиланган.
Иқболбек АБДУМАЖИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
Инсон ҳуқуқлари бўйича
халқаро ҳамкорлик бўлими масъул ходими
- Қўшилди: 24.06.2021
- Кўришлар: 10442
- Чоп этиш