Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи – UNA-OIC маълум қилишича, Ғарбий Африкада жойлашган Гамбия пойтахти Банжул шаҳрида 4-5май кунлари ИҲТга аъзо мамлакатлар давлат, ҳукумат раҳбарлари, қатор бошқа давлатлар юқори мартабали вакиллари иштирокида XV Ислом саммити бўлиб ўтди.
“Барқарор ривожланиш йўлидаги мулоқот орқали бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш” мавзусида ўтказилган тадбирнинг очилишида сўзга чиққан Гамбия Президенти Адама Барроу ИҲТни Ғазо секторида “тинчлик ва ярашув сари янги йўлни белгилаш”га чақирди. Унинг таъкидлашича, ушбу анжуман аъзо давлатлар учун мулоқот орқали ўзаро ва кўп томонлама муносабатни мустаҳкамлаш, вазиятни чуқуррок тушуниш мақсадида тажриба алмашиш, жамоавий тинчлик ва инклюзив барқарор ривожланишни таъминлаш учун миллий чегаралардан ташқарига чиқадиган инновацион резолюцияларни қабул қилишга ноёб имконият беради.
ИҲТ Бош котиби Хусайн Иброҳим Тоҳа Исроил армиясининг Ғазодаги ҳаракатини қоралаб, Фаластин халқини қўллаб-қувватлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.
Саудия Арабистони Подшоҳлиги ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фарҳон бин Абдуллоҳ Ол Сауд ҳамда Миср ташқи ишлар вазири Сами Шукрий Фаластин халқини қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳуқуқнинг кафолатланган барча қонуний унсурларига эга бўлмагунча, адолатсизликни бартараф этиш масаласи устувор бўлиб қолаётганига урғу берди. Анклавда зудлик билан ва бутунлай ўт очишни тўхтатиш, хавфсиз гуманитар йўлаклар фаолиятини таъминлаш, Фаластин халқи азоб-уқубатига чек қўйиш, қонуний ҳуқуқ, жумладан ўз тақдирини ўзи белгилаш ва мустақил давлат барпо этиш ҳамда хавфсизликда яшаш каби талабларни яна бир бор таъкидлади.
Икки кун давом этган XV Ислом саммитида Фаластин ва Ал-Қудс Аш-Шариф масаласи бўйича махсус резолюция, кенг қамровли коммюнике ва Банжул декларацияси қабул қилинди.
Муҳаррама Пирматова,
ЎзА
- Қўшилди: 07.05.2024
- Кўришлар: 1523
- Чоп этиш