“Мирзо Улуғбек ворислари” танлови республика босқичининг барча иштирокчиси Тошкентдаги Турин политехника университетига имтиҳонсиз, танлов ғолиблари эса 2-курсдан ўқишга қабул қилинади!
21 май куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Мирзо Улуғбек ворислари” танлови республика босқичининг очилиш маросимида янграган бу сўзлар ҳар бир ёш қалбига бир дунё қувонч, ҳаяжон бахш этгани шубҳасиз.
Танлов Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ташкил этилган.
Тадбирда “Улуғбек” жамғармаси раиси, академик Оқил Салимов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Ёшлар ишлари агентлиги директори Aлишер Саъдуллаев, Тошкентдаги Турин политехника университети ректори Олимжон Тўйчиев иштирок этди.
“Улуғбек” жамғармаси раиси Оқил Салимов танловнинг республика босқичга етиб келган ёшларни табриклади ва якуний босқичда ҳам бор иқтидор ҳамда салоҳиятларини кўрсатишга тилак билдирди.
– Ўтган йилги танловда 20 минг нафар ёшлар рўйхатдан ўтган бўлса, бу йил қарийб 48 минг ёш йигит-қизлар танловда иштирок этди, – деди олий таълим, фан ва инновациялар вазирм Қўнғиротбой Шарипов. – Бу инновацион, интеллектуал танлов ёшлар ўртасида йилдан-йилга оммалашиб, мавқеи янада ортиб бораётганидан дарак беради.
Тошкентдаги Турин политехника университети ректори Олимжон Тўйчиев танловнинг республика босқичига етиб келган 280 нафар иқтидорли ёшлар Тошкентдаги Турин политехника университетига имтиҳонсиз, танлов ғолиблари эса 2-курсдан ўқишга қабул қилинишини тантанали эълон қилди.
Танлов 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган иқтидорли ёшлар, жумладан, олис ҳудудларда истиқомат қилаётган йигит-қизлар, уюшмаган ёшлар, «Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчилари орасидан иқтидорли ёшларни излаб топиш ва уларни ўзлари қизиққан соҳаларга йўналтириш, илмий-техник ижодкорлиги ва ихтирочилигини рағбатлантириш, инновацион фаоллигини ошириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили ўтказиб келинмоқда.
Танловда иштирок этиш мақсадида 47 минг 514 нафар (23 минг 363 нафар ўғил, 24 151 нафар қизлар) ёшлар рўйхатдан ўтиб, уларнинг 9 минг 837 нафари IQ тест ( мантиқий тафаккур салоиҳяти) синовларидан муваффақиятли ўтиб, танловнинг биринчи босқичида иштирок этиш имкониятига эга бўлдилар.
Танловнинг 1-босқичи республикамиздаги 206 та туманлар (шаҳар) кесимида ташкил қилиниб, унда жами 9 минг 796 нафар, 2-босқичи 14 та ҳудудда ташкил қилиниб, унда жами 1 минг 3 нафар иқтидорли ёшлар ўз лойиҳаларини комиссия аъзоларига тақдимот қилдилар.
Танловнинг иккинчи босқичида иштирокчилар 16-19 ёш ва 20-25 ёш тоифаларига ажралган ҳолда ўтказилди ҳамда ҳар бир ёш тоифаси учун ғолибларнинг умумий сонидан квота ажратилди. Квоталар ҳар бир ёш тоифасидаги иштирокчиларнинг умумий нисбатидан келиб чиқиб белгиланди.
Танловнинг иккинчи босқичи якунларига кўра 280 нафар (87 нафар 16-19 ёш тоифасида, 193 нафари 20-25 ёш тоифасида, 261 нафар талаба, 19 нафар мактаб ўқувчиси, 2 нафари иш билан банд ёшлар) иқтидорли ёшлар республика босқичи иштирокчисига айланди.
Танловнинг республика босқичи 4 кун давом этади. Унда иштирокчилар 12 та гуруҳга бўлинган ҳолда мусобақа шартларини бажарадилар.
1, 2 ва 3-босқичлар ғолиблари тегишлича базавий ҳисоблаш миқдорининг 5, 10 ва 20 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти ва диплом билан тақдирланади.
Республика босқичи ғолиблари “Улуғбек” жамғармаси томонидан ташкил этиладиган мақсадли ўқув курсларида бепул таҳсил олади. Ўқишни муваффақиятли тамомлаган ёшлар ҳудудлар бўйича ишлаб чиқариш ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларига ихтиёрийлик асосида бириктирилади ҳамда «Ёшлар академияси» лойиҳаларига жалб этилади.
Н.Усмонова, ЎзА
- Қўшилди: 22.05.2024
- Кўришлар: 1578
- Чоп этиш