Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ушбу резолюцияга 80 дан ортиқ аъзо мамлакат ҳаммуаллифлик қилди.
26 феврал куни Ню-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан «2027 йил - Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили» резолюцияси бир овоздан маъқулланди.
Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ушбу резолюцияга 80 дан ортиқ аъзо мамлакат ҳаммуаллифлик қилди.
Қайд қилинишича, ҳужжат матнини мувофиқлаштириш бўйича маслаҳатлашувларда Россия, Хитой, АҚШ, Туркия, Германия, Буюк Британия, Европа Иттифоқи делегацияси, Япония, Жанубий Корея, Миср, Бразилия, Аргентина каби давлатларнинг экспертлари иштирок этган.
Ҳужжатнинг бош мақсади Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил октябрида Самарқандда бўлиб ўтган БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида туризм соҳасининг янги муаммолар ва замонавий хатарлар олдида барқарорлиги ва мослашувчанлиги борасида билдирилган фикрларига асосланган.
Ўзбекистон раҳбари томонидан туризмнинг турли цивилизациялар бой маданий меросини асрашда, тинчлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлашда, халқларнинг қадриятларини ҳурмат қилишда муҳим ўрин тутиши тўғрисида баён этилган тамойиллар ушбу резолюцияда мустаҳкамланган.
Ҳужжатда экология, биохилма-хилликни асраш ва атмосферанинг ифлосланишини камайтириш йўлида «яшил» туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Резолюция 2027 йилни «Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили» деб эълон қилишни таклиф этади ҳамда БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилотини ҳукуматлар, БМТ тизимидаги тузилмалар, минтақавий ташкилотлар билан биргаликда йилни муваффақиятли ўтказиш учун комплекс чоралар кўришга чақиради.
Резолюцияда барқарор туризмни, жумладан, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, иқтисодий ўсиш, тўлиқ бандликни таъминлаш, қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш ва қишлоқ аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилашга хизмат қилувчи экотуризмни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланади.
Резолюция барча манфаатдор томонларга барқарор ва яшовчан туризмни камбағалликни бартараф этиш, аёллар, ёшлар, кексалар ва ногиронларнинг иштирокини рағбатлантириш, иқтисодий имкониятларни кенгайтириш ҳамда муносиб иш жойлари ва даромад манбаларини яратишнинг муҳим воситаси сифатида фаол илгари суришни тавсия этади.
Kun.uz
- Қўшилди: 28.02.2024
- Кўришлар: 2065
- Чоп этиш