Жорий йилнинг 10 декабрь куни БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида қуролли можароли ҳудудлардан қайтарилган шахсларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича Минтақавий экспертлар кенгашининг фаолиятига бағишланган юқори даражали брифинг ташкил этилди.
Тадбир СМТИ ва Ўзбекистоннинг БМТдаги Доимий ваколатхонаси томонидан БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси ва БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази кўмагида ўтказилди.
Брифингда БМТ Бош котиби ўринбосари Владимир Воронков, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича Минтақавий маркази раҳбари Каҳа Имнадзе, БМТ Бош котиби ёрдамчиси Халед Хиари, БМТ Аксилтеррор маркази директори Мауро Миэдико, БМТнинг терроризм бўйича собиқ махсус маърузачиси, Миннесота университети (АҚШ) профессори Фионнуала Ни Аолаин, БМТ ҳузуридаги Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг (ХҚХҚ) доимий кузатувчиси Летитсия Куртуа, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари дипломатик миссиялари раҳбарлари сўзга чиқди.
Тадбир БМТга аъзо давлатлар вакилларида катта қизиқиш уйғотди. Брифингда Осиё, Африка, Европа, Шимолий ва Лотин Америкасининг 50 дан ортиқ давлати, шунингдек, 10 га яқин халқаро ташкилот вакиллари иштирок этди.
Реабилитация ва реинтеграция масалалари бўйича минтақавий эксперт кенгаши 2024 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси шафелигида ташкил этилган. Кенгаш Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари экспертлари ва мутахассисларини бирлаштирди. Унинг платформасида реинтеграция қилинган шахсларнинг нормал ва тўлақонли ҳаётга муваффақиятли интеграциялашувини таъминлайдиган билимлар, усуллар ва дастурлар жамланади.
Халқаро мажбуриятларни бажариш доирасида Ўзбекистон биринчилардан бўлиб ўз фуқароларини қуролли можароли ҳудудлардан репатриация қилди. 2019 йилдан бери 530 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари, асосан аёллар ва болалар, Ватанга қайтарилди. Уларга тиббий, ижтимоий ва руҳий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, касб-ҳунарга ўқитиш ва ишга жойлаштириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилди.
Муҳокамалар давомида БМТ Бош котибининг Яқин Шарқ ва Осиё—Тинч океани минтақаси бўйича ёрдамчиси Халед Хиари Ўзбекистон Республикаси Президентининг минтақавий хавфсизликни таъминлашга қўшган ҳиссаси ва ушбу масалада олиб бораётган сиёсати қатъийлиги учун миннатдорчилик билдирди. Шу аснода Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Минтақавий экспертлар кенгаши алоҳида қайд этилди.
Кенгашнинг аҳамияти ҳақида сўз юритар экан, БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари Владимир Воронков "Ташкилот ТҚКБ СМТИ билан биргаликда Минтақавий экспертлар кенгаши котибияти вазифасини бажараётганидан фахрланади," дея таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, бугунги муҳокамалар Минтақавий экспертлар кенгаши халқаро саъй-ҳаракатларни сафарбар қилиш маркази бўлиб, қайтарилаётган шахсларни реабилитация ва реинтеграция қилиш соҳасидаги илғор амалиёт ва услубларга намуна бўла олишини тасдиқлайди.
Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича Минтақавий маркази раҳбари Каҳа Имнадзе таъкидлаганидек, Марказий Осиё мамлакатлари тажрибаси бошқа давлатлар учун намуна бўла олади. "Минтақавий экспертлар кенгаши дунёнинг бошқа қисмларида ҳам такрорланиши мумкин бўлган ноёб ташаббусдир. Мен Марказий Осиёдаги ҳамкорларимиз, БМТ ва минтақавий ташкилотларни энг яхши ечимларни топиш учун ушбу платформадан фойдаланишда давом этишга чақираман", дея қўшимча қилди у.
Россия ва АҚШнинг БМТдаги элчилари ҳам Кенгаш фаолиятини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирдилар. Марказий Осиё давлатлари ўз фуқароларини можароли ҳудудлардан қайтариш бўйича сезиларли саъй-ҳаракатларни амалга оширгани сиёсий ирода ва ўз зиммасига олган мажбуриятларга содиқлик намунаси эканлиги таъкидланди.
Иштирокчилар Ўзбекистоннинг қайтарилган шахсларни реинтеграция қилиш бўйича саъй-ҳаракатларида маҳаллий жамоаларнинг (маҳаллалар) ролини юқори баҳоладилар.
БМТ Бош котиби ёрдамчиси Халед Хиарининг фикрича, ўзбек моделининг ўзига хослиги шундаки, реинтеграция бўйича барча ишлар "пастдан юқорига" олиб борилади, қайтарилган шахсларнинг эҳтиёжлари ҳисобга олинади. Шу билан бирга, маҳаллий ҳамжамият ушбу чора-тадбирларни амалга оширишда асосий бўғинга айланди.
Сўзга чиққанлар, шунингдек, репатриация бўйича ўзбек модели инсон ҳуқуқлари ва болаларни ҳимоя қилиш масалаларига йўналтирилганлигини таъкидладилар.
БМТнинг собиқ махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн сўзларига кўра, Ўзбекистон бошиданоқ қайтарилган болаларга "ҳимоя остидаги, жамиятга қайтариладиган миллат болалари" деб муносабатда бўлган позицияни эгаллаган. Унинг сўзларига кўра, бу муваффақият калити бўлди.
ЮНИСЕФнинг қуролли низоларда болаларни ҳимоя қилиш бўйича мутахассиси Кетрин Кокко ҳам худди шундай фикрни билдирди. Экспертнинг фикрича, болаларнинг репатриацияси Ўзбекистоннинг бола ҳуқуқларига содиқлигини кўрсатди.
Умуман олганда, тадбирнинг барча иштирокчилари бир овоздан Минтақавий экспертлар кенгаши ташкил топганига қисқа муддат бўлганига қарамай, реабилитация ва реинтеграция соҳасидаги долзарб муаммоларни муҳокама қилиш ва ечимларни ишлаб чиқиш учун асосий платформага айланганини таъкидладилар.
Шу билан бирга, таъкидланганидек, "Ўзбекистон репатриация дастурининг ўзига хос хусусияти, шунингдек, унинг муваффақияти гарови бу жараён доирасидаги барча чора-тадбирлар устидан Ўзбекистон Президентининг шахсий назоратидир".
Тадбир давомида кейинги йил Кенгашдаги раислик Қозоғистонга ўтиши эълон қилинди. Шу муносабат билан Қозоғистоннинг БМТдаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари Қайрат Умаров Остона Минтақавий экспертлар кенгашининг навбатдаги раиси сифатида Ўзбекистон раҳбари ташаббусини янада муваффақиятли амалга ошириш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширишини таъкидлади.
Муҳокамалар якунида иштирокчилар Минтақавий экспертлар кенгаши фаолияти билан жаҳон ҳамжамиятини таништириш амалиётини давом эттиришни зарурлигини якдиллик билан таъкидладилар. Шу аснода, БМТнинг асосий тадбирларидан бири — 2025 йил июнь ойида Нью-Йорк шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Терроризмга қарши кураш бўйича юқори даражадаги ҳафталик доирасида алоҳида сайд ивент ўтказиш қайд этилди.
ЎзА
- Қўшилди: 11.12.2024
- Кўришлар: 448
- Чоп этиш