Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Жамолиддин Қаландаров маълум қилди.
2024 йилнинг ўтган 6 ойида меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш қонунчилигига риоя этилиши юзасидан амалга оширилган фаолиятимизга тўхталадиган бўлсак, шу давр мобайнида Давлат меҳнат инспекторлари томонидан 7 минг 720 та назорат тадбири ўтказилган бўлиб, унда 21 минг 436 та қонун бузилиш ҳолати аниқланган. Ушбу қонун бузилишларни бартараф этиш бўйича иш берувчиларга бажарилиши мажбурий бўлган 3 минг 442 та ёзма кўрсатма, 90 та тақдимнома киритилган. Шунингдек, 4 минг 335 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилган. Аниқланган қонунбузилишларнинг 8 мингтаси меҳнат муҳофазаси ва меҳнат шароитлари яратилмаганлиги билан боғлиқ бўлиб, ҳозирда ушбу ҳолатлар бартараф этилган ва ходимларнинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланган.
Шунингдек, шу йилнинг ўтган даврида 254 нафар ноқонуний ишдан бўшатилган ходим ишга тикланди. Ҳисобот даврида 7 минг 349 нафар фуқаронинг 31 млрд сўмдан ортиқ иш ҳақлари ундириб берилган. Республика бўйича 2024 йилнинг 6 ойи давомида 387 та содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида 416 нафар ходим жабрланган, 303 нафари оғир ва 12 нафари енгил тан жароҳати олган, 101 нафари афсуски, ҳаётдан кўз юмган.
Бахтсиз ҳодисалар туфайли ходимлар ёки уларнинг оила аъзоларига 823 миллион сўмдан ортиқ товон пулларини ундириш юзасидан судларга даъво аризалар киритилиб, шундан 10 нафар фуқарога 274 миллион сўм ундириб берилди ва қолганлари бўйича жараён давом этмоқда.
Бахтсиз ҳодисаларнинг энг катта қисми, 26 % қурилиш соҳасига тўғри келган. 374 та ҳолатда корхонанинг фаолияти тўлиқ текширилиб ижроси мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар ҳамда 63 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди. Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида чора-тадбирлар белгиланиб, тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Таҳлилларга кўра, бахтсиз ҳодисаларинг сабаблари турлича бўлишига қарамасдан асосий омил сифатида иш берувчилар томонидан ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиб берилмаганлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этмаслик, ходимларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминламаслик, ходимлар ўқитилиб билимлари синалмасдан ишларга жалб қилиниши ва айрим ҳолатларда ходимларнинг меҳнат хавфсизлиги талабларига эътиборсиз қарашлари сабаб бўлмоқда.
Мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича ҳам доимий равишда мониторинглар ўтказилмоқда. Жорий йилнинг 6 ойи давомида 16 та ҳолатда мажбурий меҳнат аниқланиб, 135 нафар фуқаронинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди, 13 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди ҳамда 3 та ҳолатда тегишли ҳужжатлар суд ва прокуратура органларига ўтказилди.
Вазирликнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятига тўхталадиган бўлсак, ўтган давр мобайнида вазирликнинг комплаенс назорат хизмати томонидан тизимда 134 та коррупциявий хавф-хатар аниқланган ва ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш юзасидан вазирлик, унинг таркибий ва ҳудудий тузилмаларида 98 та банддан иборат коррупцияга қарши кураш дастури тасдиқланди.
Жорий йилнинг ўтган даврида коррупцияга қарши курашиш соҳасига оид қонун ҳужжатларига риоя қилиниши бўйича вазирликнинг 7 та ҳудудий бошқармасида - уларнинг фаолияти юзасидан комплаенс мониторинг ўтказилди. Аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасида ҳудудларда 20 га яқин ўрганишлар, мониторинглар, назорат тадбирлари ўтказилиб, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган ходимларга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилди.
Хусусан, 28 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган, 10 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган ва 50 нафарга яқин ходим билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Бундан ташқари, вазирликка коррупциявий хатти-ҳаракатлар ва ҳуқуқбузарликлар тўғрисида 63 та мурожаат келиб тушган ва уларнинг 40 тасида келтирилган важлар ўз тасдиғини топмаган. 11 та мурожаат тегишлилиги юзасидан бошқа ташкилотларга юборилган. Мурожаатларни ўрганиш юзасидан 15 та хизмат текшируви ўтказилган ҳамда 12 та ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳуқуқий баҳо бериш учун маълумотлар юборилган. Ўрганиш якунига кўра 7 та ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган ҳамда 3 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
2024 йил 6 ой давомида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Ходимларининг малакасини ошириш марказида “Коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш” дастури бўйича 1 минг 611 нафар ходим ўқитилди.
Шуни ҳам маълумот сифатида айтиб ўтаман, вазирлик тизимида қонун бузилиши, коррупция ҳолатларига дуч келсангиз, веб сайтимиз орқали “онлайн маслаҳатчи”га ёзишингиз ёки 71 коди билан-203-01-21 ишонч рақамига телефон қилишингиз ҳам мумкин.
Расмий хабарлар
- Қўшилди: 24.07.2024
- Кўришлар: 1229
- Чоп этиш