Хабар берилганидек, пойтахтимизда “ICT WEEK UZBEKISTAN-2024” ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Анжуман доирасида “IT қизлар учун эмас!” деган стереотипларни бузиб, соҳанинг бир бўлагига айланган аёлларнинг ахборот-коммуникациялар йўналишидаги фаолиятини муҳокама қилишга қаратилган конференция ҳам ташкил этилди.
Тадбирда Рақамли технологиялар вазирлиги, хорижий ва маҳаллий компания вакиллари, турли мамлакат аёллар ҳамжамиятлари раҳбарлари ҳамда соҳага бефарқ бўлмаган аёл ва қизлар иштирок этди.
Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан ахборот технологиялари соҳасига алоҳида эътибор қаратилиши туфайли юртимизга кўплаб хорижий IT компаниялар келиб малакали кадрлар қидиришаётгани учун ёшларимизга юқори даромад топиш имкониятлари кенгайиб бормоқда.
IT таълим уюшмаси ҳамда IT-Ladies ҳамжамияти томонидан ташкил қилинган тадбирдан асосий мақсад соҳада муваффақиятли карьера қуришга интилаётган аёл ва қизларни қўллаб-қувватлаш, тўсиқларни бартараф этиш ва мукаммалликка эришиш стратегияларини муҳокама қилиб тўғри йўл кўрсатишдан иборат.
Конференция доирасида долзарб масалалар, хусусан, профессионал ривожланиш, лидерлик, гендер тенглик, инновациялар мавзуларида етакчи экспертлар чиқиши, панел муҳокамаларда иштирокчилар дастур ва ташаббусларнинг асосий жиҳатлари кўриб чиқилди.
“IT соҳасида аёллар: имконият ва муаммолар” конференцияси сўнгида илк бор ахборот технологиялари соҳасидаги аёлларнинг чексиз имконияти ва соҳадаги муваффақияти ҳақида сўз борадиган “IT Ladies Uzbekistan” журналининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Беҳруз Худойбердиев,
Дониёр Якубов (видео),
ЎзА
- Қўшилди: 20.09.2024
- Кўришлар: 851
- Чоп этиш