2024 йил 31 августда Вазирлар Маҳкамасининг «Ихтиро, фойдали модель ва саноат намунасидан патент эгасининг розилигисиз фойдаланилганда патент эгасига тўланадиган товон миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан давлат мудофааси ва хавфсизлигини таъминлаш, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш билан боғлиқ сўнгги зарурат ҳолатларида ҳуқуқ эгаси рухсатисиз унинг патентидан фойдаланиш, бунинг учун тўланадиган товон миқдорини ҳисоблаш ва уни тўлаш тартиби белгиланди.
Низомга кўра, товон миқдори патент эгасининг розилигисиз саноат мулки объектидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган ва реализация қилинган товарлардан ёки бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлардан олинган тушумларнинг 0,5 фоизини ташкил этиши белгиланди.
Бундан ташқари, қарор билан айрим қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан. I рейтинг гуруҳи ижрочилари (республика ҳудудида ва унинг ташқарисида яккахон концерт ташкил этиш ҳуқуқига эга) томонидан ўзгаларнинг муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлари бузилиши уларга берилган лицензияни бекор қилишга сабаб бўлади.
Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини бериш жараёнида интеллектуал мулк объектлари (товар белгиси ва саноат намунаси)га бўлган ҳуқуқларга риоя этилганини текширишнинг аниқ механизми белгиланди.
Товар белгисини халқаро Мадрид тизими орқали Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказиш учун норезидентлардан ундириладиган якка тартибдаги бож миқдорлари ўртача 3 баробарга камайтирилди (2025 йил 1 январдан кучга киради).
Патент вакили сифатида фаолиятни амалга ошириш якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилди.
Адлия вазирлигининг Апелляция кенгаши аъзолари қаторига «Интеллектуал мулк маркази» давлат муассасасининг ходимлари киритилишига оид норма бекор қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 06.09.2024
- Кўришлар: 849
- Чоп этиш