Хабар берилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида қуйи палатанинг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги масала кўриб чиқилган эди.
Мажлисда кун тартибидаги масала юзасидан қуйи палатадаги сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари фикрларини билдирди.
Актам ҲАИТОВ, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари:
— Ҳисобот даврида фракциямиз томонидан қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти, сайловчилар билан мулоқот қилиш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. Депутатларимиз фуқаролар томонидан билдирилаётган муаммо ва камчиликларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратди.
Палатанинг 2023 йилдаги фаолиятини таҳлил қиладиган бўлсак, қонун ижодкорлиги бўйича кўп ишлар амалга оширилган. Лекин парламент назоратини амалга ошириш борасидаги ишларимиз етарли эмас. Жойлардаги ўрганишлар, сайловчилар билан учрашувлар қонунларимизни самарали ишламаётганини кўрсатмоқда.
Фракциямиз ушбу соҳадаги ташаббуслар етарли бўлмади, деб ҳисоблайди. Эътиборимиздан четда қолган масалалар ҳам кўп. Шу сабабли 2024 йилдаги фаолиятимизда бир қатор йўналишларга алоҳида эътибор қаратамиз.
Шунингдек, давлат ва жамият ҳаётидаги мавжуд камчиликларни ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда жойига чиқиб, аҳоли фикрини ўрганган ҳолда бартараф этиш амалиётига эътиборни янада кучайтириш, парламент назорати якунлари бўйича қабул қилинган қарорлар ижроси устидан парламент назоратининг таъсирчанлигини янада ошириш мақсадга мувофиқ.
Шу билан бирга, Президентимиз раислигида ўтказилган 2024 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича ҳамда инвестиция, экспорт ва саноат соҳаларидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш масаласида Ҳукумат билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйишимиз лозим бўлади.
Умуман айтганда, Қонунчилик палатасининг ҳисобот давридаги фаолиятини ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, фракциялар ва қўмиталар назорат-таҳлил фаолияти самарадорлигини ошириш, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ҳамда Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси устидан самарали парламент назоратини ўрнатишга алоҳида эътибор қаратади.
Алишер ҚОДИРОВ, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари:
— Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг фаолиятини янада ривожлантириш, ишларни амалий натижадорлик нуқтаи назаридан самарали ташкил қилиш мақсадида фракциявий интизомни кучайтириш мақсадга мувофиқ.
Ўтган даврда фракциянинг партия билан ўзаро алоқаларини янада кучайтириш, жойлардаги мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари ва умумий ўрта таълим тизимида фаолият олиб бораётган педагогларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва аёллар муаммоларини биргаликда ҳал этиш борасидаги ишлар давом эттирилди.
Сайлов округларидаги фаолият давомида ўтказилган учрашувларда фуқаролар кўтарган долзарб муаммолар, депутатларнинг ҳудудлардаги ўрганишлари давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, сайловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан мансабдор шахсларга жами 16 та депутат сўрови юборилди.
Фракциямиз томонидан депутатларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида янгича ишлаш амалиётига ўтилди. Яъни, бутун депутатлик корпусини бирлаштирган ҳолда, партия, фракция ва маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан ҳамкорликда ишлаш тизими йўлга қўйилди. Бу депутатларимизнинг сайлов округларида самарали иш олиб боришига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда.
Фракция аъзолари нафақат ўзининг ёрдамчилари, балки маҳаллий депутатлар билан ҳам фаол ҳамкорлик қилиши ҳисобига жойларда аҳолининг муаммоларини янада чуқур ўрганиш ва уларни ҳал этиш имкони яратилмоқда.
Ўз навбатида, ушбу амалиёт маҳаллий Кенгашлар депутатларига ҳам қулайлик яратиб, уларнинг жойларда республика даражасида аниқланган масалаларни фракция мажлисларида кўтариш, қонунчиликка таклиф бериш имконини яратмоқда.
Зуҳра ИБРАГИМОВА, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари:
— Фракциямиз томонидан ҳисобот даврида партия сайловолди дастурида илгари сурилган мақсад ва ғоялар асосида электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, хусусан, жамиятда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш, суд-ҳуқуқ, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, соҳага доир қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда парламент назоратини ўрнатиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Парламент назорати соҳасидаги палатанинг фаолиятини биз ижобий, деб айта олмаймиз. “Ҳукумат соати”, “парламент эшитувлари”да айрим ҳолларда ҳукумат аъзолари эмас, балки уларнинг ўринбосарлари иштирок этмоқда. Бу эса парламент назорати инстутининг нуфузини пасайтирмоқда ва Ҳукумат аъзоларининг масъулиятсизлигига олиб келмоқда.
Депутатлар томонидан юборилган депутат сўровларига эса жавоблар юзаки, вазирнинг ўринбосарлари ёки бошқа масъуллардан жавоб қайтариш ҳолатлари учрамоқда.
Шу сабабли, фракциямиз келгусида парламент назорати институти самарадорлигини ошириш ҳамда бу жараёнда қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.
Хусусан, Қонунчилик палатасининг парламент назорати тадбирлари самарадорлигини таъминлаш, жумладан, депутат сўровларининг таъсирчанлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Бунда сайловчилар томонидан кўтарилаётган долзарб масалалар юзасидан давлат органларига юборилаётган депутат сўровларига берилаётган жавобларни мунтазам таҳлил қилиб бориш лозим.
Шунингдек, ҳар уч ойда бир маротаба Қонунчилик палатасининг мажлисини депутат сўровларига келаётган жавобларни таҳлил қилишга бағишланган ҳолда ўтказиш амалиётини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.
Мухтасар айтганда, фракциялар аъзоларининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиш бўйича фаоллигини ошириш лозим. Бу борада Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг илмий салоҳиятидан фойдаланиш ғоятда муҳим.
Улуғбек ИНОЯТОВ, ЎзХДП фракцияси раҳбари:
— Қонунчилик палатасининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракция йиғилишида таҳлилий муҳокама қилинди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, хисобот даврида янги таҳрирдаги Конституциядан келиб чиқиб, парламент фаолиятига доир қонунчиликни такомиллаштириш, унинг фаолиятини янги конституциявий-ҳуқуқий тамойиллар асосида ташкил этиш, қонун ижодкорлиги самарадорлигини янада ошириш, мазкур жараёнда жамоатчилик иштирокини янада кучайтириш каби масалаларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга устувор йўналишлардан бири сифатида эътибор қаратилди.
Ўтган даврда депутатлар ўз қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан самарали фойдаланиб, фуқароларнинг мурожаатлари, сайлов округларидаги ўрганишлар жараёнида аниқланган масалаларга ҳуқуқий ечим топишга қаратилган қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритилганлигини ижобий баҳолаймиз.
Тўғри, ўтган давр мобайнида палата фаолиятида салмоқли ишлар амалга оширилган. Шу билан бирга, кейинги йилларда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш керак, деб ҳисоблаймиз.
Биринчидан, фракциялар палатага келиб тушган қонун лойиҳалари билан чекланиб қолмасдан жойларда ўтказилган назорат-таҳлил тадбирларидан келиб чиқиб, “Бир фракция — бир лойиҳа” тамойили асосида шахсий ташаббускорликни кучайтиришлари лозим.
Иккинчидан, фракциялар томонидан парламент назоратининг таъсирчан шаклларидан янада унумли фойдаланиш борасида ташаббускорликни янада кучайтиришни тавсия этамиз. Бу эса палатада амалга оширилаётган парламент назорати тадбирларининг натижадорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Учинчидан, ҳисоботда сайловчилар томонидан келиб тушаётган мурожаатлар сони жуда кўпни ташкил этган. Аммо ўтган даврда депутатлар томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига юборилган депутатлик сўровларини сони эса келиб тушган мурожаатларнинг бор йўғи 2 фоизини ташкил этмоқда. Демак, биз кейинги йилларда депутатлик сўровларини юбориш амалиётидан самарали фойдаланишимиз ва аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий масалаларни ечими билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратишимиз лозим бўлади.
Шундан келиб чиқиб, Халқ демократик партияси фракцияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини қўллаб-қувватлайди.
Хайрулло ҒАФФОРОВ, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари:
— Сиёсий ислоҳотларга бой бўлган 2023 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳам ўз фаолиятини уларга ҳамоҳанг тарзда амалга оширди. Қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил тадбирлари, сайловчилар билан учрашувлар ва уларда кўтарилган масалаларни бартараф этишда салмоқли ишлар қилинганини юқори баҳолаган ҳолда 2024 йилда қуйидаги асосий йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш керак, деб ҳисоблаймиз.
Депутатларнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиш бўйича ташаббускорлигини кучайтириш лозим. Бунда, аҳолини ўйлантириб келаётган долзарб масалалар ҳамда партиянинг cайловолди дастурларида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, қонунчиликни янада такомиллаштиришга эътибор қаратилади.
Парламент назорати йўналишида ҳам биринчи навбатда, кенг жамоатчилик томонидан кўтарилаётган долзарб масалаларни ўрганиш ҳамда мазкур масалалар юзасидан тегишли мансабдор шахсларнинг ахборотини эшитиб боришни янада кучайтириш даркор.
Парламент назоратининг барча шаклларидан самарали фойдаланган ҳолда давлат ва жамият ҳаётидаги мавжуд камчиликларни ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда жойига чиқиб, аҳоли фикрини ўрганган ҳолда бартараф этиш амалиётига эътиборни кучайтириш керак, деб ҳисоблаймиз.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ҳисобот давридаги фаолиятини фракциямиз аъзолари тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
ЎзА
- Қўшилди: 26.01.2024
- Кўришлар: 2430
- Чоп этиш