Глобал ҳамкорлик: ЕХҲТ Доимий кенгашида Самарқанд форуми якунларига доир маъруза тақдим этилди

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Доимий кенгаши мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Австриядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абат Файзуллаев 2020 йил 12-13 август кунлари «Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари» мавзуида ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форумининг якунлари тўғрисида маъруза қилди, деб хабар берди Вена шаҳридан  «Дунё» АА мухбири.

ЕХҲТ Доимий кенгаши мажлисида 57 та иштирокчи мамлакат ва 11 та ҳамкор давлат дипломатик миссияларининг барча раҳбарлари,   шунингдек ЕХҲТ Котибияти вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Элчиси Самарқанд форуми ишида 1000 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашганини таъкидлади. Булар асосан халқаро ва минтақавий ташкилотлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, хорижий ммлакатлар давлат органлари, халқаро ва миллий нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда ёшлари ташкилотлари вакилларидир.

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидан мазкур халқаро анжуманда ЕХҲТ Бош котиби вазифасини бажарувчи, Низоларнинг олдини олиш маркази директори Туула Юрьёля, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси президенти Георгий Церетели ва ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директорининг биринчи ўринбосари Катаржина Гардапхадзе фаол иштирок этди.

Самарқанд форумида таъкидланганидек, БМТ доирасида ва ундан ташқарида ёшлар масаласи тез-тез муҳокама марказига қўйилмоқда. Аммо, глобал ривожланиш даврида олдинга қараб бир неча қадам, натижали қадамлар қўйиш зарурати мавжуд. Шу нуқтаи назардан, иштирокчиларнинг баҳолашича, Самарқанд веб-форуми ер юзидаги ёшларнинг ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорликнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлашга қаратилгани билан ғоятда аҳамиятлидир.

Самарқанд форуми иштирокчилари Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция лойиҳасини атрофлича муҳокама қилдилар. Мазкур халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТнинг 72-сессиясида илгари сурилган.

Самарқанд форуми давомида қайд этилганидек, бундай Конвенциянинг зарурати бугунги кун воқеликлари ва талаблари, соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар билан ўзаро боғлиқ ва ҳамоҳангдир. БМТ Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенциясининг қабул қилиниши келгусида жаҳондаги барча давлатлар ёшлар масалаларига бўлган эътиборни тубдан оширишига хизмат қилади.

Ушбу халқаро ҳужжатнинг мақсади - дунё бўйича икки миллиард нафардан зиёд ёшларнинг эҳтиёжларини қондириш, навқирон авлод вакилларининг энг мақбул қизиқишлари, эркинликлари ва ҳуқуқлари кафолати ҳамда салоҳиятини мустаҳкамлаш учун халқаро, минтақавий ва миллий даражадаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришдан иборат.

Худди шундай истиқболли ташаббуслар ва амалий таклиф-тавсиялар халқаро анжуманнинг якуний ҳужжати - «Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари» деб номланган Самарқанд резолюциясидан ҳам жой олган.

Мажлис якунида «Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари» деб номланган Самарқанд резолюцияси ЕХҲТ Доимий кенгашининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech