Одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги ишлар тизимлаштирилиб, ушбу жиноятдан жабрланганларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, хориждаги Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Бу Сенат ялпи мажлисида “Одам савдоси жинояти учун жазо чоралари кучайтирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокамаси жараёнида қайд этилди.
Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдуҳаким Эшмуродов қонун бўйича маъруза қилиб, ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали одам савдоси жиноятини содир этганлик учун жазо чораси кучайтирилаётганини алоҳида таъкидлади. Қонун билан одам савдоси жиноятини ҳомиладор аёлга нисбатан содир этган шахсларга оғирроқ жазо чораларини белгиловчи ўзгартиришлар киритилишини қайд этди.
Сенатор Қутбиддин Бурхонов 2019 йилда 94 та одам савдоси жинояти содир этилган бўлса, 2023 йилга келиб бу 144 тани ташкил этганини таъкидлади. Ушбу жиноятлар содир этиш мақсадига кўра таҳлил қилинганда эса, сўнгги йилларда аёлларни ёмон йўлларга жалб қилиш мақсадида бундай жиноятлар содир этилиши кўпайгани кузатилди. Ушбу жиноятларнинг аксарияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида содир этилмоқда. Жабрланувчилар эса, ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистон Республикаси ваколатли идораларига ўзларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб мурожаат этиб келмоқда.
Сенатор Орзигул Қозихонова: Қонун билан одам савдоси жинояти объекти бўйича оғирлаштирувчи банд сифатида ҳомиладор аёлга нисбатан содир этилишининг киритилиши, ўйлайманки, юқоридаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлади. Олинган маълумотлардан шуни кўриш мумкинки, одам савдосига қарши курашишда алоҳида йўналишлардан бири бу – чақалоқлар савдоси ҳисобланади.
Биргина, Фарғона вилоятида ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида 24 ёшли аёл вояга етмаган 1 ёшли фарзандини 1,5 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, ушбу суммадан 500 АҚШ долларини олаётган вақтида ушланган. Бу каби ҳолатлар кўп. Аниқланмаган ҳолатлар ҳам талайгина. Чақалоқларни сотиш жиноятларининг сабаблари ўрганилганда, 19 ҳолатда оилавий шароитнинг оғирлиги ва болани боқишга имкон йўқлиги, 3 ҳолатда уй-жой олиш мақсадида, 9 ҳолатда ўз айбини яшириш ва 10 ҳолатда эса моддий манфаат учун бунга қўл урилгани маълум бўлган. Шу каби аянчли ҳолатларнинг олдини олишда кўриб чиқилаётган қонун жуда муҳим ва долзарб. Чунки қонун билан одам савдоси жинояти учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Сенатор Дилбар Сувонова: Афсуски, дунё бўйлаб кўрилаётган кенг қамровли чоралар ҳамда олиб борилаётган тарғибот ишларига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар «замонавий қуллик», яъни одам савдоси қурбонига айланиб қолмоқда. Улар орасида айниқса аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар борлиги ачинарли. Бунинг асосий сабаби илмсизлик, маънавий қашшоқлик, тубанлик, очкўзлик, енгил ҳаёт тарзини ўзига касб қилиш, дунёга ҳаддан ташқари ҳирс қўйиш ва нафсига қул бўлишдир.
Сенатор Муножатхон Йўлчиева: Инсон инсонни сотиши нақадар аянчли ҳолат эканини ҳаммамиз биламиз. Аммо, минг афсуски, орамизда шундай қабиҳ ишларни қиладиган нобакор инсонлар ҳам мавжуд. Шуни эсдан чиқармаслик керакки, одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши муқаррар бўлиши керак.
Сенатор Комила Каромова: Энг ачинарлиси, ўз ҳаётини барбод қилиб бўлган баъзи бир аёллар бошқа аёлларнинг ҳам ҳаётини барбод қилиш орқасидан мўмайгина даромад орттириш ниятида айнан шу жиноятни содир этмоқда. Бундай аёлларнинг хатти-ҳаракатларини асло оқлаб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан Жиноят кодексига фоҳишалик билан шуғулланишга жалб этиш мақсадида содир этилган бўлса, деган норманинг киритилиши айни муддао бўлди, десак муболаға бўлмайди. Зотан, Ўзбекистоннинг шаъни, обрўси, нуфузи, унинг нурли истиқболи ва буюк келажаги ҳамда фарзандларимизнинг фаровон ҳаёт кечиришлари учун ҳаммамиз бирдек масъулмиз.
Сенаторлар маъқуллаган қонун одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олишга, уларга қарши самарали курашишга, бундай қилмишлар учун мутаносиб жазо чоралари белгиланишига, қолаверса, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА
- Қўшилди: 23.12.2024
- Кўришлар: 111
- Чоп этиш