11 ноябрь куни Нукус шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташаббуси билан “Гендер тенгликни таъминлашда суд тизимининг ўрни” мавзусида амалий семинар ўтказилди.
Анжуман Олий суд, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тадбирда гендер тенглигига эришиш ва миллий суд тизимида гендер жиҳатларни қамраб олган "Йўл харитаси"ни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Семинар давомида гендер тамойилларини суд тизимига жорий қилишда қўлланиладиган халқаро андозалар ва амалиёт ўрганилди. Одил судловни амалга оширишда гендер тенглик таъминланишини кафолатлаш, гендер тенгликни таъминлаш ва гендерга доир камситишларни бартараф этишда судьяларнинг ўрни, аёлларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш ва суд тизимида аёллар иштирокини янада кўпайтириш бўйича Ўзбекистон тажрибаси кенг таҳлил этилди.
Хусусан, “Аёлларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш: энг яхши халқаро тажриба ва миллий амалиёт”, “Суд тизимида аёл-судьялар сонини ошириш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш”, “Аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасида судлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш учун гендер индикаторларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш”, шунингдек “Суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш бўйича "Йўл харитаси"нинг лойиҳаси” мавзуларида таҳлилий тадқиқотлар тақдим қилинди.
Тадбирда таъкидланганидек, 2017 йилда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу йўналишда, жумладан, мамлакатимиз томонидан қабул қилинган халқаро конвенция ва шартномалар, БМТнинг инсон хуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий органларининг тавсияларидан келиб чиққан ҳолда, ҳукуматнинг халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларни амалга оширишга доир чора-тадбирлари қабул қилиниши назарда тутилган.
Ўзбекистон Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни қабул қилиш орқали БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш тарафдори эканини тасдиқлади. Мазкур ҳужжатнинг 5-мақсади - гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, 16-мақсад эса Барқарор ривожланиш мақсадлари йўлида тинчликсевар ва очиқ жамиятлар барпо этилишига кўмаклашиш, барча учун одил судлов имкониятидан фойдаланишни таъминлаш ва барча даражаларда самарали, ҳисобдор ва кенг иштирокка асосланган муассасаларни ташкил этиш масалаларига бағишланган.
2019 йилда «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида» ҳамда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди. Ҳар икки қонунда хотин-қизлар камситиш ёки тазйиққа учраган ҳолларда судга мурожаат қилишини кўзда тутадиган нормалар мавжуд.
Семинар ишида Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Олий суд, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Тошкент давлат юридик университети вакиллари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги судлар судьялари ва суд ходимлари иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.11.2020
- Кўришлар: 3992
- Чоп этиш