Ҳозирги кунда дунёда инсон капитали, интеллектуал салоҳият, инновацион ғоялар, юқори технологиялар шиддатли ва барқарор тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади. Жаҳоннинг тобора кўпроқ мамлакатлари ахборот, билим ва инновацияларга асосланган, "ахборотлашган жамият", "билимлар иқтисодиёти", "рақамли иқтисодиёт" бунёд этишга қаратилган ривожланиш моделини танлаётгани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январда Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига тақдим этган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, "биз Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз".
Бошқача айтганда, мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар сафидан ўрин олишини таъминлашдек эзгу мақсадимизга фақат илм-маърифат, юксак маънавият ва инновацияларга таянган ҳолдагина эришиш мумкин. Шу муносабат билан замонавий билимларни эгаллаш, маърифатли ва юксак маънавиятли бўлишга интилиш ҳар биримизнинг ҳаётий маслагимизга айланиши лозим. Бинобарин, мамлакатимизда инсон капиталига инвестиция жалб этиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас.
Шу нуқтаи назардан, ушбу устувор вазифалар сайёрамизда иқтисодий, ижтимоий ва экологик вазиятни яхшилаш, инсонлар фаровонлигини оширишга қаратилган халқаро ҳужжат – БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг энг муҳим ва зарур шартлари ҳисобланишини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. БМТнинг 2015 йил сентябридаги саммитида тасдиқланган мазкур ҳужжат 17 та мақсадлар мажмуаси ва 169 та вазифадан иборат бўлиб, жумладан маърифатни, интеллектуал салоҳиятни ошириш ва давлатларнинг инсон капиталига эътиборини кучайтириш соҳасидаги вазифалар шулар қаторига киради.
Ҳар қайси давлат ва халқ аввало интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратли эканидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда 2020 йил “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб эълон қилинди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни халқ манфаатлари йўлида изчил давом эттириш мақсадида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди. Дастур ўз моҳиятига кўра кейинги йилларда юртимизда илм-фан ва маърифат соҳаларини ривожлантириш, ёш авлодни чуқур билимли, маданиятли ва юксак маънавиятли инсонлар этиб тарбиялаш, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш борасида бир неча йўналишда олиб борилаётган тизимли ишларни тубдан янги босқичга кўтаришга қаратилгандир.
Биринчи йўналиш. Бугунги кунда 34 миллионлик нуфусга эга мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Шу боис "креатив жамият" барпо этиш, юксак интеллектуал салоҳиятли ва илм-фаннинг аниқ соҳалари бўйича чуқур билимга эга бўлган креатив фикрловчи мутахассисларни тайёрлаш устувор вазифаларимиз сирасига киради. Бутун таълим тизимини такомиллаштириш бўйича ислоҳотлар доирасида барча фуқароларни қамровдор ва сифатли таълим билан таъминлаш, ҳар бир инсоннинг умри давомида билим олиш имкониятини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар замирида ҳам худди шу эзгу интилишларимиз ўз мужассамини топган.
Авваламбор, таълим соҳасининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш чоралари кўрилди. Кейинги бир неча йилнинг ўзида 160 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан, «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги қонун ҳамда 2030 йилгача таълим тизимининг алоҳида бўғинларини ривожлантириш бўйича учта концепция қабул қилинди.
Иккинчидан, ҳар йили юртимизда 700 минг нафардан ортиқ бола дунёга келаётгани ва бу ҳолат мактабгача таълим муассасалари зиммасидаги юкламаларни тобора ошираётганига эътибор берайлик. Айни вақтда, чақалоқлар туғилиши йилдан-йилга ортаётганига қарамасдан, 2016 йили мамлакатимизда мактабгача таълим муассасалари сони 45 фоиздан ҳам зиёд қисқарган. Бундай қисқаришлар, айниқса, Андижон, Фарғона, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари каби туғилиш даражаси юқори бўлган ҳудудларда кўпроқ кузатилган.
Ҳаракатлар стратегиясида бу борада белгиланган вазифаларни бажаришда шундай шароитлардан келиб чиққан ҳолда изчил иш олиб борилмоқда. Хусусан, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, болаларнинг ҳар томонлама интеллектуал, маънавий ва жисмоний ривожланиши учун қулай шароитлар яратиш, мактабгача таълим тизими билан имкон қадар кўпроқ болаларни қамраб олиш, соҳа педагоглари ва мутахассислари малакасини ошириш, нодавлат мактабгача таълим муассасалари тизимини ривожлантириш чоралари кўрилмоқда.
Натижада ҳозирги кунда мамлакат бўйича 3 - 7 ёшдаги ҳар 100 нафар болага мактабгача таълим муассасаларида 28,1 та ўрин тўғри келади. Жорий йил якунига қадар мактабгача таълим муассасалари қамрови даражасини 60 фоизгача етказиш ва бунда 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизимини татбиқ этиш ишлари жадал бормоқда. 2030 йил якунига қадар 3 - 7 ёшдаги болаларни мактабгача таълим муассасалари тизими билан қамраш даражасини 80,8 фоизга етказиш, соҳа педагог ходимлари сонини эса 247,7 минг нафарга ошириш кўзда тутилган.
Учинчидан, юртимизда халқаро тажриба ва ҳозирги давр талаблари асосида умумий ўрта таълимнинг сифатини оширишга эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 11 йиллик умумий ўрта таълим қайта тикланди.
Кейинги йилларда 160 дан ортиқ умумтаълим мактаби, шунингдек, Президент мактаблари, улуғ алломаларимиз номлари билан аталадиган ихтисослашган мактаблар, ижод мактаблари, «Темурбеклар мактаби» тимсолидаги инновацион мактаблар барпо этилди. Мавжуд умумтаълим муассасаларининг камида 3 фоизини – жорий йилда, қарийб 50 фоизини 2030 йилга қадар "Замонавий мактаблар"га айлантиришга қаратилган мутлақо янги концепция амалга оширилмоқда. Шу йилнинг ўзида 36 та янги мактаб қурилиб, 211 та мактаб капитал таъмирдан чиқарилади.
Фарзандларимизнинг хорижий тилларни, шунингдек, информатика, математика, физика, химия, биология каби муҳим ва давр талабига мос фанларни чуқур ўзлаштиришлари таъминланмоқда. Айни пайтда мактабларда аниқ фанлар бўйича амалий машғулотларга таълим вақтининг атиги 10 фоизи ажратилаётган бўлса, бу кўрсаткични тадрижий асосда ривожланган мамлакатлар даражасига, яъни 30-50 фоизга етказиш мўлжалланмоқда. Шу мақсадда 70 мингдан зиёд синф хоналари замонавий ўқув-лаборатория ускуналари ва компьютер техникаси билан жиҳозланади. Бундан ташқари, мактаб ўқув дастурлари илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштирилиб, дарсликлар ва ўқув адабиётларининг сифати янада оширилади.
Ўзбекистоннинг 2030 йилга келиб PISA – Халқаро даражада ўқувчиларни баҳолаш дастури рейтинги бўйича дастлабки 30 та етакчи мамлакат сафидан жой олишини таъминлаш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, узлуксиз таълим, шунингдек соҳа мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимлари мазмун-мундарижасини тубдан янгилаш режалаштирилган.
Президентимизнинг машҳур беш ташаббусини амалиётга татбиқ этиш доирасида «Баркамол авлод» Республика ва минтақавий болалар мактаблари ташкил этилди. Мактабдан ташқари таълим самарадорлигини ошириш учун очилган ушбу муассасаларда «STEAM-таълим» дастури татбиқ этилмоқда (Science – табиий фанлар, Technology – технологиялар, Engineering – муҳандислик, Art – санъат, Mathematics – математика).
Тўртинчидан, олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш дастурлари амалга оширилмоқда. Олий ўқув юртларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда ва янгиланмоқда, улар замонавий илмий-ўқув лабораториялари ва АКТ воситалари билан жиҳозланмоқда. Таълим жараёнига илғор педагогик технологиялар, халқаро таълим стандартларига асосланган ўқув дастурлари ва ўқув-услубий қўлланмалар татбиқ этилмоқда.
Олий таълим қамрови даражасини 50 фоиздан ҳам оширишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Бунда, жумладан, олий таълим тизимида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш, соҳада соғлом рақобат муҳитини юзага келтириш, сиртқи ва кечки таълим шаклларини тиклаш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги йилларда 36 та янги олий ўқув юрти очилди. Бугун мамлакатимизда 116 та институт ва университет, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Россия, Италия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Сингапур каби мамлакатлар етакчи олий ўқув юртларининг филиаллари фаолият юритмоқда. Қолаверса, 2019/2020 ўқув йилида 59 та олий ўқув юртида –сиртқи, 10 та олий ўқув юртида эса кечки таълим шакли жорий этилди.
Натижада мамлакат олий ўқув юртларида бакалавриат йўналишида таълим оладиган талабалар 410 минг нафарга, магистратура йўналиши ихтисосликлари бўйича таълим олаётган ёшлар сони эса 13 минг нафарга етди. Яъни, бу кўрсаткичлар кейинги уч йилда 1,7 баробар ортди. Ўз навбатида, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб мамлакатимиз олий ўқув юртларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш бўйича давлат буюртмаси босқичма-босқич асосда икки баробарга оширилади.
Айни чоғда, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини мамлакат олий ўқув юртларининг байроқдорларига (флагманларига) айланишини таъминлашга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда. Илк бор Ўзбекистондаги камида 10 та олий ўқув юрти халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилган 1000 та олий ўқув юрти рўйхатидан жой олишига эришиш чоралари кўрилмоқда.
Бундан ташқари, олий ўқув юртларининг босқичма-босқич асосда академик ва молиявий мустақилликка эришиши таъминланаётир. Жорий йилда 10 та олий ўқув юрти ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтади, танлов асосида сараланган 5 та олий ўқув юртини эса хорижнинг нуфузли олий ўқув юртлари билан яқин ҳамкорликда трансформация қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Олий таълим муассасаларида 2020/2021 ўқув йилидан ўтиладиган фанлар сони икки баробар қисқаради ва бу жараёнга асосий мутахассисликка алоқаси бўлмаган дарсларни қисқартириш нуқтаи назаридан ёндашилаётгани жуда муҳимдир. Олий ўқув юртларида ўтиладиган фанлар билан академик фанлар ва иқтисодиётнинг реал сектори ўртасидаги интеграцияни кучайтириш сингари долзарб масалалар ҳам доимий эътиборда турибди.
Иккинчи йўналиш. Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакатимиз илмий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий тараққиётда илм-фаннинг ролини кучайтириш, инновацион иқтисодиётга ўтиш, фан билан ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни мустаҳкамлаш, илмий фаолият ва олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни даврнинг ўзи талаб қилмоқда.
Илм-фан соҳасини рағбатлантириш борасида бир қатор ташкилий-ҳуқуқий ишлар бажарилди. 2019 йил 29 октябрда " Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. Мамлакатимизнинг инновация соҳасидаги илғор давлатлар сафидан жой олишини таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжат, яъни Ўзбекистонни инновацион ривожлантириш стратегиясини амалга оширишга киришилди. Шунингдек, Фан ва технологиялар бўйича республика кенгаши тузилди. Инновация вазирлиги ташкил этилди, бир қатор инновация марказлари, илмий кластерлар ва технопаркларнинг фаолияти йўлга қўйилди.
Албатта, илмий тадқиқот фаолиятини ташкиллаштириш тизимида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси алоҳида ўрин тутади, бинобарин бу ерда юртимизнинг салмоқли интеллектуал салоҳияти жамланган. Шу муносабат билан Фанлар академияси таркибида бир қанча илмий тадқиқот муассасалари ташкил этилган, Академиянинг Қорақалпоғистон ва Навоий бўлимлари ҳамда Хоразм Маъмун академиясининг мақоми кучайтирилган. Фанлар академияси қошидаги тадқиқот муассасалари сони 20 тадан 35 тагача кўпайтирилди. Академияга аъзолар сайлови қайта тикланди.
Кейинги уч йилда илм-фан соҳасини молиялаштириш ҳажми тўрт баробар ошди. Илмий ходимларнинг ойлик маошлари миқдори уч баробар кўпайди, фан докторлари ва номзодлари учун алоҳида устама ҳақлар белгиланди. Жорий йилдан бошлаб Фанлар академияси тизимидаги ташкилотлар бевосита Давлат бюджетидан молиялаштирилмоқда.
Яқин орада ишлаб чиқиладиган илм-фан соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ўрта ва узоқ истиқболга мўлжалланган илмий, технологик ва инновацион ривожланиш учун зарур чора-тадбирлар ўз аксини топади. Чунки бугун юртимизда илм-фан соҳасининг аниқ устувор йўналишлари белгилаб олинган, математика, физика, химия ва биология, геология соҳаларидаги илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ҳамда фундаментал ва инновацион тадқиқотлар учун мақсадли грантлар тақдим этиш механизмларини тубдан қайта кўриб чиқиш чоралари режалаштирилган.
Хусусан, дунёда юқори баҳоланадиган ўзбек математика фанининг салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, ҳар бир туман марказида математика фанини ўргатишга йўналтирилган мактаблар ташкил этиш орқали ёшларнинг бу фанга қизиқишини ошириш кўзда тутилмоқда. Келгусида болалар учун тушунарли ва оммабоп тилда математика бўйича дарслик ҳамда қўлланмалар яратилиши ҳам, шубҳасиз, фарзандларимизнинг онгу тафаккурини болалик давридан чиниқтириб боришга хизмат қилади.
Истиқболдаги устувор вазифалар ҳақида фикр юритганда, мамлакатимизда химия йўналиши бўйича фаолият кўрсатаётган ва 250 нафардан ортиқ илмий ходимни ўзида жамлаган 4 та илмий тадқиқот муассасасини қўллаб-қувватлаш масаласини алоҳида қайд этиш лозим. Ушбу муассасаларнинг илмий ишланмалари асосида ўғитлар, дефолиантлар, ўсимликлар яхши ўсиши учун зарур моддаларнинг янгидан-янги турларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Жорий йилдан бошлаб ана шу илмий ишланмаларнинг самарадорлигини янада кучайтириш, умуман, химия тармоғидаги таълим ва илмий тадқиқот фаолиятини такомиллаштириш бўйича тизимли чораларни амалга оширишга киришилди.
Жаҳон бозоридаги тенденциялар ва халқаро илм-фан соҳаси талаблари агро- ва биотехнологияларни, жумладан, озиқ-овқатлар тўғрисидаги фан, биотиббиёт ва доришунослик биотехнологиясини ялпи ривожлантиришни тақозо этмоқда. Шу маънода, биология фанини қўллаб-қувватлаш – фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, озиқ-овқат саноатининг илмий ва технологик асосларини ривожлантириш борасида муҳим ишлар қилинмоқда. Бугун фаннинг ушбу соҳасида салкам 600 нафар илмий ходимни ўзида жамлаган 7 та илмий тадқиқот муассасаси фаолият юритаётгани диққатга лойиқдир.
Яна бир устувор йўналиш – геология соҳаси бўлиб, у саноатни минерал-хом ашё базаси билан таъминлашда муҳим ўрин тутади. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда 2 мингдан зиёд кон мавжуд ва уларда 70 хилдан ортиқ фойдали қазилмалар борлиги аниқланган. Даврнинг ўзи ушбу соҳага илғор илмий услублар ва инновацион технологияларни кенг татбиқ этишни талаб қилмоқда. Шундай экан, яқин орада Тошкент шаҳрида Геология фанлари университетини ташкил этиш кўзда тутилгани бежиз эмас.
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга ошириладиган илмий тадқиқотлар самарадорлигини жаҳон даражасигача кўтариш, юртимизнинг олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари билан турдош етакчи хорижий университетлар ва илмий марказлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу йил биргина «Эл-юрт умиди» фонди орқали 700 нафардан ортиқ олим, профессор ва ўқитувчилар илмий тадқиқот олиб бориш ҳамда малака ошириш учун хорижий сафарларга юборилади. Қолаверса, грантлар миқдори икки баробар оширилиб, тадқиқот йўналишлари янада кенгайтирилади.
Учинчи йўналиш. Замонавий дунёда ахборот-коммуникация ва рақамли технологиялар барча соҳаларда етакчи ўринни эгаллади. Бу барқарор тараққиётга, ҳар томонлама юксалишга эришишнинг зарур шартидир.
Шунинг учун мамлакатимизда рақамли иқтисодиётга ўтиш яқин беш йилликнинг устувор вазифаси этиб белгиланди ва жорий йилда бу йўналишда туб бурилиш ясайдиган ўзгаришлар амалга оширилаётир. Хусусан, «Рақамли Ўзбекистон – 2030» дастури ишлаб чиқилаяпти. Қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, соғлиқни сақлаш, таълим, архив ишлари каби соҳалар тўла рақамлаштирилади.
Тошкентда бунёд этилаётган замонавий инфратузилмага эга IT-парк мисолидаги ижобий тажриба асосида Нукус, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Гулистон ва Урганч шаҳарларида ҳам худди шундай парклар ташкил этилади. Ахборот технологиялари соҳаси учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида хорижий ҳамкорларимиз билан биргаликда “1 миллион дастурчи” лойиҳасини амалга ошириш бошланди.
Замонавий ахборот технологиялари таълим, соғлиқни сақлаш, жамият ва давлат бошқаруви тизимларининг барча босқичларига жорий этилмоқда. Айни пайтда 7 мингта соғлиқни сақлаш, мактабгача ва мактаб таълими муассасалари юқори тезликдаги интернетга уланган бўлса, 2022 йилда уларнинг сони 19 мингтага етади. Агар 2019 йилда барча шаҳарлар ва туман марказларини юқори тезликдаги интернетга улаш ишлари якунига етказилган бўлса, 2022 йилда жами қишлоқлар ва маҳаллалар бундай имконият билан таъминланиши назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун зарур шароитлар яратиш жараёни нафақат ижро этувчи ҳокимият, балки парламент, фуқаролик жамияти институтлари, тадбиркорлик субъектларининг ҳам фаол иштирокини тақозо этади.
Парламент давлат билан халқ ўртасида барқарор муносабатларни таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Парламент қўмиталарининг назорат функцияларидан самарадорлик билан фойдаланиш Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг муҳим воситаларидан ҳисобланади. Бу восита парламент вакилларига қонун ижодкорлигини амалга ошириш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш жараёнларидаги ўзгаришларни холис баҳолаш имконини беради.
Ҳозирги вақтда парламентимиз Барқарор ривожланишнинг миллий мақсадларига эришишни таъминлаш борасида етарлича ваколат ва имкониятларга эга. Буни илм-фан, маърифат ва рақамли иқтисодиёт соҳасидаги вазифа ва ваколатларимиз мисолида кўриб чиқайлик.
Биринчи вазифа – бу парламентнинг қонун ижодкорлиги функциясидир. Хусусан, Давлат дастури доирасида 30 тадан зиёд кодекс ва қонунлар, 10 тадан ортиқ стратегия ва концепцияларни ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Бунда, жумладан, депутатларнинг ва сиёсий партиялар фракцияларининг ташаббускорлик кўрсатиши, «жамоатчилик экспертизаси» ташкил этилиб, қонун лойиҳаларининг жойларда кенг муҳокамадан ўтказилиши муҳим аҳамиятга эга.
Маълумки, қонун лойиҳаси парламентда учта «ўқиш»да ва ялпи мажлисларда кўриб чиқилади. Лойиҳалар муҳокамасига жамоатчилик вакиллари, экспертлар ва мутахассисларнинг кенг жалб этилиши қўмиталар, фракциялар ва парламент мажлисларида қонунлар матни ўз вақтида маромига етказилишининг муҳим омилидир.
Иккинчи вазифа – барқарор ривожланишнинг белгиланган мақсадли мезонларига эришиш борасида парламент назорати самарадорлигини кучайтириш зарурати. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, унинг қўмиталари амалиётидан қуйидаги тартиб-таомиллар мустаҳкам ўрин олиши даркор:
- давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотларини, шунингдек Ҳукумат аъзолари ва тармоқлар раҳбарларининг БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, илм-фан, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида амалга оширган ишларига доир ҳисоботларини мунтазам эшитиб бориш;
- «жамоатчилик эшитувлари»ни, қўмита мажлисларини ўтказиш ва ушбу тадбирларда манфаатдор фуқаролар, томонлар, экспертлар, фуқаролик жамияти вакиллари Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш билан боғлиқ материалларни тақдим этиш ва ушбу ҳужжатнинг муайян йўналишларига тааллуқли таклифларини қонун лойиҳаларига киритиш учун тавсия этишларига имконият яратиш;
- жойларда «жамоатчилик форумлари»ни ўтказиш ва бу жараёнда фуқаролар таълим, фан ва ахборотлаштириш каби соҳалардаги аҳвол ҳақидаги масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини билдиришлари учун уларга минбар бериш. Бундай форумлар депутатлар томонидан ўз сайлов округи доирасида ёки туман ё шаҳар кесимида ташкил этилиши мумкин.
Учинчи вазифа – ҳар йилги давлат бюджети, жумладан, маҳаллий бюджетларни Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасидаги тегишли дастурлар ва тадбирларнинг қанчалик молиялаштирилганлиги нуқтаи назаридан кўриб чиқиш.
Тўртинчи вазифа – сиёсий партиялар фракциялари томонидан марказда ва жойларда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилиш ва электорат билан маслаҳатлашувлар ўтказиш ишларига ўз партиявий тузилмалари салоҳиятининг жалб қилиниши.
Бешинчи вазифа – фуқаролик жамияти институтлари, илмий тадқиқот ва таҳлил марказлари, «ижтимоий медиа» воситалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш.
Олтинчи вазифа – Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда «парламент дипломатияси»нинг аҳамияти беқиёсдир. Бунда, айниқса, фан, техника ва инновациялар соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, таркибий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида ўзаро билимлар алмашинувини рағбатлантириш каби омиллар муҳим ўрин тутади.
Шундай қилиб, қўлга киритилган ютуқларни ва истиқболдаги вазифаларни инобатга олган ҳолда, парламентимиз Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларнинг бажарилиши, Ўзбекистон томонидан 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган барқарор ривожланишнинг миллий мақсадларига эришилиши, жамиятимиз ва давлатимизнинг барқарор тараққиёт принциплари асосида янада равнақ топиши йўлида ўз куч ва имкониятларини сафарбар этади.
Зеро, бу – мамлакатимиз ва миллий иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини оширишнинг гарови. Бу – Ўзбекистоннинг куч-қудрати ва салоҳиятини мустаҳкамлаш, Ватанимизнинг янада гуллаб-яшнаши ва халқимиз фаровон яшашининг ҳал қилувчи омилидир.
Акмал Саидов,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Спикерининг биринчи ўринбосари
- Қўшилди: 28.03.2020
- Кўришлар: 5398
- Чоп этиш