Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгаши тинч аҳоли орасида қурбонларнинг ҳақиқий сони анча юқори эканлигини қайд этди. Украинадаги урушнинг узоқ муддатли оқибатлари кўп авлодлар учун сезилади.
22 феврал, пайшанба куни Женевада тақдим этилган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳисоботига кўра, Украинада икки йилдан ортиқ давом этган Россия қуролли ҳужуми натижасида 10 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлди ва 20 мингга яқин киши яраланди. Ҳужжатда қайд этилишича, Украинада тинч аҳоли орасида қурбонларнинг ҳақиқий сони анча кўп бўлиши мумкин ва уруш оқибатлари кўп авлодлар учун сезилади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Украинадаги Инсон ҳуқуқлари кузатувчилари миссияси томонидан ҳужжатлаштирилган маълумотларга кўра, Россия ҳаракатлари натижасида камида 10 582 тинч аҳоли ҳалок бўлган ва яна 19 875 киши яраланган. Ҳалок бўлганлар орасида 587 нафар бола бор. Ушбу тинч аҳолининг деярли 4300 нафари ёки 40 фоизи 2022 йилнинг март ойида, Россия ҳужумидан кейинги дастлабки ҳафталарда вафот этган.
Қурбонларнинг аксарияти - Украина шарқида
Тинч аҳоли орасида қурбонларнинг аксарияти узоқ масофали портловчи қуроллар туфайли ҳалок бўлган. Айниқса, Украинанинг шарқий вилоятларида жуда кўп тинч аҳоли ҳаётдан кўз юмди, бу ерда 59 та тиббиёт ва 236 та таълим муассасаси вайрон бўлди, яна юзлаб муассасалар зарар кўрди.
БМТнинг бошқа манбаларига кўра, Украина аҳолиси деярли 40 фоизи, яъни 14,6 миллион киши гуманитар ёрдамга боғланган, яна 2,2 миллион украиналик урушдан қўшни давлатларга қочган. БМТ Украинадаги ички кўчганлар сонини 3,5 миллион киши деб ҳисобламоқда.
Kun.uz
- Қўшилди: 23.02.2024
- Кўришлар: 1778
- Чоп этиш