Жаҳон савдо амалиёти ва ишлаб чиқаришида "истеъмолчи ҳамиша ҳақ", деган бир олтин қоида бор. Бу қоиданинг устуворлигини таъминлаш учун истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилган.
Хўш, мамлакатимизда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қандай ҳуқуқий асослар мавжуд?
Авваламбор, мазкур масала мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қиладиган, ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил қилувчи конституциямиз билан тартибга солинган. Конституциянинг 65-моддасида давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди, деб белгилаб қўйилган. Истеъмолчилар ҳуқуқлари устуворлигининг конституция даражасида белгилаб қўйилгани, бошқа норматив ҳужжатларни қабул қилиш, уларни қўллашда ҳам ушбу қоида устувор эканлигини англатади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 57-боби, учинчи параграфи, “Товарлар, ишлар, хизматлардаги нуқсонлар оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш” деб номланган бўлиб, мазкур параграфдаги 1017-1020-моддаларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асослари, ушбу ҳуқуқ субъекти, объектлари ва ҳуқуқларни ҳимоя қилиш учун қонунда белгиланган муддатлар ўз аксини топган.
Жумладан, Фуқаролик кодексининг 1017-моддасига кўра, товарнинг (ишнинг, хизматнинг) конструктив, рецептуравий ёки бошқа нуқсонлари оқибатида, шунингдек товар (иш, хизмат) тўғрисидаги маълумот нотўғри ёки етарли эмаслиги оқибатида фуқаронинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига ёхуд юридик шахснинг мол-мулкига етказилган зарар сотувчи ёки тайёрловчи (ижрочи) томонидан, уларнинг айбидан ва жабрланувчи улар билан шартнома муносабатларида бўлгани ёки бўлмаганидан қатъи назар, қопланиши лозим.
Ушбу моддада назарда тутилган қоидалар товарни (ишнинг бажарилиши, хизматнинг кўрсатилиши) тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун эмас, балки истеъмол мақсадлари учун сотиб олинган ҳоллардагина қўлланилади, деб белгилаб қўйилган.
Юқоридагилардан ташқари, 1996 йил 4 апрелда қабул қилинган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун бу соҳадаги махсус қонун ҳужжати ҳисобланади.
Мазкур қонуннинг 1-моддасида, асосий тушунчаларга таъриф берилган. Унга кўра, истеъмолчи – фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсий истеъмол ёки бошқа мақсадларда товар сотиб олувчи, иш, хизматга буюртма берувчи ёхуд шу ниятда бўлган фуқаро (жисмоний шахс) ҳисобланади, деб таъриф берилган.
Мазкур қонуннинг 4-моддасига кўра, истеъмолчилар: товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш; товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлиши; товар (иш, хизмат)нинг хавфсиз бўлиши; ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши; бузилган ҳуқуқлари ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга, бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат этиш; истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмаларини тузиш ҳуқуқларига эга бўладилар.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги қонунининг 8-моддаси, биринчи қисми, 8-бандига кўра, истеъмолчилар – ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши билан боғлиқ даъволар юзасидан давлат божи тўлашдан озод қилинган.
Юқоридагилардан кўринадики, республикамизда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари тўла ишлаб чиқилган.
Бироқ истеъмолчиларнинг ўз қонуний ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўла равишда билмасликлари, шартномавий ҳуқуқ ва мажбуриятларига тўла равишда эътибор қаратмасликлари уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тушунмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
Жумладан, даъвогар судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, ўзи томонидан муддатли тўлов шарти билан сотиб олинган товар етарли сифатга эга бўлмаганини важ қилиб, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун талабидан келиб чиқиб, жавобгардан пеня ундиришни талаб қилган. Фуқаролик ишида мавжуд ҳужжатлар ва тарафларнинг тушунтиришларидан тарафлар ўртасида, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ шартнома эмас, олди-сотди шартномаси тузилганлиги, даъвогар томонидан маҳсулотни қабул қилиб олишида тўловлар амалга оширилмаганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатда даъвогарнинг пеня ундириш ҳақидаги талабларини қаноатлантириш учун асослар мавжуд эмас.
Шунингдек, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддаси, 1-қисмига кўра, истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилиши туфайли унга етказилган маънавий зарар учун уни етказган шахс, башарти у айбдор бўлса, ҳақ тўлаши лозим. Маънавий зарар учун тўланадиган ҳақ миқдорини суд белгилайди.
Мазкур қонуннинг 20-моддаси, 1-қисмига кўра, товар (иш, хизмат)нинг тузилишига, ишлаб чиқарилишига, таркибига боғлиқ бўлган ва бошқа нуқсонлари, шунингдек, истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкининг хавфсизлигини таъмин эта олмайдиган материаллар, ускуналар, асбоб-анжомлар, мосламалар ёки бошқа воситалар қўлланилиши оқибатида истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозимлиги белгилаган бўлиб, сотиб олинган товарнинг нуқсонлари оқибатида истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етказилганлигини тасдиқловчи далиллар фуқаролик иши ҳужжатларида мавжуд эмас.
Даъвогар ўзига нуқсонли товар сотилганлиги оқибатида маънавий зарар етказилганлигини важ қилиб келтирган бўлсада, товардаги нуқсонлар сотиб олишидан аввал мавжуд бўлганлигини ва оқибатда ўзига мулкий ёки бошқа тусдаги зарар етказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни судга тақдим қилмаган.
Мазкур ҳолатда, истеъмолчининг пеня ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги талабларини қаноатлантириш учун асослар мавжуд эмаслиги сабабли даъво ариза қаноатлантиришдан рад қилинган.
Шерзод Таджиев,
Фарғона вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси.
ЎзА
- Қўшилди: 01.03.2024
- Кўришлар: 2419
- Чоп этиш