“Глобус” лойиҳасида шотландиялик мутахассис, Оксфорд университети қошидаги Мартин мактаби катта илмий ходими, “Бизнинг дунё” журнали маълумотлар бўйича муҳаррири ўринбосари Ханна Ритчининг “Австралияда 16 ёшдан кичиклар учун ижтимоий тармоқ тақиқланиши режалаштириляпти” мақоласи тақдим этилади.
Австралия ҳукумати 16 ёшгача бўлган болаларни ижтимоий тармоқдан фойдаланишини тақиқловчи, “дунёдаги илк” қонунни жорий этмоқчи. Бош вазир Энтони Альбанезе парламентга кўриб чиқиш учун тақдим этилган қонун лойиҳаси ижтимоий тармоқнинг болаларга етказаётган зарарини юмшатишга қаратилганини айтди.
– Бу оналар ва оталар учун, – деди яшил қитъа етакчиси. – Улар худди мен каби болаларимизга нисбатан интернет хавфидан хавотирда. Оилаларга қарата “Сизнинг ортингизда ҳукумат борлигини билишингизни истардим” демоқчиман.
Ҳужжат тафсилоти ҳали муҳокама қилинмаган бўлса-да, ҳукумат тақиқ ёшларга нисбатан қўлланишини билдирди. Ота-онаси рози бўлган тақдирда ҳам ёш чегараси бўйича ҳеч қандай имтиёз кўзда тутилмайди. Таъкидланишича, ижтимоий медиа платформаларга киришнинг олдини олиш учун зарур чоралар кўрилади. Қонун қабул қилинган кундан 12 ой ўтгач кучга киради.
Аксарият экспертлар ижтимоий медиа платформалар ўсмирлар руҳиятига зарар етказиши мумкинлигини тан олса-да, тақиқ ёшларнинг тармоқдаги иловалар билан танишиш имкониятини чеклашини рўкач қилмоқда.
Шунга ўхшаш чеклов жорий қилишга уриниш аввал ҳам кузатилган. Масалан, Европа Иттифоқи томонидан илгари сурилган бир ташаббус технология фирмалари норозилиги туфайли муваффақиятсизликка учраган. Бу гал эса ёшни текшириш талабини четлаб ўтадиган воситалар топилса, дастур қандай ишлаши ҳақида саволлар туғилмоқда.
Австралиянинг бола ҳуқуқи бўйича энг йирик адвокатлик гуруҳларидан бири таклиф қилинган лойиҳани “жуда тўмтоқ восита” сифатида танқид қилди.
Октябрь ойида ҳукуматга юборилган, 100 дан зиёд академик, 20 га яқин фуқаролик жамияти ташкилоти имзолаган очиқ хатда тегишли ишчи гуруҳ раҳбариятни ижтимоий медиа платформаларда “хавфсизлик стандарти” яратиш масаласини кўриб чиқишга чақирган. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг онлайн маконларни тартибга солишга қаратилган “миллий сиёсат” болаларга рақамли муҳит билан алоқа қилишдан фойда олиш имконини бериши, хусусан интернетдан хавфсиз фойдаланишни таъминлашга қаратилган бўлиши кераклиги ҳақидаги маслаҳатига ҳам ишора қилган.
Бошқа баъзи оммавий тарғиботчилар эса турли тақиқлар болаларни зарарли контент, нотўғри маълумот, зўравонлик каби ижтимоий босимдан ҳимоя қилиш учун зарурлигини таъкидламоқда.
Хуллас, 125 000 дан зиёд имзо билан тасдиқланган 36 ойлик ташаббусли петицияда болалар камида 16 ёшга тўлгунга қадар “онлайн ижтимоий тармоқда хавфсиз ҳаракатланишга ҳали тайёр эмас” ва ҳозир “ижтимоий тармоқдан ҳаддан ташқари фойдаланиш ёш мияни психологик муаммолар танқидий ойнасида қайта ишламоқда” деган фикр илгари сурилган.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА
- Қўшилди: 14.11.2024
- Кўришлар: 935
- Чоп этиш