Инсон ҳуқуқлари кафолатининг мустаҳкам асоси

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституциямиз, ҳеч шубҳасиз, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаётини кафолатлаш, адолат, қонунийлик ва тенглик тамойиллари устувор бўлган фуқаролик жамияти барпо этишнинг ишончли асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Конституциямиз дунёдаги энг инсонпарвар қомуслардан бири саналади. Унда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 30 моддасида акс этган барча  умуминсоний қадриятлар тўла қамраб олинган.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг Муқаддимасида таъкидланганидек: “Инсоният оиласи барча аъзоларининг қадр-қиммати ва уларнинг ажратиб бўлмас ҳуқуқларини эътироф этиш, жаҳон миқёсида эркинлик, адолат ва тинчлик негизини ташкил этади. Бош ассамблея ушбу Декларацияни барча инсонлар ва ҳамма миллатларнинг муштарак истаги деб эълон қилади”.

Ўзбекистон Конституциясининг Муқаддимасида эса халқимиз номидан:

биринчидан, инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлик эълон қилинади;

иккинчидан, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлиги тан олинади;

учинчидан, инсонпарвар демократик давлат барпо этиш кўзланади;

тўртинчидан, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсад қилиб қўйилади;

бешинчидан, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англаган ҳолда ўзбек давлатчилиги ривожланишининг бой тарихий тажрибасига таянилади.

Мазкур Муқаддимада қайд этилган бу асосий принциплар, бошқа бир неча қоидалар билан бирга, Ўзбекистон Асосий Қонунининг ички мазмуни, руҳи ва моҳиятини ифодалаб, унга киритилган 128 модданинг йўналишини белгилаб беради.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида қайд этилган инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликлари ифодасини Ўзбекистон Конституциясининг қуйидаги моддаларида яққол кўриш мумкин:

  • тенг фуқаролик ҳуқуқи (21-модда);
  • яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилиш (24-модда);
  • ҳар кимнинг эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эгалиги, қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмаслиги (25-модда);
  • ҳеч ким қийноққа солиниш, зўравонликка, шафқатсиз ёки қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги ва айби аниқланмагунча айбдор ҳисобланмаслик ҳолати (26-модда);
  • фуқароларнинг шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан ҳимояланиш, турар жойи ва телефон ёзишмалари дахлсизлиги ҳуқуқлари (27-модда);
  • сўз, фикр ва эътиқод эркинлиги ҳамда уни тарқатиш ҳуқуқи (29-модда);
  • дин ва виждон эркинлиги (31-модда);
  • фуқаролар учун жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи (32-модда);
  • иқтисодий ва ижтимоий, яъни билим олиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, меҳнат қилиш, пенсия ва нафақа олиш, мулкдорлик ва меҳнат ҳуқуқи (36 – 39-моддалар);
  • қонунга мувофиқ сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмалари ташкил этиш (56-модда);
  • сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи (117-модда), шунингдек, бошқа кўп моддаларда халқаро миқёсда эътироф этилган инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликлари ўз ифодасини топган.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Конституцияси – инсон ҳуқуқлари ғояларига асосланган, ҳар бир инсоннинг эзгу манфаатлари қадрланган ва ҳимоя қилинган демократик, адолатли, инсонпарвар қомусдир.

 

Фарҳод НИЗОМОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech