ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ БЎЙИЧА ТАШАББУСЛАР давлатимизнинг миллий манфаатларига хизмат қилади

Бугун мамлакатимизда жамиятнинг барча соҳаларида, жумладан, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида кенг кўламли демократик ўзгаришлар рўй бермоқда. Давлатимиз раҳбари  ташаббуси билан ташкил этилган Президентнинг Халқ ва Виртуал қабулхоналари фаолиятининг йўлга қўйилиши бу борада муҳим қадам бўлди. Бу чора-тадбирлар “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган инсонпарварлик тамойилини тўла рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги саксондан ортиқ халқаро ҳужжат меъёрларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ҳамда босқичма-босқич имплементация қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жамиятимизда бу борада рўй бераётган муҳим сиёсий-ижтимоий янгиликлардан халқимизни ўз вақтида хабардор этиш мақсадида давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, таълим муассасалари аҳоли орасида умуминсоний қадриятлар, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва уларга риоя этиш тамойилларини оммалаштиришга, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишини таъминлашга кенг жалб этилган.

Барча иқтисодий ва ижтимоий дастурлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган инвестиция лойиҳалари янги иш ўринларини яратиш, шунингдек меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Бандликка кўмаклашиш жамғармаси, Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди.

Мамлакатимиз аҳолисининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва соғлиғини муҳофазалаш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, экологик муҳитни барқарорлаштириш, гендер тенгликни таъминлаш юзасидан муҳим лойиҳалар ҳаётга тат­биқ этилаётир. Бу ишларнинг натижалари халқаро рейтингларда алоҳида эътироф этилаётгани қувонарлидир.

Хусусан, БМТ томонидан ўтказилган тадқиқотларнинг 2020 йилги натижаларига кўра, Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) глобал рейтингида Ўзбекистон 71,02 фоиз натижа билан 190 дан ортиқ мамлакат орасида  66-ўринни ­эгаллади.

Айни пайтда бу йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида 2030 йилгача камбағалликни қисқартириш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Ҳамманинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик, суд ҳокимиятининг мустақиллиги таъминланиши ҳам бевосита инсон ҳуқуқлари устуворлигига хизмат қилмоқда. Шу туфайли фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари, фикр, сўз ва виждон эркинлиги кафолатланмоқда. Мамлакатимизда диний эркинлик борасида ҳам қатор амалий ишлар қилинди. Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик янада мустаҳкамланмоқда.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва уни ҳимоя қилишнинг миллий механизмлари ҳам такомиллашиб бормоқда. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва Инсон ҳуқуқлари бў­йича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан бирга Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил каби янги лавозимлар жорий этилди.

Кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, меҳнат мигрантлари, болалар, ёшлар, аёллар, катта ёшдагиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек оила институтини мустаҳкамлаш бўйича ишлар тубдан қайта кўриб чиқилди. Оила институтини мустаҳкамлаш бўйича концепция қабул қилиниб, оилавий можароларни ҳал этиш механизмлари яратилди.

Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларининг ҳуқуқий асослари мус­таҳкамланди. Хусусан, давлат хотин-қизлар ва эркак­ларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этишда, соғлиқни сақлаш, таълим, фан, маданият, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя йўналишларида, шунингдек давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланишини  ўз кафолатига олди.

Инсон ҳуқуқларининг энг муҳим шарти бўлган шахс­нинг фуқаролигини тиклаш бўйича ҳам салмоқли қадамлар қўйилди. Кўп йиллар давомида юртимизда яшаб келаётган бўлса-да, фуқаролик ололмай юрган, бу юксак мақомни узоқ вақт интиқиб кутган 50 мингдан зиёд кишига Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилди.

Ўзбекистон халқаро майдонда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида ҳам ташаббус кўрсатмоқда.  Президентимизнинг  БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида курраи заминимиздаги икки миллиарддан ортиқ йигит ва қизнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни қабул қилиш тўғрисидаги таклифи жаҳон ҳамжамияти томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланди. БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессиясида эса давлатимиз  ташаббуси билан Маърифат ва диний бағрикенглик тўғрисидаги резолюция қабул қилинди.

Шу йил август  ойида  бўлиб ўтган,  энг нуфузли халқаро, минтақавий ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг 1000 нафардан кўпроқ вакиллари  иштирок этган “Ёшлар-2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари” мавзусидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд онлайн форуми якунлари бўйича қабул қилинган резолюция БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тақдим этилди.

Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида эса барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.

Бу йўналишдаги кенг кўламли ишларни янада такомиллаштириш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилинди. Миллий стратегияда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланиши белгилаб қўйилди.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар дунё ҳамжамияти томонидан муносиб эътироф этилмоқда. Бу Ўзбекистон тарихда биринчи марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига ўз гуруҳидаги давлатлар орасида энг кўп овоз билан сайланишида яққол исботини топди. Ўзбекистоннинг бу нуфузли органга сайланиши унинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги барқарор саъй-ҳаракатлари эътирофи, халқаро миқёсда тан олинишидир.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили ­Ҳелена Фрейзернинг  таъкидлашича, “Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланиши катта шараф. Бу Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда бошқа мамлакатларга андоза бўлишини анг­латади”.

Ҳолбуки, бундан бир неча йиллар аввал Ўзбекис­тонда инсон ҳуқуқлари масаласида мавжуд кўп­лаб муаммолар жамият ривожига жиддий таъсир этарди, бу ҳолат турли халқаро минбарларда қаттиқ  танқид қилинарди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши инсон ҳуқуқлари соҳасида энг обрўли халқаро ташкилотдир. Унинг таркибига 47 давлат сайланади. Кенгаш дунёда умуминсоний ҳуқуқлар юзасидан барча масалаларни ва вазиятларни муҳокама қилиш ваколатига эга тузилмадир.

Хулоса сифатида айтиш керакки, юртимизда кечаётган улкан ислоҳотлар ва янгиланишлар даврида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш энг устувор вазифалардан бирига айлангани Ўзбекистонда ­демократик ислоҳотлар ортга қайтмас жараён эканининг яққол ифодасидир. Бу борада БМТ ҳамда бошқа халқаро тузилмалар билан фаол ҳамкорликни янада кенгайтириш эса, албатта, давлатимизнинг миллий манфаатларига хизмат қилади.

Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,
Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги

("Янги Ўзбекистон" газетаси, 2020 йил 8 ноябрь)

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech