Давра суҳбати: Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия - амалда

Бугунги кунда фарзандига таълим ва тарбия бераётган ўқитувчиларнинг машаққатли меҳнатига етарлича баҳо бермайдиган, муаллимлар хизматини қадрламайдиган ва педагогларнинг касбий фаолиятига асоссиз равишда аралашадиган ҳамда улар ўз вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилаётганлар ҳам учраб турибди.

Шундай ҳолатларнинг олдини олиш ва педагоглар фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликни кучайтириш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижроси доирасида миллий қонунчиликка зарур ўзгартиришлар киритилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети  билан ҳамкорликда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг моҳияти ва аҳамиятига бағишлаб ўтказган давра суҳбатида, жумладан, шу ҳақда сўз борди.

Видеомулоқот шаклида ташкил этилган ушбу тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходимлари, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети профессор-ўқитувчилари ҳамда 2-3-босқич талабалари иштирок этди.

Онлайн анжуманга Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Нозима Муратова модераторлик қилди. Қизғин мулоқот доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг долзарблиги ва аҳамияти, мақсади ва вазифалари, шунингдек мазкур ҳужжатда белгиланган салмоқли ва қамровдор вазифаларни тўлиқ ҳамда ўз вақтида бажаришнинг аниқ механизмлари ҳақида фикр юритилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Ойбек Аҳмадов ўз сўзида, аввало, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида бутун халқимиз янги Ўзбекистонни бунёд этиш учун шиддатли ва қамровдор ислоҳотларни амалга ошираётганига эътиборни қаратди. Жорий йил 13 октябрда БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон тарихда илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига кўпчилик овоз билан уч йиллик муддатга сайлангани инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг энг ёрқин самараларидан биридир.

Бундан олдин, яъни жорий йил 22 июнда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармон ҳам айни соҳа ривожи йўлида улкан қадам бўлди. Миллий стратегиянинг мақсади – Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш борасида изчил олиб борилаётган давлат сиёсатининг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб олиш ҳисобланади.

Фармон билан Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалари нормаларини бажариш юзасидан масъул давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишлари белгиланди. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини бажаришга тўсқинлик қилаётган сабаб ва шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш ана шундай асосий йўналишлар сирасига киради.

Фармон билан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони таъсис этилди. Кўкрак нишони инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини оширишда кўрсатган хизматлари учун ҳар йили 10 декабрь - Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида топширилади.

Шунингдек, ҳар икки йилда юқори савияда ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий давлатлар мутахассислари ва фахрий меҳмонлар иштирокида Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 октябрдаги қарорига мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми концепцияси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ўтказиш регламенти тасдиқланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бош юристконсульти Рустам Атовуллоев мазкур Фармон билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқлангани хусусида ахборот берди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ Миллий стратегия ва “Йўл харитаси” амалга оширилиши юзасидан мунтазам мониторинг олиб боради. Ушбу ҳужжатларда кўзда тутилган чора-тадбирлар сифатли ва ўз вақтида ижро этилиши бўйича таклиф ва тавсияларни тегишли вазирлик ва идораларга киритади.

Ўз навбатида, “Йўл харитаси”да белгиланган масъул ижрочилар тегишли вазифалар ижроси тўғрисидаги маълумотларни ҳар ойнинг 5-санасига қадар Марказга тақдим этади.

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети юристконсульти Нафиса Эшонқулова қайд этганидек, 2020 йил 21 июлда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 197⁵-модда билан тўлдирилди.

Мазкур кодекснинг янги моддасида таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим муассасаси педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилиш жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланди. Унга мувофиқ, бундай турдаги ҳуқуқбузарлик содир этгани учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорида жарима қўлланилади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорида жарима белгиланди.

Ҳуқуқбузарлик содир этилганида таълим муассасаси педагог ходими маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузмасдан судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. У ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси, ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақти ва унинг мазмуни, моҳияти ҳамда ишни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни тақдим этиши лозим бўлади.

Бундан ташқари, давра суҳбати иштирокчиларининг фикрича, “Ўқитувчиларнинг мақоми тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш, унга педагоглар касбий фаолиятига ота-оналар, ваколатга эга бўлмаган идора ва ташкилотлар аралашиш ҳуқуқига эга эмаслиги тўғрисидаги нормани киритиш, ўқитувчилик фаолиятининг эркинлиги ва кафолатларини қонун йўли билан мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқдир. Буларнинг барчаси ўқитувчиларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиб, уларнинг жамият ва ҳаётдаги мавқеини янада оширади.

Анжуман якунида Ўзбекистонда Миллий стратегия тимсолида инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ҳужжатнинг қабул қилиниши ушбу соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги мавқеи яхшиланишига хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Мулоқот сўнгида талабалар билан савол-жавоблар самимий суҳбатга айланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech