Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия раиси Танзила Норбоева Буюк Британия Бош вазирининг Мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича махсус вакили Жастин Бедфорд билан музокара ўтказди.
Учрашувда ижтимоий-меҳнат муносабатлари ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасидаги икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Махсус вакилга мамлакатимизда ижтимоий соҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, янги таҳрирдаги Конституцияда қатор ижтимоий ҳуқуқлар белгилангани ҳақида маълумот берилди. Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг ҳар қандай кўриниши тақиқлангани, қулай меҳнат шароитларини яратишга хизмат қиладиган Меҳнат кодексининг янги таҳрири ҳақида тўхталиб ўтилди.
Мулоқот давомида одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, мазкур йўналишдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, замонавий қулликка қарши курашиш борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.
Британия томони 2023 йил охирида Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия сифатида қайта ташкил этилган Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг фаолиятини юқори баҳолади.
Томонлар меҳнат муносабатлари соҳасида янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, илғор технологиялардан фойдаланиш ва соҳага инновацион услубларни жорий этиш йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканликларини билдирди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 26.01.2024
- Кўришлар: 2494
- Чоп этиш