БМТ Низомига эҳтиром - БМТга юксак ишонч тимсоли

24 октябрь куни бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топган кун кенг нишонланди. Шу муносабат билан БМТ Бош Ассамблеясида бўлиб ўтган тантанали анжуманда барча аъзо-давлатлар вакилллари бир дақиқа тик туриб сукут сақлаш орқали БМТ Низомига ўз ҳурмат-эҳтиромларини намойиш этдилар.

Бинобарин, БМТ Низоми 1945 йил 26 июнда Сан-Франциско шаҳрида 50 та давлат, жумладан, собиқ СССР, Буюк Британия, Хитой, АҚШ, Украина ва Франция томонидан имзоланган бўлиб, халқаро ҳуқуқнинг муҳим воситасидир. 1945 йил 24 октябрда кучга кирган БМТ Низомида ташкилотнинг тузилмаси, можароларни ҳал қилиш ва тажовузкор ҳаракатлар, тинчлик ва хавфсизликка таҳдидларга жавоб беришнинг асосий тамойиллари мустаҳкамланган. 24 октябрь БМТ ташкил топган кун сифатида бутун дунёда кенг нишонланади.

Бугунги кунда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти дунёдаги ягона, том маънода универсал халқаро ташкилот ҳисобланади. БМТ давлатларнинг ўз сарҳадларидан ташқарига чиқадиган масалаларни ҳал этиб келмоқдаки, бу муаммоларга биронта мамлакатнинг ёлғиз ўзи ечим топиши мумкин эмас.

Бундан 28 йил олдин янги демократик давлат – Ўзбекистон Республикаси – Ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди. Шундан буён биз ўз масалаларимизни ҳал этишда ҳар доим БМТнинг кўмагига  таяниб келмоқдамиз.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш қайд этганидек, "Олдимизда турган муаммоларни ҳеч бир мамлакат, ҳеч қайси жамият якка ҳолда ҳал эта олмайди ва шунинг учун барча саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз зарур. Биз нафақат сўзлашимиз, балки тинглашимиз ҳам лозим".

Ўзбекистон Бош котиб Антониу Гутерришнинг БМТни замонавий талаблар асосида ислоҳ қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларини тўла қўллаб-қувватлайди.

Бугунги кунда БМТ олдида бутун инсоният учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган долзарб вазифалар турибди. Булар турли можароларни ҳал қилиш, халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, иқлим ўзгаришлари оқибатларини бартараф этиш, пандемияларнинг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик, барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш каби вазифалардир.

Ўзбекистон БМТнинг Низоми, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро шартномаларнинг мақсад ва тамойилларига содиқ ҳамда ўз зиммасига олган мажбуриятларини оғишмасдан бажариб келмокда.   

Янги ташаббуслар ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Ўзбекистон томонидан БМТ билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва изчил амалга оширилмоқда. Ушбу ҳужжатдаги вазифаларнинг тўлиқ рўёбга чиқарилиши муносабатларимизни янги, янада юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, "Ўзбекистон БМТнинг Низоми, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро шартномаларнинг мақсад ва тамойилларига содиқ ҳамда ўз зиммамизга олган мажбуриятларимизни оғишмасдан бажариб келмоқдамиз. Бу биз амалга ошираётган, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар стратегиясининг энг муҳим йўналишларидан биридир".

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг фикрича, Президентимиз 2020 йил 22 июнда имзолаган Фармон билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси айнан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми имзоланган тарихий кун арафасида тасдиқланганида ўзига хос рамзий маъно бор.

Биринчидан, БМТ Низомининг 1945 йил 26 июнь куни имзолангани жаҳон жамоатчилиги учун қанчалик улкан тарихий аҳамият касб этган бўлса, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси халқимиз учун шунчалик муҳим тарихий қимматга эгадир.

Иккинчидан, БМТ Низомида акс этган халқаро принцип ва нормалар ер юзидаги инсонларнинг ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорликнинг муҳимлигига таянади. Фармонда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясини тузиш тавсия этилган. Шу биргина далилнинг ўзиёқ Миллий стратегияда белгилаб берилган вазифалар ҳам глобал ҳамкорлик принципига таянишини яққол англатиб турибди.

Учинчидан, БМТ Низоми инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида глобал қўллаб-қувватланган биринчи ҳужжатдир. Ўз навбатида, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган халқаро шартномаларда белгилаб берилган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида ягона ва мувофиқлаштирувчи сиёсатнинг самарали воситаси бўлишига шак-шубҳа йўқ.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ташаббуслари БМТ даражасида фаол қўллаб-қувватланмоқда. Мамлакатимизга БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари, Диний эътиқод бўйича махсус маърузачиси ташрифлари беқиёс аҳамиятга эга бўлди.

2018 йил ноябрда Самарқанд шаҳрида БМТ ташкил этилганидан сўнг 70 йил давомида Осиё минтақасида биринчи марта Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтди. Форумда БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессияси ҳужжати сифатида тарқатилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинди. Жорий йилга белгиланган Самарқанд форуми пандемия сабаб видеоконференция шаклида ташкил этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида сўзлаган нутқи ҳам бутун дунё жамоатчилиги томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Давлатимиз раҳбари бу галги нутқида инсон ҳуқуқлари, хотин-қизлар, айниқса, дунё ёшлари ҳуқуқларини таъминлаш, минтақамизнинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига интеграциясини чуқурлаштириш каби ўта муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратди.

Энг муҳими, Президентимиз Ўзбекистон жаҳоннинг барча мамлакатлари билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли шерикликни, БМТ ва унинг институтлари билан амалий мулоқотни ривожлантириш учун доимо тайёрлигини маълум қилди.

Ўзбекистон Президентининг ташаббусларини халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги қизғин кутиб олди. Бугун ушбу муҳим ташаббусларни рўёбга чиқариш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилган.

Ғулом Мирзо

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech