ЎзА хорижий дипломатлардан блиц-интервью олди
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги якунига бағишланган сессия – “Ўзбекистон ташқи сиёсати: тинчлик, очиқлик ва тараққиёт йўлида” мавзусидаги давра суҳбатида мамлакатимиз ташқи сиёсатининг замонавий даврдаги фундаментал асоси ва стратегик устувор йўналишлари таҳлил қилинди. Анжуманда сиёсатчилар ва экспертлар, шунингдек чет давлатларнинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари ҳам иштирок этди.
ЎзА мухбири тадбир бошланиши олдидан дипломатлар билан блиц-интервью ташкил қилди. Билдирилган фикрлар замирида “Ўзбекистон ташқи сиёсати “ҳамкорлик орқали фаровонлик” тамойилига асослангани мамлакатнинг минтақа ва жаҳонда барқарорлик, фаровонликка интилишини ифодалайди” ғояси устуворлик касб этди:
Демия Зуҳайр Ҳаддод (Иордания):
– Ҳақиқатан Ўзбекистонда жуда қисқа муддат, яъни сўнгги 8 йил ичида кузатилган ривожланиш барчани ҳайратлантирмоқда. Айниқса, трансформация жараёнини эътироф этмай илож йўқ. Ислоҳотлар самарасини барча, жумладан сўз эркинлиги, демократия, иқтисодиёт, инсон ҳуқуқи каби асосий йўналишларда кўряпмиз. Ва мана шу ўзгаришларнинг навбатдаги босқичини энди, сайловдан кейин кўришимизга ишончим комил.
Олган Бекар (Туркия):
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси туфайли ҳозир Ўзбекистонда улкан ўзгаришлар юз бермоқда. Бугун биз республикани минтақавий барқарорлик ва тинчлик ортида турган муҳим давлат сифатида биламиз. Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги ҳам мамлакат тараққиётини дунёга кўрсатмоқда.
Вон До Ён (Жанубий Корея):
– Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлиги таълим, иқтисодиёт, сиёсат ва маданият соҳаларида кенг ривож топмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро майдондаги қатор таклиф, ташаббуслари туфайли республика ташқи сиёсатда етакчи мамлакатлар қаторига қўшилди. Бугун юртингиз барча йўналишларда катта ютуқларга эришмоқда. Ушбу ислоҳотлар Ўзбекистонни минтақадаги энг ташаббускор давлатга айлантирмоқда.
Орелия Бушез (Франция):
– Ўзбекистон очиқлик сиёсати, халқаро ҳамжамият, хусусан жаҳон иқтисодиётига ҳар томонлама интеграциялашув, шунингдек кўп қиррали давлат қуриш сиёсатини қатъият билан давом эттираётганига гувоҳмиз. Сўнгги йилларда мамлакат турли йўналишларда халқаро ҳамкорлик кўламини изчил кенгайтириб бормоқда. Айниқса, Осиёдан тортиб, Европа ва Америка давлатларигача, барча соҳаларда янгича таклиф, ташаббуслар илгари сураётган юрт сифатида дунё ҳамжамияти эътирофига сазовор бўляпти. Бугун йирик лойиҳалар устида иш олиб бораётган, турли мамлакатларда маданий салоҳиятини намойиш этаётган Ўзбекистон Европа давлатлари, жумладан Франция билан ҳам яқин ҳамкорлик ўрнатган.
Рейнис Трокш (Латвия):
– Элчи бўлганимдан буён Ўзбекистоннинг тараққиётга интилиш йўлидаги кучли саъй-ҳаракатига шахсан гувоҳман. Мамлакат дунёга кенг очилмоқда. Шу ўринда Латвия билан ҳам нафақат анъанавий қалин алоқалар сақлаб қолингани, балки ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётганини ҳам кўряпмиз. Халқларимиз ўртасида яхши мулоқот йўлга қўйилган. Бугунги кунда кўплаб ўзбек талабалари Латвияда таҳсил оляпти. Давлатимиз Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашдан манфаатдор. Биз буюк давлат ва жамият қураётган Ўзбекистонни яхши кўрамиз, янада кўпроқ ислоҳотлар амалга оширишда республикага ёрдам беришга тайёрмиз.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар:
– Ўзига хос ва кенг кўламли стратегияга эга Ўзбекистон бугунги кунда демократик жараёнларда жуда фаол. Айниқса, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар республикани Марказий Осиёдаги энг муҳим ва стратегик шерик сифатида билади. Негаки, мамлакатда энг аввало иқтисодий барқарорлик шаклланган, тадбиркорларга кенг имконият яратилган. Биз Ўзбекистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА мухбири
- Қўшилди: 04.11.2024
- Кўришлар: 540
- Чоп этиш