Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
“Ал-Жазира” нашри ёзишича, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа туризмга иқтисодий ўсиш, айниқса ИҲТга аъзо давлатлар таянчини ташкил этувчи микро, кичик ва ўрта корхоналар учун кучли рағбат, дея таъриф берди.
Бош котиб фикрича, Хива шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Туризм вазирлари ислом конференциясининг XII сессияси очилишида аъзо давлатлар инфратузилмага сармоя киритиш, маданий меросни ўрганиш ва тадбиркорлик имкониятини кенгайтириш орқали инновацияни рағбатлантириши, кенг қамровли ўсишни таъминлайдиган кичик ва ўрта корхоналар фаолиятини ривожлантириши мумкин.
Ҳусайн Иброҳим Тоҳа Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Туризм ташкилоти маълумотига таяниб, сайёҳлик компанияларининг қарийб 80 фоизи микро, кичик ва ўрта корхоналар сифатида таснифлангани, пандемиядан олдинги даврда туризм ишчиларининг 54 фоизини аёллар ташкил қилганини таъкидлади. Шунингдек, туризм сектори қишлоқлар ва чекка ҳудудларга даромад келтирувчи имконият тақдим этиш орқали қашшоқликни юмшатиш учун трансформацион салоҳиятга эгалигини қайд этди.
Бундан ташқари, Бош котиб таъкидлаганидек, ИҲТ жамоатга асосланган туризм ташаббусини илгари суриш ва маҳаллий манфаатдор томонлар имкониятини кенгайтириш орқали соҳанинг афзаллиги муҳтожларга етиб боришини таъминлаши, қашшоқликни бартараф этиш ва барқарор ривожланишга ҳисса қўшиши мумкин.
“Туризм саноатини барқарор ва мослашувчан тарзда ривожлантириш” мавзусидаги конференцияда соҳани янада ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди.
Ислом туризм конференциясининг X сессиясида қабул қилинган “ИҲТга аъзо давлатларда ислом туризмини ривожлантириш бўйича стратегик йўл харитаси” кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, кутилаётган ўзгаришлар учун ресурс ва зарур йўналишларни аниқлашга тизимли ёндашувни назарда тутади. “Йўл харитаси” аъзо давлатларда ислом туризми стандарти ва бошқарув, фаолият ва амалга оширишда сифат назорати лойиҳалари орқали ислом туризмини ривожлантириш бўйича йўриқномаларни белгилайди.
Стратегик йўл харитаси, шунингдек ИҲТ мамлакатлари институтлари ва тегишли халқаро ташкилотлар ҳамкорлигига йўл очади. Ҳужжатда ислом туризми соҳасидаги ҳамкорликнинг 5 асосий йўналиши белгиланган: маълумот ва мониторинг, сиёсат ва тартибга солишни ишлаб чиқиш, маркетинг ва реклама, дестинация, аъзо мамлакатларда ислом туризми экотизимини яхшилаш ва саноатни ривожлантириш, ИҲТ ички ҳамкорлиги салоҳиятини ошириш.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА
- Қўшилди: 07.06.2024
- Кўришлар: 1588
- Чоп этиш