Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу йўналишда умумэътироф этилган халқаро нормалар ва стандартларни миллий қонунчиликка изчил имплементация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар давом эттирилаётир.
Ногиронлиги бўлган шахсларга бошқа фуқаролар билан тенг равишда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга ошириш имкониятини берувчи қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик янада такомиллаштирилмоқда.
Сенатнинг эллик учинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун бунга яққол мисолдир.
Ушбу қонун билан “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунга ногиронлиги бўлган шахсларнинг одил судловдан фойдаланиш, сайлаш ва сайланиш, референдумда иштирок этиш, шунингдек, таълим олишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга асосан “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун ногиронлиги бўлган шахслар билан мулоқот қилиш учун қулай мулоқот шаклларини, шунингдек, ижтимоий инфратузилма объектларини ногиронлиги бўлган шахсларнинг уларга монеликсиз кириши учун мослаштириш асосларини белгиловчи нормалар билан тўлдирилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро нормалар ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 21.06.2024
- Кўришлар: 1523
- Чоп этиш