Болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик масаласи Президент назоратида

Президент Шавкат Мирзиёев янги чақириқ Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш масаласини шахсан назоратга олишини таъкидлади. Давлат раҳбари бу масалага алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас.

Ҳар бир бола – келажагимиз пойдевори. Уларнинг хавфсизлиги ва ҳуқуқлари таъминланмасдан туриб, барқарор ривожланиш ҳақида гапириб бўлмайди. Ушбу масала нафақат инсон ҳуқуқлари, балки жамиятнинг маънавий ва руҳий соғломлиги учун ҳам долзарб аҳамиятга эга. 

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг парламент сайловидан кейинги биринчи мажлисида болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш масаласини шахсан назоратга олишини эълон қилди. «Маданиятимизга хос бўлмаган бундай иллатларга қарши муросасиз муносабатда бўлишимиз ва аёвсиз курашишимиз шарт», – деди давлатимиз раҳбари. Мамлакат етакчиси бу масалага алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас. Одатда «айтилмайдиган муаммо» саналадиган мазкур масала билан боғлиқ ҳолатлар расмий рақамларда ҳам анча илгарилаб кетган.

Болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик масаласи: рақамлар

Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили ахборот хизмати жорий тўққиз ойлик фаолият юзасидан маълумот берди. Унга кўра, 2024 йилнинг ўтган тўққиз ойида Болалар омбудсмани котибиятига бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши юзасидан жами 800 та (ойига ўртача 88 та) ёзма мурожаат келиб тушган бўлиб, 2023 йилда ушбу кўрсаткич 443 та (ойига ўртача 37 та)ни ташкил этган. Шунингдек, оғзаки мурожаатлар юзасидан телефон орқали 1 минг 80 та (ойига ўртача 120 та) ҳуқуқий тушунчалар берилган.

Болалар омбудсмани сўрови ва кейинги кузатуви доирасида болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича 33 та маъмурий ва 24 та жиноий иш қўзғатилган, 7 нафар болага ҳимоя ордери берилган, 10 нафар педагог интизомий жазога тортилган. 8 нафар педагог билан меҳнат шартномаси бекор қилинган, шунингдек, яна бир қатор қўшимча чоралар амалга оширилган.

Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган янги қонун

Давлатимиз раҳбари мажлисда қайд этганидек, яқинда боланинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни  ва қадр қимматига тажовуз қиладиган, жисмоний ва руҳий азоб етказиши мумкин бўлган барча ҳолатларда давлат томонидан тегишли ҳуқуқий ва ижтимоий чоралар кўрилиши қонун билан мустаҳкамлаб қўйилди. Яъни, 14 ноябрь куни «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун (ЎРҚ–996-сон) қабул қилинди. 

Қонунга кўра, қуйидагилар болаларга нисбатан зўравонликнинг шаклларидир:

– жисмоний зўравонлик;

– жинсий зўравонлик; 

– руҳий зўравонлик; 

– ғамхўрлик кўрсатмаслик;

– эксплуатация қилиш;

– таъқиб этиш (буллинг).

Болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шакллари тақиқланади. Давлат болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш учун тегишли ҳуқуқий, маъмурий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа чораларни кўради.

Қонунга мувофиқ: 

– зўравонликдан жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари белгиланмоқда;

– болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича якка тартибдаги чора-тадбирлар белгиланиб, жумладан, зўравонликдан жабрланганларга ҳимоя ордери бериш тартиби йўлга қўйилмоқда. 

Шунга кўра, ҳимоя ордери ички ишлар органлари томонидан берилади ва зўравонликдан жабрланувчига ёки унинг қонуний вакилига ваколатли давлат органи иштирокида топширилади. Ҳимоя ордери 30 кун муддатгача берилади ва расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради.

Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади. Агентлик ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш механизми ва чора-тадбирлари тўғрисида ахборот олинишини, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолларининг олди олинишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида туну кун ишлайдиган ишонч телефони ишлашини таъминлайди.

Ишонч телефони орқали олинган ахборотни ошкор этишга йўл қўйилмайди. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.

Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга оид қонуннинг қабул қилиниши нафақат муҳим ҳуқуқий қадам, балки жамиятимизда инсонпарварлик тамойилларини мустаҳкамлаш йўлидаги катта ютуқдир. Президентнинг ушбу масалани шахсан назоратга олгани эса давлатнинг болалар хавфсизлиги ва фаровонлиги масаласидаги қатъий сиёсатини намоён этади.

Эндиликда, янги қонун асосида амалга ошириладиган чора-тадбирлар жамиятдаги ҳар бир фуқаронинг масъулиятини оширади. Болаларимизни ҳимоя қилиш – нафақат давлат, балки ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу қонун ёш авлод учун янада соғлом, хавфсиз ва ҳурматга асосланган муҳит яратишга хизмат қилади.

Умиджон Қурбонов, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech