Мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, мазкур Парламент комиссияси раиси Акмал Саидов Парламент комиссиясини тузиш ташаббуси ва янги тузилманинг ваколатлари ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Авваламбор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июнда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида Олий Мажлис палаталарига инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича парламент комиссиясини тузиш тавсия этилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Давлат раҳбарининг ушбу тавсиясига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгаши 2020 йил 25 сентябрда муҳим аҳамият касб этадиган қўшма қарор қабул қилди. Қўшма қарорга асосан, Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси тузилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари Зайниддин Низомходжаев Парламент комиссияси раисининг ўринбосари этиб белгиланди. Парламент комиссияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари орасидан раис, раис ўринбосари ва аъзолардан иборат таркибда шакллантирилди.
Бундай нуфузли таркиб келгуси фаолиятимизнинг самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади, деб ўйлайман.
Шу ўринда Парламент комиссиясига аъзолик билан боғлиқ иккита омилга эътиборингизни қаратаман.
Биринчи омил: Парламент комиссияси аъзолари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.
Иккинчи омил: Парламент комиссияси аъзоси унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Сенат аъзоси сифатидаги ваколатлари муддати тугаган ёки муддатидан олдин ваколатлари тугатилган тақдирда, Парламент комиссиясидаги ўз фаолиятини тугатади.
– Янги Парламент комиссиясини тузишдан мақсад нима?
– Ҳар икки палатанинг қўшма қарори билан Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси Регламенти тасдиқланди. Регламентда Парламент комиссиясининг мақсади, вазифа ва ваколатлари белгилаб берилган.
Парламент комиссиясининг асосий мақсади – инсон ҳуқуқлари соҳасида мамлакатимизнинг халқаро мажбуриятларига риоя этилишига ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга оширишга кўмаклашишдир.
Бу масъулиятли жараёнда:
- инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш;
- миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш;
- инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантириш;
- мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсини янада мустаҳкамлаш;
- Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси, инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича миллий ҳаракат режалари, яъни «йўл хариталари»ни ўз вақтида ва сифатли бажариш;
- бу йўналишда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш;
- инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга қаратилган сиёсатни амалга ошириш мақсадлари Парламент комиссиясининг доимий диққат марказида туради.
– Парламент комиссиясининг вазифалари нималардан иборат?
– Парламент комиссияси зиммасига аниқ ва равшан вазифалар юкланган. Хусусан, у инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади.
Комиссия инсон ҳуқуқлари масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»нинг давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда улар мансабдор шахслари томонидан бажарилиши ҳолатини танқидий ўрганади.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларига мувофиқ миллий ҳаракат режалари – «йўл хариталари» бажарилишини тизимли мониторинг қилади. Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича миллий маърузалари лойиҳалари муҳокамаларини ўтказади.
Мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича миллий маърузаларини Бирлашган Миллатлар Ташкилоти устав органлари ва қўмиталарида кўриб чиқиш якунлари муҳокамаларини ташкил этади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тайёрлайдиган мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари ижро этилишини таъминлаш тўғрисидаги йиллик ахбороти Олий Мажлис палаталари томонидан кўриб чиқилишига кўмаклашади.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётган сабаб ва шарт-шароитларни таҳлил қилиш ҳамда бартараф этиш билан шуғулланади. Қолаверса, бу йўналишда қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқади.
Бундан ташқари, Парламент комиссияси ўз фаолияти доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ва фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорликни амалга оширади. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари соҳасида илғор хорижий тажрибани ўрганиб бориш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш жараёнларида фаол иштирок этади.
– Парламент комиссияси қандай ҳуқуқ ва ваколатларга эга?
– Парламент комиссияси зиммасига юкланган вазифаларни ҳал қилиш учун, жумладан:
биринчидан, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий ҳаракат режалари – «йўл хариталари», Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари ҳамда БМТ тузилмалари тавсияларини бажариш бўйича ахборотини эшитиш юзасидан Олий Мажлис палаталарига таклифлар киритиш;
иккинчидан, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда улар мансабдор шахсларига мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш масалалари бўйича парламент сўровини, Қонунчилик палатаси депутати ва Сенат аъзосининг сўровини юбориш юзасидан таклифлар киритиш;
учинчидан, тегишли давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда улар мансабдор шахсларига мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш юзасидан тавсиялар тақдим этиш;
тўртинчидан, таркибига давлат органлари, хўжалик бошқаруви органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари, илмий муассасаларнинг вакилларини ҳамда мутахассис ва олимларни киритган ҳолда, мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш масалаларини кўриб чиқиш учун илмий-эксперт ва ишчи гуруҳлар тузиш;
бешинчидан, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда улар мансабдор шахсларидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тегишли ҳужжатларни, экспертларнинг хулосаларини, статистик ва бошқа ахборотни сўраб олиш;
олтинчидан, Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш;
еттинчидан, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига риоя этилиши масалалари бўйича мавзуга доир конференциялар, давра суҳбатлари, семинарлар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ҳуқуқига эга.
Парламент комиссияси, шунингдек ўз қарорлари ижроси устидан назоратни амалга оширишга ҳақлидир.
Парламент комиссияси ўз ваколатларини амалга ошириш учун давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда улар мансабдор шахслари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, таълим масканлари ва илмий муассасалар вакиллари ҳамда экспертлар билан ҳамкорлик қилади.
– Парламент комиссияси фаолиятини ташкил этишнинг ўзига хос хусусиятлари нималарда кўринади?
– Янги Ўзбекистоннинг янги Парламенти талаблари ва андозаларига мос равишда янги Парламент комиссияси фаолиятини ташкил этиш жараёнлари демократия ва очиқлик мезонларига таянади, албатта. Шу мезонлардан айримларини санаб ўтаман.
Биринчи демократик мезон – Парламент комиссияси мажлислари, қоида тариқасида, очиқ ва ошкора ўтказилади. Парламент комиссияси мажлисларига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, илмий муассасалар вакиллари, шунингдек БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари ва масъул ҳодимлари таклиф этилиши мумкин.
Иккинчи демократик мезон – Парламент комиссияси томонидан қабул қилинган қарорлар оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчилик эътиборига етказилади.
Учинчи демократик мезон – Парламент комиссияси фаолиятини самарали амалга ошириш ва таҳлилий тадқиқотлар ўтказиш мақсадида тегишли соҳаларда назарий ва амалий тажрибага эга мутахассислардан илмий-эксперт ҳамда ишчи гуруҳлар ташкил этиши мумкин.
Тўртинчи демократик мезон – Комиссия ўз фаолияти тўғрисида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлисларида ахборот бериб боради.
Пировардида шуни ҳам қайд этиш жоизки, Парламент комиссияси фаолиятини ташкилий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти амалга оширади.
- Қўшилди: 20.11.2020
- Кўришлар: 3810
- Чоп этиш