Бош прокуратура: тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар сони 1 минг 831 тани ташкил этган

Бош прокуратуранинг Фуқаролик суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармаси томонидан тазйиқ ва зўравонлик ҳамда жинсий жиноятлар оқибатида жабр кўрган жабрланувчиларга (вояга етмаганлар ва хотин-қизлар) етказилган маънавий зарарларни айбдор шахслардан ундириш билан боғлиқ ҳолатлар таҳлил қилиниб, умумлаштирилди.

Аниқланишича, Республикада 2022-2023 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида жиноят натижасида тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар сони 1 минг 831 тани ташкил этган.

Фуқаролик кодексига кўра, маънавий зарар уни етказишда айбдор бўлган шахсдан ундирилади ва маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусияти, шунингдек, айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб белгиланади.

Прокурорлар томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар манфаатида жиноят натижасида етказилган маънавий зарарларни айбдор шахслардан ундириш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича судларга жами 3,8 миллиард сўмлик 74 даъво аризаси киритилган.  

Бош прокуратура ахборот хизматидан маълум қилишларича, тазйиқ ва зўравонлик ҳамда жинсий жиноятлар оқибатида жабр кўрган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш доимий назоратда.

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech