Германия яқин-яқинларгача ижтимоий таъминотдан тортиб, чет давлатларга ёрдам беришгача дунёдаги энг саховатли донорлардан бири, деб ҳисобланган. Афсуски, сўнгги йилларда миллий даромад пасайиб кетиб, мамлакат ҳукумати бюджет тақчиллигига дуч кела бошлади.
Европаликлар орасида немисларни энг сахий одамлар дейишади. Масалан, ресторан ёки бирор тамаддихонада хизмат кўрсатиш қониқарсиз бўлса ёки хўрандага таом ёқмаса ҳам деярли 20 фоиз мижоз официантга, озгина бўлса-да, чойчақа қолдиради. Балки, бу ўхшатиш бироз ноўриндир... нима бўлганда ҳам немисларни сахийлик бобида шундай таърифлашади.
Тадқиқотчилар фикрича, дунёдаги энг ривожланган ижтимоий таъминот тизимига эга Германия мунтазам равишда ЯИМнинг 25-30 фоизини пенсия, соғлиқни сақлаш, ишсизлик нафақаси каби нафақаларга сарфлайди ва бу кўрсаткич бўйича Европада биринчи ўринни эгаллаган. Расмий ривожланиш ёрдами (РРЁ) бўйича дунёда иккинчи ўринда туради, яъни ривожланаётган мамлакатларга тараққиёт ва фаровонлик учун ёрдам кўрсатади. 2022 йил ушбу мақсадлар учун 32 миллиард евро сарфлаган бу мамлакат миллий даромад улуши бўйича дунёдаги иккинчи йирик донорга айланди. Энди эса ҳаммаси ўзгариб кетиши мумкин.
Германия иқтисодиётига нима бўляпти?
Германия юқорида тилга олинган жабҳаларга бемалол пул сарфлай олиши экспортга йўналтирилган кучли иқтисодиёт туфайлидир. Сўнгги йилларда сусайиши сезила бошланган иқтисодиёт 2023 йил 0,3 фоиз қисқарди. Натижада ГФР Европадаги ўсмаётган ягона иқтисодиётга айланди. Энг ачинарлиси, бу йил ҳам ўзгариш кутилмаяпти. Яқинда Буюк Британиянинг “The Economist” нашри мамлакатга “Европанинг касал одами” дея таъриф берди.
Таҳлилчилар иқтисодий ривожланишга тўсқинлик қилаётган муаммоларни санаб ўтишди: ҳаддан ташқари бюрократия, инновация ва инфратузилмага давлат сармояси йўқлиги, энергия нархи юқорилиги. Келгуси беш йил ичида икки миллионга яқин одам пенсияга чиқиши Германиянинг доимий ўсиб бораётган пенсия тўлови тизимига жиддий зарба бериши мумкин. Ҳукумат эса пасайиб бораётган иқтисодий жараёнда бу муаммодан қандай чиқиш ҳақида бош қотиришига тўғри келади. Бунинг устига, яқинда Украина Президенти Владимир Зеленский билан Олаф Шольц келишувига кўра, Украинага яхшигина маблағ ажратилиши ҳам кўзда тутилган. Айни дам мамлакатда фермерлар норозилиги, темир йўл хизматчилари иш ташлаши ва уларнинг талабини қондириш масаласи Германия ҳукуматини бироз “довдиратиб” қўйди.
Борган сари жиддий муаммога айланаётган яна бир масала бор: қарз. Германия конституциясига кўра, давлат йилига мамлакат миллий даромадининг 0,35 фоиздан кўпини қарз сифатида ололмайди. Бу мамлакат учун фойда ёки зарарлиги тўғрисидаги фикр ҳам турлича. Айримлар, жумладан, Германия Социал-демократик партияси ва ҳозир ҳукмрон коалициянинг бир қисми бўлган “Яшиллар” партияси аъзолари қонунни ё ислоҳ қилиш ё бекор қилишни хоҳламоқда. Улар конституциядаги бу меъёр инфратузилма ва атроф-муҳит муҳофазаси учун зарур сармоя киритишга тўсқинлик қилаётганини таъкидламоқда.
Бошқалар, жумладан, ҳукуматнинг учинчи ҳамкори бўлган Либерал демократлар ва бошқа мухолифат партия вакиллари бу қонунни ўзгаришсиз қолдириш керак, деб ҳисоблайди. Таъкидланишича, бу қонун сиёсатчиларни молиявий жиҳатдан масъулият сезишга мажбур қилади ва давлат қарзини лозим тартибда бошқаришга кўмаклашади. Ўтган йил ноябрь ойида Конституциявий суд ўз қарори билан ҳукуматни бюджетни қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. Бундай муаммолар юзага чиқаётгани аҳоли кайфиятига ҳам сезиларли таъсир қила бошлади.
Немислар энди тежамкор бўладими?
Хорижий тараққиёт институти 2023 йил ўтказган сўров хулосаси кўрсатилган ҳужжатда Халқаро ёрдам ғояси немислар орасида обрўсини йўқотаётгани таъкидланган. 2018 йил худди шу мавзуда ўтказилган сўров натижасига кўра, немисларнинг 93 фоизи “ривожланаётган мамлакатларга ёрдам бериш” муҳим деб ҳисоблаган. 2023 йил ноябрь ойида ўтказилган янги сўровда аҳолидан 2024 йил бюджетини қай тарзда қисқартириш мумкинлиги сўралган. Жавоб берувчиларнинг 50 фоиздан кўпи хорижга кўрсатилаётган ёрдамдан тежашни таклиф қилган, яна 32 фоизи ижтимоий суғурта учун давлат тўловини камайтириш керак, деган. 2022 йил Германия иқтисодиёт институти экспертлари Лондон Иқтисодиёт мактаби учун тайёрлаган мақолада миграцияга қарши кайфият кўпинча ижтимоий таъминот, яъни ким қандай нафақа олиши мумкинлигига оид қарашга таъсир қилади, деб таъкидлаган. Шу ой Европа ташқи алоқалар кенгаши томонидан чоп этилган тадқиқот хулосаси немислар орасида миграция ўта жиддий ташвиш уйғотаётганини кўрсатди. Германияга муҳожирлар оқими кўплиги немис ижтимоий тизими сахийлиги билан боғлиқ, жамоатчилик безовталиги айнан шундан, дея баҳоланган.
Хўш, ҳукумат вазиятдан қандай чиқиб кета олади?
Германияда ўнг қанот ҳисобланган “Германия учун муқобил” партияси 2023 йил сайловда кўпроқ овоз олишидан рағбатланиб, ўз бюджет харажатини қисқартиришга бир неча қарши таклифни илгари сура бошлади. Ўтган йил сентябрь ойида партия етакчиларидан бири Тино Хрупалла тақдим этган сиёсий ҳужжатда “миграция, иқлимни муҳофаза қилиш ва ривожланиш сиёсати соҳасидаги” федерал харажатни қисқартириш таклиф қилинди. Сўнгги пайтда ҳукумат ичида ҳам бу борада танқидий овозлар янграй бошлади: ҳукмрон коалициянинг Эркин демократик партияси раиси ўринбосари Вольфганг Кубики айтишича, Германия чет давлатларга бериб, “пулни исроф қилмоқда”.
2024 йил бюджети лойиҳаси январь ойи ўрталарида парламент масъул қўмитаси томонидан, ниҳоят, маъқулланди. Ҳужжатда Мудофаа вазирлигидан ташқари барча вазирликлар тежамкорлик билан иш юритиши зарурлиги кўзда тутилган. Бу орада молия вазири Кристиан Линднер узоқ вақт ишсиз қолганлар учун ижтимоий нафақа ислоҳотини ҳам эълон қилди.
Бу ислоҳот бошқа ижтимоий имтиёзларга таъсир кўрсатмайди, деб ҳисобланмоқда. Молия вазири ислоҳотида ташқи ёрдам энг кўп қисқартирилган, яъни 2023 йилга нисбатан, деярли, 2 миллиард еврога камайган. Шунга қарамай, Германия ҳамон ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик ва иқлим бўйича халқаро молиялаштириш соҳасида етакчи бўлиб қолишни режалаштирмоқда, деди Линднер. Бу албатта, тахмин, режа.
Кенжа Бекжонов,
ЎзА шарҳловчиси
- Қўшилди: 29.01.2024
- Кўришлар: 2552
- Чоп этиш