Мамлакатимизда миграция географиясини кенгайтириш асносида Европа Иттифоқи давлатлари, Буюк Британия, Япония, Корея, Канада, Туркия каби иқтисодиёти ривожланган мамлакатлар билан яқин ҳамкорликни изчил ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиляпти.
Буюк Британия меҳнат бозори Ўзбекистон учун нисбатан янги ҳисобланади. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан қиролликнинг бир қатор иш берувчилари билан олиб борилган музокара натижасида муайян келишувларга эришилган.
Натижада 2022 йилдан ушбу давлатга фуқароларимизни ишга жўнатиш йўлга қўйилди. Рақамларга мурожаат қиламиз: 2022 йил 80 нафарга яқин, 2023 йил эса 1900 нафардан зиёд юртдошимиз Буюк Британияга қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаш учун жўнатилган.
Бирлашган Қироллик қишлоқ хўжалиги соҳасида мавсумий ишлаш мақсадида Айни пайт 16 январь куни рўйхатдан ўтган фуқаролар учун 22-27 январь кунларига белгиланган иш берувчи вакиллар иштирокидани танлов давом этмоқда.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ходимларини малакасини ошириш марказида Наманган, Фарғона, Андижон, Сирдарё, Жиззах, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган даъвогарлар синовдан ўтказилди.
Агентлик томонидан шаффофликни таъминлаш, танлов жараёнини кузатиб бориш мақсадида журналистлар учун персс-тур ташкил этилди.
Матбуот тадбирида таъкидланишича, муассаса томонидан хорижда ишлаш истагини билдирган юртдошларимизни дунёнинг ривожланган давлатларига юбориш бўйича тизимли ва самарали иш олиб бориляпти.
Ушбу йўналишда хорижнинг ваколатли давлат ташкилотлари ва салоҳиятли иш берувчилари билан доимий музокара олиб борилиши натижасида 2023 йил 19 давлатнинг 90 га яқин ташкилоти билан ҳамкорлик келишуви имзоланиб, уюштирилган тартибда Ўзбекистон фуқаролари хорижга ишга жўнатилмоқда.
Танловда иш берувчи вакиллари томонидан номзодлар чет тилини билиши ва касбий малакасига кўра сараланмоқда.
– Буюк Британияга ишга юбориш тўғрисидаги эълонни эшитиб, онлайн тарзда рўйхатдан ўтдим ва бугунги танловда иштирок этяпман, – дейди наманганлик Шуҳрат Ҳасанбоев. – Шаффоф ташкил этилган суҳбатдан олдин хориждаги иш жараёни ҳақидаги тавсиялар билан батафсил танишдик. Танловдан муваффақиятли ўтиб, хорижда ишлаб келаман, оилам моддий таъминотини яхшилаш билан бирга инглиз тилини ҳам чуқурроқ ўрганиб қайтаман, деган умиддаман.
Хорижлик вакиллар қайд этишича, ҳамкорлик давом этиши учун мигрантлар қонунни бузмаслиги, меҳнат шартномаси шартига риоя қилишига кўп жиҳатдан боғлиқ. Буюк Британия ҳукумати ва иш берувчилар ишончи кейинчалик Ўзбекистондан янада кўпроқ фуқароларни ишга жалб қилиш имкониятини оширади.
– Агентлигимиз хавфсиз, тартибли ва қонунинй меҳнат миграциясини амалга ошириш мақсадида фуқароларни хорижга ташкилий тарзда ишга юборяпти, – дейди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мутахассиси БобурТемурбоев. – Буюк Британияга жўнатиш дастури 2022 йил бошланган. Биринчи йил юзга яқин фуқаро ишга юборилган, ўтган йил эса бу рақам икки мингга етди. Жорий мавсум эса беш мингга яқин хорижда ишлаш истагидаги ватандошимизни ривожланган давлатларга ишга жойлаштиришни режалаштирганмиз. Мазкур лойиҳа доирасида меҳнат мигрантлари мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига олти ой муддатга юборилмоқда. Ишчилар соатбай ишлайди ва шу асосда маош олади. Ҳафтасига камида 32 соат, кўпи билан 60 соат ишлаш мумкин.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Агентлик томонидан 2023 йил 38 мингдан кўп фуқаромиз хорижий давлатларда манзилли ишга жойлаштирилган.
Гўзал Сатторова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА
- Қўшилди: 26.01.2024
- Кўришлар: 2671
- Чоп этиш