Сўнгги ўн йил ичида дунё иқлим ўзгаришининг ҳалокатли оқибатига тобора кўп дуч келмоқда. Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас: мамлакатимиз экологик мувозанат бузилишига таъсирчан ҳудуд саналади.
Кейинги пайт халқаро экспертлар ҳам иқлим ўзгариши мавзусида тез-тез ёзишяпти. Масалан, аср ўрталарига келиб, минтақадаги икки энг йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизгача пасайиши, аҳоли жон бошига сув таъминлти(25 фоиз, қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги 40 фоиз камайиши башорат қилинган. Буларнинг бари иқтисодиёт ривожига салбий таъсир кўрсатиб, мавжуд инфратузилмага зарар етказиши, аҳоли саломатлиги ва ҳаётини ёмонлаштириши мумкин. Шу нуқтаи назардан Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида иқлим кун тартиби давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилангани бежиз эмас. Париж келишуви 2017 йил имзоланиб, 2018 йил ратификация қилиниши фикримизнинг тасдиғи.
Шу тариқа Ўзбекистон ҳам 175 мамлакат қатори глобал ҳарорат ўртача кўтарилишини Цельсий бўйича 2 даражадан паст даражада ушлаб туриш мажбуриятини зиммасига олган.
2021 йил Глазгода бўлиб ўтган COP26 конференциясида Ўзбекистон ЯИМга нисбатан иссиқхона гази чиқиндисини камайтириш бўйича янгиланган миллий миқёсда аниқланадиган ҳисса (ММАХ,-2) ҳужжатини тақдим этди. Бу кўрсаткични 2010 йилдаги даражага нисбатан 2030 йилга бориб 10 фоиздан 35 фоизгача ошириш (ММАХ,-1) кўзда тутилган.
Ушбу мақсадга эришиш учун норматив ҳуқуқий ва институционал база кенгайтирилиб, қўшимчалар билан тўлдирилди. Бир неча стратегик ҳужжат, қарор қабул қилинди ва амалга оширилди.
Масалан, 2019 йил октябрь ойида қабул қилинган Президент қарори асосида 2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг "яшил" иқтисодиётга ўтиш стратегияси тасдиқланди ва яшил иқтисодиёт бўйича Идоралараро кенгаш тузилди.
Қатор стратегик ва дастурий ҳужжатлар, хусусан 2030 йилгача бўлган даврда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси, сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси, 2019-2028 йиллар даврида қаттиқ маиший чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституциясига юртимиз тарихида илк маротаба атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги алоҳида модда киритилиши мамлакатимиз экологик сиёсатини ривожлантириш йўлида яна бир муҳим қадам бўлди. Шу тарзда фуқароларимизнинг экологик хавфсизлигини таъминлаш ҳуқуқи ва мажбурияти аниқ белгиланди.
Бундан ташқари Президентнинг 2023 йил майдаги фармонида экологик қонунчилик бузилиши натижасида фуқароларга етказилган зарарни қоплаш тартиби белгиланган.
Жорий йил июль ойида Президент ҳузурида ташкил этилган Иқлим кенгаши иқлим ўзгариши оқибатини юмшатиш ва шундай ҳолатларга мослашиш масалалари бўйича олий маслаҳат органи этиб белгиланган.
Ғ.Хонназаров тайёрлади.
ЎзА
- Қўшилди: 11.11.2024
- Кўришлар: 803
- Чоп этиш