Болалар фаровонлиги: янги даврнинг муаммо ва хатарлари

2020 йил 21 август куни шу мавзуда ўтказилган халқаро онлайн форумда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази мутахассислари иштирок этди.

Тадбир Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазирлигининг Болалар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан ташкил этилди.

Анжуман ишида 300 дан зиёд мутахассис қатнашди. Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қўмитасининг раиси, Россия Президенти ҳузуридаги Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Украина парламентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, ЮНИСЕФнинг Қозоғистондаги вакили шулар жумласидандир.

Халқаро форумда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Ойбек Аҳмадов "Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш: Ўзбекистон тажрибаси" мавзуида маъруза қилди.

Муҳокамалар чоғида ҳозирги пайтда оғир ҳаётий шароитларни бошидан кечираётган болаларни ижтимоийлаштириш масаласи ғоят долзарб экани таъкидланди. Хусусан, қозоғистонлик экспертлар бу борада қуйидаги маълукмотларга эътиборни қаратдилар:

Бугун Қозоғистонда "етимлар" ва "ота-онасининг қарамоғисиз қолган болалар" тоифаларига мансуб 23 минг 641 нафар бола яшайди. Давлат томонидан 19 минг 448 нафар, яъни кўрсатиб ўтилган тоифаларга мансуб болаларнинг 82 фоизини ўз тарбиясига олган оилаларни қонунчилик доирасида қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.

Бу ўринда болаларни васийлик, ҳомийлик, патронат (яъни ота-онасиз қолган болаларнинг меҳнаткашлар оилаларида тарбияланиши шакли) асосида, асраб олган оилаларда ва оилавий тусдаги болалар уйларида тарбиялаш ҳақида сўз бормоқда. Бунинг натижасида болалар уйларидаги тарбияланувчилар умумий сонининг камайиши кузатилган.

Хусусан, 2017-2019 йилларда болалар уйлари тарбияланувчиларининг сони 43 фоиз камайган, яъни илгариги 7 минг 236 нафардан - 4 минг 193 нафарга тушган. Болалар уйлари миқдори эса 140 тадан 101 тага камайган - бу қисақариш 28 фоизни ташкил этмоқда.

Шунингдек, анжуман доирасида етимлар ва ота-онаси қарамоғисиз қолган болаларга масофадан таълим бериш борасида масъул давлат ташкилотлари, таълим муассасалари ҳамда болалар ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланадиган ташкилотларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга доир долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Сўзга чиққанлар COVID-19 пандемияси даврида иш жараёнида рақамли воситалардан фойдаланиш билан боғлиқ самарадор тажриба ва услублар ҳақида ҳам сўз юритдилар.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech