2020 йил 13 май куни Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссиясининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар тарқатди parliament.gov.uz. сайти.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Ўзбекистон парламенти БМТ томонидан инсонпарварлик руҳида қабул қилинган барча ташаббусларини ҳар доим қўллаб-қувватлаб келганини таъкидлади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси 2015 йилда 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш Миллий мақсадлари бажарилишини ўз зиммасига олганлиги яққол мисол сифатида кўрсатилди.
Қуйида академик А.Саидов нутқининг матни тақдим этилмоқда.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш глобал миқёсда ўт очишни тўхтатиш бўйича эълон қилган даъватини Ўзбекистон қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон Республикаси Президентига самимий миннадорчилик изҳор этиб ёзган мактубида Ўзбекистон ҳукумати билан резидент-координатор раҳбарлигидаги БМТнинг Мамлакат гуруҳи ўртасидаги ҳамкорлик юқори даражада эканини алоҳида таъкидлаган.
Бу масалада нафақат ҳукумат, балки Ўзбекистон парламенти ҳам ушбу йўналишда ўзининг самарали хиссасини қўшаётганлигини алоҳида қайд этмоқчиман.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон парламенти БМТнинг инсонпарварлик руҳига йўғрилган барча ташаббусларини ҳар доим қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бунга яққол мисол сифатида Ўзбекистон Республикаси 2015 йилда 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш бўйича Миллий мақсадлар бажарилишини ўз зиммасига олганлигини кўрсатиш мумкин.
Аслида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари иқтисодиёт, ижтимоий ва экологик йўналишлардаги устувор вазифаларни уйғунлаштириб, аъзо-мамлакатларни ўз миллий режаларини глобал мажбуриятлари билан мутаносиб равишда қабул қилишга ундайди.
Шу муносабат билан бугун Олий Мажлис тарихида биринчи маротаба Барқарор ривожланиш мақсадларининг беш йиллик ижроси бўйича тайёрланган ихтиёрий миллий ҳисоботи Парламент комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди ва илк бор он-лайн тарзда ўтказилди.
Бугунги тадбиримизни "Барқарор ривожланиш мақсадлари ижросини таъминлашнинг парламент мезонлари" деб номлаш ҳам мумкин. Чунки, эндиликда Барқарор ривожланишнинг миллий мақсадлари ва вазифалари ҳукумат томонидан қай даражада бажарилаётганлигига парламент томонидан баҳо берилади, натижалар парламент мезонлари билан ўлчанади.
Бу борада парламент Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш учун зарур бўлган қонунларни қабул қилади. Халқаро шартномаларни ратификация қилади Шунингдек, Давлат бюджетини қабул қилади ва ижросини назорат қилади.
Албатта, 2030 йилга қадар ҳали кўп ишларни амалга ошириш лозим бўлади. Энг муҳими, бу йўналишда биринчи ўринда биз қонун хужжатларини босқичма-босқич такомиллаштириб боришимиз зарур.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 14.05.2020
- Кўришлар: 4589
- Чоп этиш