“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга уй-жойини таъмирлаш учун маблағ бериладими?

Ҳуқуқий муносабат

Маълумки, “Аёллар дафтари” ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган, ишсиз хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш бўйича маълумотлар базаси ҳисобланади. 

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар учун бериладиган ёрдам турлари хусусида Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси раҳбари Отабек Нарзиев қуйидаги ҳуқуқий тушунчаларни берди:    

–Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида “Аёллар дафтари”га киритилган аёлга уй-жойини таъмирлаш ишларига “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача миқдорда маблағ ажратилиши белгиланган.    

Умуман олганда, “Аёллар дафтари”га 30 ёшдан ошган қуйидаги тоифадаги хотин-қизлар киритилади. Жумладан,  ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар — бандлиги таъминланмаган, ишлаш истагида бўлган ва даромад манбаига эга бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар, боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар, жумладан, боқувчиси вафот этган, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган, руҳий касалликка чалинган, I-II гуруҳ ногиронлиги бўлган ҳамда доимий даромад манбаига эга бўлмаган, бедарак йўқолган (суд қарорига асосан) ёхуд бошқа сабабларга кўра боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар, фарзандлари вояга етмаган боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд аёллар, шунингдек, никоҳи бекор қилинган эҳтиёжманд хотин-қизлар ва эҳтиёжманд ёлғиз оналар киритилади.    

Шунингдек, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар — меҳнатга лаёқатсиз, ўзгалар парваришига, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар, уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар — нотурар жойларда истиқомат қилаётган, доимий яшаш учун турар жойи бўлмаган, бир хонадонда (кичик ҳовлида) уч ва ундан ортиқ оила яшаётган (уй-жой майдони белгиланган ижтимоий нормадан кам бўлган), бироқ ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган, хусусий уй-жой фондида ижара ҳуқуқи асосида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд хотин-қизлар ҳамда қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизлар, яъни сурункали касалликнинг оғир турларига чалинган болалари мавжуд бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар ҳам киради.    

–Хўш, ушбу ёрдамни олиш учун кимга мурожаат қилиш керак?    

–Ушбу ёрдамни олиш учун фуқаро Оила ва хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилиши лозим. Бунда хотин-қизлар фаоли маблағ ажратилишига кўмаклашувчи масъул ходим ҳисобланади.    

Гулноза Бобоева,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech