Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳайъатининг навбатдаги кенгайтирган йиғилиши бўлиб ўтди.
Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раислигида ўтган мажлис видеоселектор тарзида ташкил этилди.
Ҳайъат мажлисида прокуратура органларининг мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 2024 йилнинг 1-ярмидаги фаолияти натижалари кўриб чиқилди.
Танқидий руҳда ўтказилган ҳайъат мажлисида Бош прокурор маъруза қилиб, жорий йил ўтган даврида прокуратура органлари томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган хато - камчиликларга тўхталиб ўтилди.
Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 102 мингга яқин назорат ҳужжати қўлланилиб, 236 минг фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Назорат тадбирлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан фуқароларга ва давлат манфаатларига етказилганлиги аниқланган 1,8 триллион сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланган.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижроси устидан доимий назорат ўрнатилиб, бевосита прокурорлар томонидан 420 минг тупдан зиёд дарахт экилди ҳамда барча ҳудудларида “Прокурор боғлари” барпо этилмоқда.
Тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб - қувватлаш, қулай бизнес муҳитини яратиш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш каби иқтисодиёт ривожидаги долзарб йўналишларда тизимли тадбирлар амалга оширилиб, қарийб 8 минг нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган, 15 минг нафардан ортиғига муаммоларини бартараф этишда кўмаклашилган.
Бюджет тушумлари прогнози ижроси юзасидан кундалик назорат ўрнатилиб, 84,2 триллион сўмлик режа 85,7 триллион сўмга ёки 102 фоизга бажарилиши ҳамда бюджетга қўшимча 9,6 триллион сўмлик тушумлар туширилиши таъминланган.
Ёқилғи - энергетика соҳасида қонунийликни таъминлаш мақсадида ўтказилган қарийб 50 мингта рейд тадбири давомида, 48 мингдан ортиқ ноқонуний ҳолатлар фош этилиб, 217 миллиард сўм зарар ундирилган.
Прокурор назорати тадбирлари ўлароқ, давлат дастурларига киритилган
140 та объектнинг ўз муддатида фойдаланишга топширилиши, 2,4 триллион сўм маблағ тежалиши таъминланган.
Ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб, бу борада ўтказилган назорат тадбирларида ўзбошимчалик билан эгалланганлиги аниқланган 1 минг 442 гектар ер майдонлари захирасига қайтарилиши таъминланган. 1 минг 752 гектар ер майдонларини талон - торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 961 жиноят иши қўзғатилганди.
Маълум бўлишича, халқ билан очиқ мулоқот қилиш, фуқароларнинг қийнаётган муаммоларини ҳал этишга устувор аҳамият қаратилиб, ҳисобот даврида 137 мингта мурожаат бевосита прокуратурада ҳал этилган ва қарийб 30 минг нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тиклангпн.
Мажлисда барча ходимлар хотиржамликка берилмасдан, юклатилган вазифаларни тўлақонли ва сўзсиз ижро этишлари, ташаббускор ва фидойи бўлишлари шартлиги қатъий белгиланди.
Муҳокама натижасига кўра, фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйган ходимларга тегишли чоралар кўрилди.
Н. Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 22.07.2024
- Кўришлар: 1197
- Чоп этиш