Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” давлат дастури ҳамда “Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг 2023 йилда бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи атрофлича муҳокама қилинди.
Ҳисоботда келтирилганидек, 2023 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6 фоизни ташкил қилган. Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш йўналишида ҳам қатор ишлар амалга оширилган. Яъни, мактабгача таълим билан қамров даражасини ошириш йўналишида 3-7 ёшли 2,1 миллион бола сифатли мактабгача таълим билан қамраб олинган. Янги мактабларни қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш ҳамда уларда зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида 563 та мактабда қурилиш ишлари якунланган, 46 та спорт зали бинолари қурилган. Шунингдек, республика бўйича қуввати 116 минг нафар ўринга мўлжалланган 4 минг 402 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилган.
Аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш йўналишида кенг кўламли ишлар амалга оширилган. Жумладан, “Аёллар дафтари”га киритилган 1 млн. 779 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 993 минг 368 нафарига ёрдам кўрсатилган. Шу билан бирга, “Ёшлар дафтари”га жами 435 минг 316 нафар ёш киритилиб, уларнинг 388 минг 70 нафарига контракт тўлови, меҳнат қуроллари учун маблағ, муддатли ҳарбий хизмат бадали, ҳайдовчилик курслари, касб-ҳунарга ўқиш ва даволаниш каби йўналишлардаги харажатлар учун 444 млрд. сўм қоплаб берилган. Хусусан, банд бўлмаган 17,5 минг нафар ёш илм-фан, замонавий касблар ва ҳайдовчиликка ўқитилган. 31,5 минг нафар ногиронлиги бўлган ва бемор ёшларга даволаниш харажатлари тўлаб берилган, ишсиз бўлган 18,5 минг нафар ёшга 60 млрд. сўмлик меҳнат қуроллари ажратилиб, маҳалланинг ўзида бандлиги таъминланган.
Бундан ташқари, республика бўйича оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган турар жойга муҳтож жами 4 минг 138 нафар хотин-қиз уй-жой билан таъминланиб, 3 минг 488 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз махсус жарроҳлик амалиётидан ўтказилган.
Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини тўлиқ ишга солиш мақсадида хизматлар соҳасини ривожлантириш учун 15 минг 171 та савдо сервис объекти ташкил этилиб, 96 минг 115 та иш ўрни яратилган.
Ҳисоботда келтирилишича, “Яшил энергия” технологияларини кенг жорий қилиш доирасида насос станцияларининг электр энергияси истеъмолини камайтириш мақсади йўналишида 177 та насос ҳамда 237 та электродвигателлар янгисига алмаштирилган. Экологик вазиятни барқарорлаштириш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини кенгайтириш йўналишида республика бўйлаб жами 219,1 млн. туп, шундан баҳор мавсумида 127,7 млн. туп, куз мавсумида 91,4 млн. туп манзарали ва мевали дарахт, бута кўчатлари экилган.
Муҳокамаларда депутатлар Давлат дастури доирасида аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, даромадларни ошириш, фан ва узлуксиз таълимни ривожлантириш, хотин-қизлар, ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш, одамларнинг турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган ишлар амалга оширилганини юқори баҳолади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 06.03.2024
- Кўришлар: 1842
- Чоп этиш