Брюсселда Туркий давлатлар ташкилоти, Венгрия экспортни қўллаб-қувватлаш агентлиги (HEPA) ва Қурғоқчиликнинг олдини олиш институти ҳамкорлигида ТДТ сув форуми ташкил этилди.
“АзерТАЖ” хабарига кўра, анжуманда Бельгия Қироллигида аккредитациядан ўтган ТДТга аъзо давлатлар дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, юқори мартабали амалдорлар, экспертлар, шунингдек туркий ва бошқа давлатларда сув ресурсларини бошқаришга оид долзарб муаммоларни ҳал этиш ва соҳа барқарорлигини таъминлашдан манфаатдор томонлар иштирок этди.
Тадбирда кун тартибидан ўрин олган минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, барқарор сув технологияларини илгари суриш ва яшил ривожланиш учун сармоявий имкониятни ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.
ТДТ Бош котиби Кубаничбек Омуралиев ўз нутқида сув танқислиги ва иқлим муаммоларини ҳал қилишда минтақавий ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Ташкилотнинг қурғоқчилик ва бошқа экологик таҳдидларга чидамлиликни ошириш бўйича инновацион ечимлар, чора-тадбирлар ишлаб чиқиш йўлидаги фаолияти ҳақида маълумот берди.
Сув технологияларига доир самарали ечимлар таклиф қилишда туркий ҳамкорликнинг ўрни муҳимлиги эътироф этилди. Муҳокамаларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Яшил ривожланиш глобал институти каби нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам фаол қатнашди.
Тадбир давомида ТДТ ҳузуридаги Қурғоқчиликнинг олдини олиш институти ходимлари иштирокчиларга мазкур тузилманинг фаолияти, мақсад ва вазифалари, ташаббуслари ҳақида сўзлаб берди.
Форум доирасида HEPA, Венгрия Экологик корхоналар ассоциацияси (GGGI) ва KEXPORT кластери ўртасида туркий давлатлар учун технологик ечимлар жорий этиш ва мавжуд салоҳиятни оширишга хизмат қилувчи Ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Г.Сатторова, ЎзА
- Қўшилди: 07.03.2025
- Кўришлар: 193
- Чоп этиш