Аввал хабар берганимиздек, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссияси ташаббуси билан ижтимоий тармоқларда “Ташаббусли бюджет” учун айрим соҳа вакилларининг овоз йиғиш ишларига жалб қилинганлиги ҳолатлари атрофлича ўрганилди.
Давлат меҳнат инспекцияси томонидан олиб борилган ўрганиш натижалари бўйича Бухоро вилояти Ромитан тумани 18-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори томонидан мактаб ўқитувчиларини лавозим йўриқномасига кирмайдиган “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига овоз йиғишга мажбуран жалб қилганлиги аниқланиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси иккинчи қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида маъмурий жарима қўлланилди.
Миллий комиссия барча масъулларни, шунингдек, иш берувчиларни, ҳудуд раҳбарларини ходимларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга чақиради.
Шу ўринда Конституциямизга мувофиқ ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эгалиги, шунингдек, мамлакатимизда мажбурий меҳнат тақиқланганлиги ҳамда миллий қонунчилигимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланганлиги ҳақида эслатиб ўтамиз.
Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб
меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия
- Қўшилди: 10.09.2024
- Кўришлар: 803
- Чоп этиш