Ўзбекистон делегациясининг таклифига биноан БМТ Бош котиби ўринбосари ва БМТ Атроф-муҳит дастури (UNEP) ижрочи директори Ингер Андерсен Боку шаҳрида COP29 доирасида тақдим этилган Ўзбекистон Миллий павильонига ташриф буюрди.
И.Андерсен Ўзбекистон павильонига қизиқиши юқори бўлгани учун атайин ташриф буюрганини ва Ўзбекистонга ташрифини катта таассуротлар билан ёдга олишини таъкидлади.
Ташриф давомида БМТ Бош котиби ўринбосари Ўзбекистонга UNEP ва унинг тузилмалари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, хусусан, UNEP экологик конвенциялари юқори даражадаги тадбирларини фаол бошлагани, шу жумладан, БМТ Конвенциясининг бажарилишини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси, Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенция иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилиши ва Йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция иштирокчилари конференциясининг 20-йиғилиши учун миннатдорлик билдирди.
И.Андерсен COP29 кўргазмасидаги Ўзбекистон павильони мамлакатнинг барқарор ривожланиш масалаларини ҳал этишга ҳар томонлама ёндашувини намойиш этганини қайд этди.
UNEP раҳбари 2025 йил 24 ноябрдан 5 декабргача Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция иштирокчиларининг 20-конференциясига таклиф қилинди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА
- Қўшилди: 19.11.2024
- Кўришлар: 823
- Чоп этиш